Жамият | 13:57 / 15.03.2021
24737
2 дақиқада ўқилади

Хатирчи туманига янги ҳоким тайинланди

Бугун, 15 март куни халқ депутатлари Хатирчи тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Навоий вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, сессияда ташкилий масала кўрилди. 

Туман ҳокими Ғафур Алиев бошқа ишга ўтгани сабабли лавозимидан озод этилди. Сайфиддин Низомов Хатирчи тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Сайфиддин Низомов 1966 йилда Навоий вилояти, Нурота туманида туғилган. Маълумоти олий, 1990 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган, мутахассислиги - иқтисодчи.

У 2002-2005 йилларда Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 2005-2008 йилларда Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи, 2008-2009 йилларда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси бўлим бошлиғи, 2009-2015 йилларда Навоий вилоят ҳокимлиги Ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари бўлиб ишлаган.

2015-2016 йилларда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги институт директори, 2016-2017 йилларда Меҳнат вазирлиги тасарруфидаги ўқув маркази директори бўлган.

Тайинловга қадар С.Низомов Тошкент вилояти ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.                                                                                                               

Маълумот учун, Хатирчи тумани 1964 йилда ташкил топган. Аҳолиси – 196,9 минг киши. Туман қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Мавзуга оид