Ўзбекистон | 17:18 / 18.01.2020
10168
4 дақиқада ўқилади

Энергетика соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди 

Фото: KUN.UZ

Йил охиригача иссиқлик электр станцияларида 1177 мегаватт, гидроэлектр станцияларида 120 мегаватт қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 3500 мегаваттли буғ-газ қурилмалари, 400 мегаваттли шамол ва шунча қувватга эга қуёш электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.

Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими яхши самара бераяпти. Бу борадаги қамровга назар соладиган бўлсак, 2019 йил охиригача республика бўйича 2 528 770 дона истеъмолчиларга замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилган. Жорий йил якунигача яна 4 млн. 500 минг дона замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш кўзда тутилган. 

Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда дунёда атом энергетикаси энг оммалашган электр энергияси манбаларидан бири ҳисобланади. Дунёнинг 30 та мамлакатида 447 та атом электр станция (АЭС) энергоблоклари фаолият юритиб келмоқда. Фойдаланишдаги энергоблоклар сони бўйича АҚШ (96 та), Франция (58 та), Хитой (48 та), Япония (37 та), Россия (38 та), Жанубий Корея (24 та), Ҳиндистон (22 та), Канада (19 та), Украина (15 та), Буюк Британия (15 та) каби дунёнинг ривожланган мамлакатлари етакчилик қилмоқда. Фойдаланишдаги АЭСлар дунёда умумий ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 11 фоизини ташкил қилади. 

Маълумотларга кўра, 2030 йилга бориб мамлакатимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2 бараварга ошиб, талаб 117 млрд. кВт∙с ни ташкил этиши кутилмоқда. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, агар янги генерация манбалари фойдаланишга киритилмаса, мавжуд дефицит 2030 йилга бориб 48 млрд кВт∙с ни ташкил этиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, Республикада ҳар бирининг қуввати 1,2 ГВт дан бўлган 2 та энергоблоклардан иборат “3+” авлодли атом электр станциясини қуриш ва фойдаланиш белгиланди. 

Тадқиқотлар натижалари, муҳандислик-техника ва иқтисодий аҳамияти ҳамда мутахассиссилар, халқаро экспертлар хулосаларига асосланиб, АЭС қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Тузкон” кўли яқинидаги майдон танланди. 

Маълумот учун, Атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида кадрлар тайёрлаш Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ), “Росатом” давлат корпорацияси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилмоқда. 2019 йилнинг кузида Тошкентда “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университетининг филиали очилди. Ҳозирда ушбу университетда 145 нафар Ўзбекистонлик талабалар ва Тошкент шаҳридаги филиалида 100 нафар талабалар атом энергетикасининг асосий йўналишлари бўйича таҳсил олиб келмоқдалар.

Шунингдек, тадбирда энергия ресурсларини тўғри тақсимлаш, ундан тежамкорлик асосида ва самарали фойдаланиш иқтисодий барқарорликка эришишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Чунки энергия қувватларига ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида эҳтиёж сезамиз. Бугунги кунда мамлакатимиз энергетика соҳасига илғор замонавий тежамкор технологияларни жорий этиш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш сингари зарур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

Ўтган йили энг йирик лойиҳалардан бири Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қуриб битказилди, Навоий ва Тахиатош иссиқлик электр станциялари модернизация қилинди. Фарғона водийси вилоятларини электр энергиясига эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имкониятини яратадиган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси 900 мегаватт қувватга эга бўлди. Мазкур станцияда йилига 6 млрд 700 млн киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Умуман олганда, ўтган йили мамлакатимизда 6 та йирик лойиҳа доирасида жами 1076 мегаватт электр энергия қувватлари ишга туширилди. Таққослайдиган бўлсак, юртимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 2016 йилда 12,5 минг мегаваттни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 14 минг мегаваттга етганини кўришимиз мумкин.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова

Мавзуга оид