Жамият | 20:35 / 09.01.2023
15638
2 дақиқада ўқилади

Антик даврдан мерос – қадимий Эфес шаҳри харобаларидан фотожамланма

Туркиянинг жанубий соҳилларида жойлашган Эфес шаҳри харобалари – қадимги юнонлар ва римликлар меросини ўз ичига олган Кичик Осиёдаги энг йирик археологик ёдгорлик ҳисобланади. Обида ЮНEСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Антик даврда бу ерда қад ростлаган қадимги шаҳар Эгей денгизида савдо қилиш туфайли ривожланиб, бойиб кетган. Эфес турли даврларда хеттлар, лидияликлар, форслар, Македонский ва Рим империялари қўл остида бўлган. 5-6-асрларда Византия таркибидаги йирик шаҳарлардан бўлган.

Маълумотларга кўра, шаҳар 7-асрда содир бўлган зилзила натижасида вайронага айланади. Кейинчалик, кўрфаз суви пасайиб, денгиз суви шаҳардан 6 кмгача узоқлашади. Натижада аста-секин «ўлиб борган» Эфес бутунлай ҳувуллаб қолган.

Бу ерда қадимги дунёнинг етти мўъжизасидан бири Артемида ибодатхонаси, Селс кутубхонаси, Рим театри ва бошқа кўплаб меъморий иншоотлари бўлган. Сақланиб қолган биноларнинг асосий қисми тошдан барпо этилган.

Эфес харобалари Измирдан 1 соатлик масофада (60-70 км жануброқда) жойлашган. Мавсум эмаслигига қарамай, қишда ҳам бу обидаларни кўриш учун кўплаб сайёҳлар ташриф буюради. Туркияда бўлиб қайтган Kun.uz мухбири қадимий шаҳардан фотожамланма тақдим қилади.

Суратлар муаллифи – Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид