Ўзбекистон | 13:11 / 20.07.2021
4128
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмаси мутасадди раҳбарлари устидан жиноий иш қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз туман юқумли касалликлар шифохонасида шарт-шароитлар, тозалик талаб даражасида эмаслиги, ҳудуднинг санитария ҳолати ёмон аҳволда экани ҳақида видео тарқалган. Ҳолат вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, туман тиббиёт бирлашмаси мутасадди раҳбарлари устидан жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, вилоят прокурори Э.Тожиевнинг топшириғига асосан, вилоят прокурори ўринбосари А.Мирзаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан видеода кўрсатилган ҳолатлар ўрганилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, Шаҳрисабз туман юқумли касалликлар шифохонасининг ошхона ва омборхонасида озиқ-овқат маҳсулотлари сақланиши, тайёрланиши, бинонинг аҳволи санитария талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси томонидан шифохона бош шифокори Б.Санаев, омбор мудири Ж.Раҳматов, диет ҳамшираси (ошхона бекаси) Л.Бадиева Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 53-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан 2021 йил 10 июнь куни туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси, 2-қисми «в» ва «г» бандлари билан жиноий иш қўзғатилган. Мазкур жиноий иш доирасида, юқумли касалликлар шифохонасида амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари назорат ўлчовидан ўтказилмоқда.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид