Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Экспресс-тестлар кимнинг “чўнтаги”? Чегарадаги мантиқсизлик бекор қилиниши керак
Ўзбекистонга ҳаво ва темир йўл орқали кириб келишда амал қиладиган коронавирусга ПЗР-тести “Ғишткўприк” чегара пунктида тан олинмаяпти. Бу ерда 100 минг сўм тўлаб, экспресс-тест топширмагунингизча, Ўзбекистонга ўтказишмайди. Kun.uz мухбири бир нечта чегара постларида бўлиб, вазиятни ўрганди. Натижа ҳаммани бирдек таажжублантирса ажаб эмас.
2021 йил 9–10 октябр кунлари хизмат сафари билан Қозоғистонда бўлдим. Мақсад: “Ғишткўприк” чегара божхона назорат пости (Қозоғистон–Ўзбекистон чегараси)да Ўзбекистонга кириб келаётган ҳар қандай кишидан Covid-19 экспресс-тести олинаётгани, бунинг учун 100 минг сўм ундирилаётгани, ПЗР-тест муддати ўтмаган бўлса-да, инобатга олинмаётгани ҳақида таҳририятга келиб тушган бир неча шикоятларни ўрганиш керак эди.
Келинг, барчасини бошидан бошлаймиз.
Сафар учун тадорик 2 кун аввал бошланди. Гарчи Ўзбекистон Қозоғистон фуқаролари учун қуруқликдан кириш имконини тақдим этган бўлса-да, ҳозирча Қозоғистон бунга нисбатан жавоб чорасини қўллашга шошилаётгани йўқ. Қўшни мамлакатга фақат ва фақат ҳаво йўли орқали кириб бориш мумкин. Шу боис Тошкент–Алмати–Чимкент йўналишида 1 млн 631 минг сўмга авиачипта харид қилиб, коронавирусга ПЗР-тест топширдим.
Алматига парвоз олдидан. Сохта ПЗР-тестлар “савдоси” ҳақида
Парвоз куни, 9 октябрда соат 10дан ўтганда Тошкент халқаро аэропортига етиб бордим. Аэропорт ҳудудида ташкил этилган ПЗР-тест топшириш марказида хизмат нархи 180 минг сўм бўлиб, натижаси 4 соатда чиқиши маълум бўлди. Тестни топширгач, жавоби чиққунига қадар фурсатдан фойдаланиб, сохта ПЗР-тест тайёрлаб берилаётгани ҳақидаги миш-мишларга ҳам аниқлик киритишга қарор қилдим. Лаборатория ходимидан шундай имконият бор-йўқлигини сўраганимда у ташқарида турганларга учрашишим кераклигини айтди.
Ташқарида барчадан ажралиб турган йигитдан ПЗР-тест қилиб бераётганлар ҳақида сўрагандим, у бир автомобилга йўллаб қўйди. 3 йигит ўтирган автомобилга кириб, масалани айтдим. Бир зумда тайёр қилинадиган ПЗР-тест сертификати 700 минг сўм туришини айтишди. Савдолашиб, 500 минг сўмга кўндирдим. Ҳеч қандай тиббий текширувларсиз 15 дақиқада тест жавобини қўлимга тутқазишди.
“Сал шустрий бўлиш керак”лиги, “акс ҳолда авиакомпания ходими “лох” қилиб, ўрнимга кимнидир учириб юбориши мумкинлиги”ни айтиб, беминнат маслаҳатларини беришни ҳам унутишмади.
Аэропорт эстакадасига мени қолдиришгач, сохта ПЗР-тест сертификатидаги QR-кодни текшириб кўрдим. Кодни сканерлаганимда менинг исм-фамилиям бириктирилган аллақандай телефон рақамнинг контакти келиб чиқди. Тушунишимча, “шоввозлар”нинг методи оддий: дуч келган хаёлий телефон рақамга менинг исм-фамилиямни бириктиришади ва бу контактни QR-кодга айлантиришади. Ҳосил бўлган QR-кодни сохта ПЗР-тест сертификатига туширишади. Натижада сертификатдаги кодни сканерлаган одам сертификатнинг расмий сайтдаги pdf вариантига эмас, менинг исм-фамилиям ёзилган аллақандай телефон рақамга дуч келади.
Фото: Kun.uz
Галдаги вазифа айни шу сертификат билан мени парвозга қўйишларини аниқлаш эди. Бу масалага ҳам саноқли сонияларда ойдинлик киритилди. Air Astana авиакомпаниясининг мени рўйхатга олган (check-in) ходими смартфони камерасидан фойдаланган ҳолда сохта ПЗР-тестни текшириб кўрар экан: “Пастдаги йигитлар ясаб беришдими?” деб сўради. Ҳа деб жавоб бердим. Буни қарангки, назоратчи ҳеч қандай чора кўрмай, мени ўтказиб юборди.
Шундай қилиб, божхона ва чегара постидан ўтиб олгач, Алмати томон парвоз қилдик. У ерда ишим осонроқ кечди – аэропортга кираверишдаги Қозоғистон “СЭС” ходимлари унчалик ҳам синчковлик қилишмади, сканер ҳам қилиб ўтиришмади. Албатта, уларга ПЗР сертификатнинг оригиналини тақдим этгандим.
Алматидан шу куннинг ўзида Чимкентга етиб бордим. Ўзбекистон билан мени атиги 120 км масофа ажратиб турибди...
Ниҳоят Ўзбекистон–Қозоғистон ўртасидаги чегарага етиб келдим ва Қозоғистон чегарасидан эсон-омон ўтиб олдим. Мени ўзимизнинг чегарачи ходим кутиб олди ва паспортимни кўриб, кейинги манзилга ўтказиб юборди.
Бир неча қадамдан сўнг, одамлар гавжум жойга етиб келдим. Сезишимча, бу ер айнан мен кўзлаган манзил эди. Бир қанча фуқаро “касса” деб ёзилган жойда навбатда турибди. Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролардан Covid-19'га таҳлил олиш учун алоҳида дарчалар ташкил этилган. Рўйхатхонада фуқаролар қайд қилинмоқда.
Дастлаб, шу жойдаги лаборатория раҳбари деб таништирилган кишига учрашдим ва унга масалани тушунтирдим. Қозоғистонга борганимга 1 кун бўлгани, ПЗР-тести сертификати борлиги ва унга 72 соат бўлмагани, шу сертификат нега тан олинмаслигини сўрадим. У Махсус комиссия йиғилишининг баёни борлиги, унда қуруқликдаги чегара постлари орқали кириб келаётган фуқаролар ПЗР-тести сертификатига эга бўлишларига қарамай, экспресс-тест топширишлари белгиланганини айтаркан, мени дарчага осилган варақдаги ёзувларни ўқишга ундади.
Дарчага осилган ҳужжат – Республика махсус комиссияси йиғилишининг 2021 йил 19 июлдаги 01-07/-234 сонли баёни эди. Унда нималар дейилган эди:
“Белгилансинки:
а) ташриф буюраётган шахсда ПЗР-тестнинг манфий натижаси бўлишидан қатъи назар, улардан мазкур баённинг 3-банди 1-хатбошисида назарда тутилган тартибда экспресс-тест олинади.
б) коронавирус инфекциясига экспресс-тест натижаси мусбат чиққанда:
чет эл фуқаролари (Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари бундан мустасно) ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасига киритилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари тегишли ҳудудда жойлашган коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади ёки уй шароитида даволанишга йўналтирилади”.
Шундан кейин рўйхатга олиш ва таҳлил олиш дарчаларида ҳам Қозоғистонга ўтганимга 1 кун бўлгани, ПЗР-тести сертификатига эса 48 соат бўлмагани ҳақида гапирдим. Ҳатто Moderna вакцинаси билан эмланганим ҳақида ҳам айтдим, сертификатимни кўрсатдим. Фойдаси бўлмади.
Чегара постига бориб, паспорт назоратидаги йигитларга кучини йўқотмаган ПЗР-тести сертификати борлигини билдирдим, улар эса экспресс-тест топшириш зарурлиги ёхуд санитария-эпидемиологик осойишталик назорати мудири муҳр билан рухсат берсагина, ўта олишим мумкинлигини таъкидлашдан нарига ўтмади.
Кассада ҳам бу “номерим” ўтмади. Хуллас, “тақдирга тан бериб”, 100 минг сўм тўлашга мажбур бўлдим. Ярим соатларда тест натижаси чиқишини айтишди.
Қўлимга тутқазилган тўлов чекидан бу хизматни “Тиббиёт дунёси” МЧЖ кўрсатаётганини англадим.
Бўш вақтдан фойдаланиб, атрофни ўрганишга киришдим. “Тиббиёт дунёси” клиникаси баннерига ҳам кўзим тушди.
Шу орада пункт ходими экспресс-тест жавобларини принтердан чиқариб келиб, исм-шарифларни эълон қила бошлади. Чегарани кесиб ўтган фуқаролар тезда натижани олиб чегара назорат пости томон йўл олишди. Мен шу ерда эътироз билдирдим, негаки, манба билан ишлаётган, шунча одам билан контактда бўлаётган ходимнинг ўзи ниқобсиз, қўлида бир маротабалик тиббий қўлқоп ҳам йўқ эди.
Мен ҳам исм-шарифи чиқмаган бошқалар қатори навбатимни кута бошладим. Бу орада кутиш жойи яна одамлар билан тўлди. 10 дақиқалар ўтгач, лаборатория ходими бу сафар юзида ниқоб билан чиқиб, тест натижаларини тарқата бошлади.
Менинг ҳам тест натижам берилди. Албатта, манфий чиқиши аниқ эди. Чунки биринчидан, манфий натижага эга ПЗР-тест олганимга энди бир кун бўлганди. Иккинчидан, коронавирусни юқтирган тақдиримда ҳам, у фаол босқичга ўтмагунча, 1 кун ичида аниқлаш имкони бўлмаслигини мутахассислар жуда яхши билишади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мулозимининг Kun.uz'га айтишича, экспресс-тест орқали коронавирусни аниқлаш имкони йўқ. Қолаверса, вируснинг 14 кунлик яширин даври ҳали илмий жиҳатдан инкор этилгани ҳам йўқ. Коронавирусни кеча, бугун ёки 1 ҳафта олдин юқтирган одам экспресс-тест топширган тақдирда ҳам натижа мусбат чиқмайди.
Қолаверса, биздаги маълумотларга кўра, ҳукумат раиси Абдулла Арипов президент раҳбарлигидаги йиғилишлардан бирида, мутахассислар экспресс-тест коронавирусни аниқлашда самарасиз деган тўхтамга келгани, шу боис Ариповнинг ўзи экспресс-тест олишга барҳам бериш бўйича кўрсатма берганини таъкидлаган.
Хуллас, Жибек Жолу-Ғишткўприк чегара божхона постидан салкам 1 соатда ўтиб олдим. Ўртача бир фуқаро чегарани кесиб ўтиш учун экспресс-тест топшириш билан 45 дақиқалар сарфламоқда.
Ғишткўприк чегара-божхона постида хизмат ўтаётган ходим кунига 750–800 киши мазкур пост орқали Ўзбекистонга кириб келаётганини айтди. Демак, уларнинг ҳар бири аслида самарасиз бўлган экспресс-тест учун 100 минг сўмдан тўлаётган бўлса, бу кунига 75–80 млн сўмни, бир ойда қарийб 2,5 млрд сўмни ташкил этади.
Бу тартиб бошқа чегара постларида йўқ
Хўш, “Ғишткўприк”даги сингари лаборатория барча қуруқликдаги чегара-божхона постларида ҳам борми?
Бу саволга ойдинлик киритиш мақсадида 14–16 октябр кунлари хизмат сафари билан қўшни Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларида ҳам бўлдим. Таассуротлар талайгина, бироқ уларнинг фақат мавзуга доир қисмига тўхталамиз.
Яна бир бор ПЗР-сертификат учун намуна олувчи пунктга бориб, сертификатни олдим ва Бекобод томон йўлга чиқдим. Мақсадим “Ойбек” чегара божхона пости орқали Тожикистонга ўтиб, бу сертификат Ўзбекистонга қайтишда амал қилиши ёки қилмаслигини аниқлаш эди.
Чегарадан ўтгач, Хўжандда тунаб, эртасига ортимга қайтдим. “Ойбек” постида экспресс-тест олиш учун махсус лаборатория қилинган, бироқ у нейтрал ҳудудда эмас, балки божхона назоратидан ўтгандан кейин ташкил этилган. Умуман олганда, ПЗР сертификатига эга кишилар, улар хоҳ Ўзбекистон, хоҳ Тожикистон ёки бошқа давлат фуқаролари бўлсин, қаршиликсиз ёхуд ортиқча оворагарчиликларсиз, қўшимча экспресс-тест топширмасдан, қўшимча харажат қилмасдан чегарани кесиб ўтмоқда.
“Ойбек” пости орқали Ўзбекистонга ўтиб, водий орқали қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига йўл олдим. “Дўстлик” чегара постидан ўтишда ҳам қўлимдаги ПЗР-тести сертификатидан фойдаландим.
Ўш шаҳрида тунагач, сертификат муддати тугашига 6 соат қолганда Ўзбекистонга кириб келдим. Бу ерда ҳам кўчма лаборатория ташкил этилган. Айримлар 130 минг сўм тўлаб, экспресс-тест топширмоқда. Чегара назоратига етмасдан, мени тиббиёт ходими кутиб олди ва сертификатим билан танишди ҳамда муддати ўтганини билдирди. 6 соат вақти борлигини айтганимдан сўнг, чегарадан қайтариб юборишлари мумкинлигидан огоҳлантирди. Мен, чегарачилар муддати ўтмаган сертификат билан мени қайтаришса, экспресс-тест топширишга тайёрлигимни билдирдим. Аммо чегарачи сертификатни кўриб, Ўзбекистонга киришимга рухсат берди.
Хулоса ўрнида
“Ғишткўприк” постида, ПЗР-тест сертификати бор-йўқлигидан қатъи назар, ҳар бир кишидан олинаётган 100 минг сўм, аниқки, кимларнингдир чўнтагини қаппайтирмоқда. Бу амалиётга имкон қадар тезроқ барҳам берилиши керак, чунки бу шундоғам пандемия даврида ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қийналган халқдан ортиқча пул ундиришдан бошқа нарса эмас.
Махсус комиссия эса бу масалага узил-кесил нуқта қўйиши зарур.
Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Шерзод Эгамбердиев.
Мавзуга оид
20:23 / 31.03.2026
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаевни қабул қилди
09:40 / 31.03.2026
Россия ва Қозоғистондан Ўзбекистонга кўчиб келиш кўпаймоқда
07:17 / 25.03.2026
Қозоғистонда илмий-фантастик услубдаги осмонўпар бино қурилиши бошланди
08:51 / 24.03.2026