Жаҳон | 08:46 / 24.03.2026
4395
2 дақиқада ўқилади

Колумбияда ҳарбий самолёт қулади

Ўнлаб кишилар ҳалок бўлган.

Daniel Ortiz / AFP via Getty Image

Колумбияда Lockheed C-130 Hercules русумли ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учради. У Миллий армия ҳарбий хизматчиларини ташиётган бўлган.

Мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари бошлиғи Карлос Фернандо Силва Руэданинг маълум қилишича, бортда 114 йўловчи ва экипажнинг 11 аъзоси бор эди.

У камида 48 киши омон қолгани, қолганларнинг тақдири ҳозирча номаълум эканини айтган. Қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда.

Колумбия президенти Густаво Петро эса X ижтимоий тармоғида шифохонага 77 киши олиб келингани, яна 43 киши ҳали топилмагани ҳақида ёзган.

Авиаҳалокат Колумбия жанубидаги Путумайо регионининг Пуэрто-Легисамо муниципалитетида рўй берган. Самолёт ҳавога кўтарилишидан кўп ўтмай, аэропортдан икки километр масофада қулаб тушган. Авария сабаблари ҳозирча номаълум.

Путумайо региони губернатори камида 34 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

AFP агентлиги эса ҳарбийлар орасидаги манбасига таяниб, қурбонлар сони 66 кишини ташкил этаётгани ҳақида хабар берган: уларнинг 58 нафари аскарлар, олти нафари ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбийлари ва икки нафари полициячилар бўлган.

Пуэрто-Легисамода Колумбия ҳарбий-денгиз флоти базаси жойлашган бўлиб, шу туфайли ҳарбий бўлинма воқеа жойига тезда етиб келишга ҳамда жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлган.

El Heraldo нашри қайд этишича, қулаб тушган самолёт Колумбияга АҚШ томонидан совға қилинган ва 2020 йилда мамлакатга олиб келинганди.
 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид