Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида фуқаро М.М. томонидан Шаҳрисабз туманидаги “Лолистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган хонадонида яширин цех ташкил этилгани аниқланди. У ерда қўлбола усулда истеъмолга мўлжалланган ёғ ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келгани фош этилди.
Кўрик вақтида жами 300 литр истеъмолга яроқсиз ёғ ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилган бошқа маҳсулот ва ашёлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 186–2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











