Ўзбекистон | 23:16 / 24.04.2026
5944
2 дақиқада ўқилади

4 ойдан сўнг: Саида Мирзиёева Ургутнинг чекка қишлоғидаги янгидан қурилган поликлиникада бўлди

2025 йил 18 декабр кунги ташрифда деярли ташландиқ ҳолатда бўлган «Навоий» оилавий поликлиникаси орадан 4 ой ўтиб бутунлай янги қиёфа касб этган. Янгидан қурилган бинода қўшимча ўқув курсларида малака ошириб қайтган тиббиёт ходимлари яхшиланган шароитларда меҳнат қилмоқда. 

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд вилоятига сафари давомида Ургут туманида ҳам бўлиб, фермерлар оиласи – Ҳайдаровлар хонадонида меҳмон бўлди.

Шунингдек, Саида Мирзиёева президент топшириғига кўра тубдан қайта қурилган “Навоий” оилавий поликлиникасига ҳам борди.

«Бу ердаги 16 та қишлоқнинг аёлларига хизмат кўрсатаётган туғруқ бўлими энг замонавий талабларга жавоб беради. Куни кеча ушбу даргоҳда биринчи чақалоқ – Шавкатжон дунёга келди. Мен буни бошлаган барча ишларимизнинг хайрли эканига бир ишора, деб билдим.

Она-болага мустаҳкам соғлик тилаймиз. Янги меҳмоннинг толеи баланд бўлсин!» деб ёзди Саида Мирзиёева.

Қайд этилишича, Ургутда тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича чора – тадбирлар давом эттирилмоқда.

Жумладан, йил якунига қадар 23 та объектни реконструкция қилиш ва 770 нафар мутахассисни қайта тайёрлаш режалаштирилган. Бу аҳоли учун тиббий хизматларнинг қулайлиги ва сифатини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Маълумот учун, мазкур муассаса 13 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Поликлиника зарур ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, у ерда 4 нафар мутахассис фаолият юритмоқда. Бу ерда сифатли бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 18 декабр куни Саида Мирзиёева мазкур «Навоий» поликлиникасида бўлиб, муассаса биноси капитал таъмирга, янги стандартлар жорий этиш ва тиббий хизматлар сифатини оширишга муҳтож эканини айтганди.

Ўшанба Саида Мирзиёева соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида баҳолаб бўлмаслигини, бундай ҳолатлар реал вазиятни жойида кўриш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлашини билдирганди

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид