Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонунни имзолади
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси президенти “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган.
Инвестициялар ва инвестиция фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
ошкоралик ва очиқлик;
инвестиция фаолиятини амалга ошириш эркинлиги;
адолатлилик ва инвестиция фаолияти субъектларининг тенглиги;
инвесторларга нисбатан камситишга йўл қўймаслик;
инвесторларнинг виждонлилиги презумпцияси.
Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий принциплари инвестиция қилиш ва инвестиция фаолиятини амалга ошириш жараёнининг барча босқичларида қўлланилади.
Инвестициялар мўлжалланган объектига кўра капитал, молиявий ва ижтимоий турларга бўлинади.
Асосий фондларни яратиш ва такрор кўпайтиришга, шу жумладан янги қурилишга, модернизация қилишга, реконструкция қилишга, техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга, шунингдек моддий ишлаб чиқаришнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар капитал инвестициялар жумласига киради.
Акциялар, корпоратив, инфратузилмавий ва давлат облигацияларига, шунингдек қимматли қоғозларнинг бошқа турларига киритиладиган инвестициялар молиявий инвестициялар жумласига киради.
Инсон салоҳиятини, кўникмаларини ва ишлаб чиқариш тажрибасини ривожлантиришга, шунингдек номоддий бойликларнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар ижтимоий инвестициялар жумласига киради.
Инвестицияларни амалга ошириш шакллари қуйидагилардан иборат:
юридик шахсларни ташкил этиш ёки уларнинг устав фондларида (устав капиталларида) улушли тарзда, шу жумладан мол-мулк ва акциялар (улушлар) сотиб олиш йўли билан иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғозларни, жумладан қарз мажбуриятларини олиш;
концессияларни олиш, шу жумладан табиий ресурсларни қидириш, ўзлаштириш, қазиб олиш ёки улардан фойдаланишга доир концессияларни олиш, шунингдек маҳсулот тақсимотига оид битимларда иштирок этиш;
мулк ҳуқуқини, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқини, муаллифлик ҳуқуқларини, патентлар, товар белгилари, фойдали моделлар, саноат намуналари, фирма номлари ва ноу-хау, ишчанлик обрўсини (гудвиллни), шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларига бўлган мулк ҳуқуқини улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда олиш;
ер участкаларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан ижара асосида эгалик қилиш ва фойдаланиш) ҳамда бошқа табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқини олиш.
Инвесторлар қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда ҳам инвестицияларни амалга ошириши мумкин.
Инвестиция фаолияти инвестициялар киритишнинг турли шаклларини бирлаштириш воситасида амалга оширилиши мумкин.
Инвестицияларнинг бирламчи ёки такроран киритиладиган шакллари ўзгартирилиши уларнинг инвестиция сифатидаги даражаси ўзгаришига олиб келмайди.
Инвестиция ресурслари жумласига қуйидагилар киради:
пул маблағлари (шу жумладан чет эл валютаси) ва бошқа молиявий маблағлар, шу жумладан кредитлар, пайлар, улушлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар;
кўчар ва кўчмас мол-мулк (бинолар, иншоотлар, ускуналар, машиналар ва бошқа моддий қимматликлар) ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар;
интеллектуал мулк объектлари, шу жумладан у ёки бу турдаги ишлаб чиқариш турини ташкил этиш учун зарур бўлган, техник ҳужжатлар, кўникмалар ва ишлаб чиқариш тажрибаси тарзида расмийлаштирилган, патентланган ёки патентланмаган (ноу-хау) техник, технологик, тижоратга оид ва бошқа билимлар;
ер участкаларига ва бошқа табиий ресурсларга эгалик қилиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек мулк ҳуқуқларидан келиб чиқувчи бошқа ашёвий ҳуқуқлар.
Инвестор:
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган инвестиция фаолиятини эркин амалга оширишга, инвестиция қилишни амалга ошириш ҳажмларини, турларини, шаклларини, соҳасини ва йўналишларини мустақил равишда белгилашга;
инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузишга;
ўз инвестицияларига ва инвестиция фаолияти натижаларига эгалик қилишга, улардан фойдаланишга ҳамда уларни тасарруф этишга, шунингдек инвестиция фаолияти натижаларини сотишга ва олиб чиқишга;
инвестиция фаолияти натижасида олинган даромадларни солиқлар, йиғимлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлар тўланганидан сўнг мустақил ва эркин тарзда тасарруф этишга;
ўзи қабул қилган барча турдаги мажбуриятларнинг, шу жумладан қарз маблағларини жалб этишга қаратилган мажбуриятларнинг таъминоти сифатида ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк ва ҳар қандай мулкий ҳуқуқлардан фойдаланишга;
ўз инвестициялари ва бошқа активлари реквизиция (экспроприация) қилинган тақдирда муносиб компенсация олишга;
кредитлар ва қарзлар тарзидаги пул маблағларини жалб этишга;
давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари натижасида етказилган зарарлар учун товон олишга ҳақли.
Инвестор:
солиқлар ва тўловларни тўлаши;
инвестиция қилиш муносабати билан ўзи қабул қилган шартнома мажбуриятларини бажариши;
қонун ҳужжатлари талабларига, шу жумладан рақобат тўғрисидаги, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги, инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисидаги, меҳнат тўғрисидаги, шаҳарсозлик тўғрисидаги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига, шунингдек техника хавфсизлигига, санитария нормалари ва қоидаларига риоя этиши;
шартнома шартларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги сабабли инвестиция фаолияти иштирокчисига етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаши;
ваколатли давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколатлари доирасида қўйиладиган талабларини бажариши шарт.
Мавзуга оид
10:20 / 26.12.2025
2026 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун қабул қилинди
15:32 / 24.12.2025
«Трейдерлик катта соҳа, ножоиз инструментлар ҳам бор»: акциялар бозори ҳақида эксперт билан суҳбат
09:21 / 23.12.2025
Ишончли бошқарувчилар активларини баҳолаш ҳар чоракда амалга оширилади
10:10 / 22.12.2025