Жаҳон | 16:54 / 08.07.2025
3588
4 дақиқада ўқилади

БМТ Бош Ассамблеяси «Толибон» сиёсатини кескин қораловчи резолюцияни маъқуллади

Резолюция «Толибон» ҳаракатининг қизларни таълим олиш имкониятини, нодавлат ташкилотлар фаолияти, аёлларнинг эркин ҳаракатланиши ва бошқаларни чеклаб қўяётган сиёсатини кескин қоралайди.

Фото: UN Photo

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан Афғонистондаги вазиятга оид резолюцияни маъқуллади, унда бу давлатни бошқараётган радикал «Толибон» ҳаракати кескин танқид қилинган. Овоз бериш жараёни 7 июл куни бўлиб ўтди, деб хабар берди Amu.tv.

«Толибон»ни қораловчи ҳужжатни 116 давлат қўллаб-қувватлаган, Бош Ассамблеянинг фақат икки аъзоси, жумладан АҚШ унга қарши овоз берган. Қайд этилишича, Осиё минтақасида нуфузга эга кўплаб давлатлар бетараф қолган. Хусусан, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Эрон ҳам худди шундай позицияни эгаллаган. Нашр шу тариқа «асосий ўйинчилар геосиёсий эҳтиёткорлик кўрсатди», деб таърифлади.

Резолюция Германия, Ирландия ва Швеция томонидан тақдим этилган. Унда БМТ Хавфсизлик Кенгаши, ташкилот Бош котиби директиваларидан олинган хулосалар, шунингдек, Афғонистон бўйича БМТ махсус маърузачисининг баҳолари ўрин олган. Ҳужжат муаллифлари моҳиятан «Толибон» ҳаракатининг қизларни таълим олиш имкониятини, нодавлат ташкилотлар фаолияти, аёлларнинг эркин ҳаракатланиши ва ҳоказоларни чеклаб қўяётган сиёсатини кескин қоралайди. Ҳокимиятнинг бундай ҳаракатлари «шафқатсиз, кенг тарқалган ва тизимли» сифатида тавсифланган.

Шу муносабат билан БМТ «Толибон»дан аёлларга зулм қилиш сиёсатини тўхтатишни талаб қилди, чунки «уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки мамлакат тинчлиги, тараққиёти ва барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга».

Шу билан бирга, резолюция халқаро молиявий донорларни Афғонистонга тез ва эркин ёрдам кўрсатишга чақиради, чунки миллионлаб фуқаролар, айниқса аёллар ва болалар жуда муҳтож аҳволда қолган.

Мутахассислар, шунингдек, «Толибон» томонидан ОАВ ходимлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан цензура ва зўравонликни қоралаб, Кобулни сўз эркинлиги ва ахборот олиш кафолатларига риоя қилишга чақирган. Шу билан бирга, БМТ ноқонуний ҳибсга олишлар ва суддан ташқари, ўзбошимча қатлларга алоқадор шахсларни жазолашни, шунингдек, халқаро гуманитар хизматлар ва дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлашни талаб қилди.

Бундан ташқари, ҳужжатда Афғонистон ҳукуматига тинч аҳоли ва этник озчилик жамоаларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли режани қабул қилиш бўйича мурожаат ҳам ўрин олган.

Бош Ассамблея мамлакатда «Исломий давлат», «Ал-Қоида» каби бир қатор террористик гуруҳлар ва бошқа экстремистлар мавжудлигидан хавотир билдирди.

Қарор муаллифлари метамфетамин ва афюн ишлаб чиқаришнинг ўсишига ҳам эътибор қаратишган. Бунда таркибида наркотик моддалар бўлган экинларни етиштиришни қатъий тақиқлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини ўзгартириш шартлиги кўрсатилган.

Ҳужжатда таъкидланганидек, Афғонистоннинг барқарор келажаги барча ижтимоий гуруҳларни ифодалашга қодир бўлган инклюзив ҳукумат шаклланишига боғлиқ. Шу боис БМТ «Толибон»ни ички мулоқотни тиклашга ва радикал ҳаракатга кирмайдиган бошқа сиёсий кучлар вакиллари ва алоҳида фуқароларнинг мамлакатни бошқаришдаги иштирокини кенгайтиришга чақирган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид