Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шенген зонага кириб-чиқишда паспортга муҳр босиш тўхтатилади
Европага тез-тез борувчиларнинг паспортидаги саҳифалар тежаладиган бўлди: Шенген зона қисқа муддатга келиб кетувчиларнинг паспортларига кириш ва чиқиш вақтида муҳр босиш амалиётини тўхтатмоқда. Бунинг ўрнига янги электрон тизим жорий этилади.
Фото: Canva
Европалик бўлмаганлар, жумладан ўзбекистонликлар ҳам тез орада Шенген зонага кириш пайтида айрим ўзгаришларга дуч келишади.
Европа Иттифоқи 2025 йил 12 октябрдан эътиборан Entry/Exit System (“Кириш-чиқиш тизими”) номли янги тартибни йўлга қўймоқда. Бу тартиб 2026 йил 10 апрелгача шенген зонага кириб-чиқувчи барча нуқталарни қамраб олади.
Янги тизим кириш ва чиқиш вақтида сайёҳнинг паспортига муҳр қўйишни бекор қилади. Барча маълумотлар, хусусан кириш-чиқиш саналари ҳам электрон тизимда сақланади.
Бунинг учун чет элликлар шенген зонага биринчи марта кираётган (ёки янги тизим ишга тушганидан кейин шенген зонадан биринчи марта чиқаётган) вақтда янги тизимга уларнинг биометрик маълумотлари киритилади: юзи суратга туширилиб, бармоқ изи олинади.
Суратга тушиш ва бармоқ излари топшириш учун мустақил равишда автомат-киосклардан фойдаланиш ёки анъанавий тарзда паспорт-назорат ходимига мурожаат қилиш мумкин.
Рўйхатдан ўтаётган шахслар ўз саёҳати ҳақидаги саволларга жавоб беришга, масалан шенген зонада бўлган пайти қаерда яшашига аниқлик киритишга ва уни ҳужжатлар асосида тасдиқлаб беришга тайёр бўлиши керак.
Янги тартиб электрон бўлгани учун, 90/180 қоидаси (180 кун ичида кўпи билан 90 кун қолиш)га риоя этилиши бўйича назоратни кучайтиради. Яъни Шенген зонада рухсат берилганидан ортиқча вақт қолиб кетганларнинг қоидабузарлигини ҳеч ким сезмай қолиши эҳтимоли деярли нолга тенг бўлади.
Қайд этиш лозим, янги тартиб визалар масаласида ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Виза олиши талаб этиладиган шахслар бундан кейин ҳам шенген зонага виза олган ҳолда боришлари ва белгиланган барча қоидаларга риоя этишлари зарур.
Мавзуга оид
14:19 / 22.12.2025
Германия 2025 йилда оилани бирлаштириш бўйича 100 мингдан ортиқ виза берди
14:29 / 20.12.2025
Россия Европанинг 11 мамлакати билан ҳарбий шартномаларни бекор қилмоқда
17:34 / 18.12.2025
Мисрда ўзбекистонликларнинг ушланиши билан боғлиқ ҳолатлар ошди
23:37 / 17.12.2025