Ўзбекистон | 14:13 / 23.07.2021
14797
3 дақиқада ўқилади

Навоийда мактаблар ходимлари шанбаликка чақирилди. Бошқарма ҳолатга муносабат билдирди

Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Марат Шамуратов барча туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирларига 23-24 июль кунлари мактабларда шанбалик ўтказиб, ободонлаштириш ва тозалик ишларини ташкиллаштириш бўйича топшириқ берди.

Марат Шамуратов / Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Kun.uz манбасининг хабар беришича, ушбу топшириқ Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов Хатирчи туманидаги мактаблар аҳволини ўрганганидан сўнг, бошқарма бошлиғи томонидан берилган.

Kun.uz'га тақдим қилинган скриншотда бошқарма бошлиғи Марат Шамуратов Telegram тармоғи орқали ҳудуддаги барча халқ таълими бўлими мудирлари ва таълим муассасаси раҳбарларига вилоят ҳокими Қобул Турсунов томонидан Хатирчи туманидаги мактабларда олиб борилаётган ишлар қониқарсиз деб топилганини маълум қилган.

“Ўрганиш вақтида вилоят раҳбари томонидан таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар қониқарсиз деб топилиб, жуда катта ва ҳақли эътирозлар билдирилди. Хусусан, муассасалар ҳудудларида мол, қўй ва эчкилар оралаб юргани, мактабларда ҳамма нарса ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, мухтасар айтганда, ҳамма томошабинлиги айтиб ўтилди.

Шу муносабат билан сиздан барча таълим муассасаларида тозалик, ободонлаштириш ишларини олиб бориш, муассасаларнинг кириш қисмига “ҳамиша баҳор” гул кўчатларини экишингизни сўрайман.

Шунингдек, таълим муассасаларида 23-24 июль кунлари шанбалик кунлари сифатида муассасаларда ободонлаштириш ва тозалик ишларини ташкиллаштиришингиз сўралади”,  – дейилган бошқарма бошлиғининг топшириғида.

Ҳолатга Навоий вилояти ХТБ муносабат билдирди. Унда таъкидланишича, топшириқ айни пайтда меҳнат таътилида бўлмаган техник ходимларга тегишли бўлган.  
 
«Мазкур топшириқ айни пайтда меҳнат таътилида бўлмаган техник ходимларга тегишли. Манзилли дастурлар асосида ва жорий таъмирланаётган умумтаълим мактабларида директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари ва ёрдамчи техник штатлардаги ходимлар график асосида, навбат билан меҳнат таътилига чиқиши белгиланган. Иш жойида бўлган ҳамда меҳнат таътилидан қайтган техник ходимларни шанбаликка жалб этиш, мактабларга тегишли ҳудудларда тозалаш, ободонлаштириш ишларини ўтказиш назарда тутилган», — дейилади бошқарма муносабатида.

Kun.uz кеча, 22 июл дам олиш куни бўлишига қарамай, меҳнат вазири бош вазир йиғилишига чақирилгани, Касаба уюшмалари федерацияси раиси видеоселектор ўтказаётгани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид