Жаҳон | 16:34 / 15.10.2025
2353
8 дақиқада ўқилади

Мадагаскарда давлат тўнтариши, АҚШда дронларга қарши робот ва Хитойни айблаган Германия – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳамас–Исроил сулҳи

Ҳамас сешанба куни Исроилга яна бир гуруҳ гаровдагиларнинг жасадларини топширди. Бу воқеа АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазо урушини тугатиш режасини эълон қилганидан бери қайд этилган биринчи ижобий силжишлардан бири сифатида баҳоланди. Ҳамас ҳозиргача жами 8 та тобутни топширди, камида 19 киши ўлик, яна бири бедарак деб ҳисобланмоқда.

Жасадлар топширилгач, Исроил ёрдам сифатида Ғазога киришга рухсат этиладиган ҳуманитар юк машиналари сонини ярмига камайтиришини билдирди. Тел-Авив бу қарорни Ҳамаснинг «ўтган ҳафта тузилган сулҳ келишувига биноан жасадларни топшириш бўйича мажбуриятни бузгани» билан изоҳлади.

Трампнинг тинчлик режасига доир истиқбол эса янада қоронғилашди: президент Ҳамас қуролсизланмаса, АҚШ ҳарбий зарбалар уюштиришини айтди.

«Агар улар қуролсизланмаса, биз уларни қуролсизлантирамиз. Бу тез ва эҳтимол зўравон тарзда содир бўлади», - деди Трамп Оқ уйда.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу эса уруш Ҳамас қуролларини топшириб, Ғазо устидан назоратдан воз кечмагунча тугамайди, деган позициясини такрорлади.

Исроил армияси сешанба куни Халқаро Қизил Хоч орқали Ғазо шимолидаги алмашув пунктида 4 тобутни қабул қилиб олганини билдирди. Тобутлар Исроил аскарлари кузатувида чегара орқали олиб ўтилди ва экспертизага жўнатилди. Ҳамас ҳам бу жараённи тасдиқлади.

Исроил расмийлари айтишича, Ҳамас жасадларни вақтида топширмагани учун чоршанбадан бошлаб Ғазога кирадиган ёрдам машиналари сони икки бараварга камайтирилади ва Миср билан жанубий чегара ўтиш жойини очиш режаси кечиктирилади.

Reutersʼнинг ёзишича, Исроил дрон зарбалари натижасида Ғазо шаҳри шарқидаги маҳаллаларда 5 фаластинлик ҳалок бўлган, яна бир киши Хон-Юнус яқинида ҳаво ҳужумида ўлдирилган. Ҳамас Исроилни сулҳни бузганликда айблади. Исроил армияси эса «сулҳ чизиғини кесиб ўтиб, огоҳлантиришга қарамай яқинлашган» кишиларга ўт очганини билдирди.

Бу орада қайта сафарбар қилинган Ҳамас аъзолари Ғазода назоратни қайта тиклашаётганини намойиш қилди — улар юзлаб хавфсизлик кучларини кўчаларга жойлаштириб, сектор ҳудудида тинчликни таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Ҳамас манбалари Reutersʼга берган изоҳида «энди Ғазода тартибни бузувчиларга — хоинлар, қуролли талончилар ва гиёҳванд савдогарларига тоқат қилинмаслигини» айтди.

Трамп Ҳамас Ғазода айрим жиноий тўдаларга қарши кураш олиб боргани ҳақидаги иддаоларга ҳам тўхталди.

«Дастлаб улар бир нечта жуда ёмон тўдаларни йўқ қилишлари керак эди. Улар буни қилди – кўп бандитларни ўлдирди. Ростини айтсам, бу мени унча ташвишлантирмайди. Бу муаммо эмас», - деди АҚШ президенти.

АҚШда дронларга қарши жанговар робот

Американинг Epirus ва General Dynamics Land Systems компаниялари замонавий жанг майдонида дронлар таҳдидига қарши курашиш учун мўлжалланган янги автоном робот тизимини намойиш этди.

Янги платформа Epirusʼнинг микротўлқинли тизимини – роботнинг пилотсиз шассиси билан бирлаштиради. Натижада учувчисиз учоқларнинг бутун тўдасини аниқ зарарсизлантиришга қодир бўлган мобил, автоном аксилдрон тизими юзага келади. У кўриладиган зарарни минималлаштиради.

Тизим ўта кучли микротўлқинли комлексга асосланган бўлиб, электрон нишонларни фойдаланишдан чиқариш ёки йўқ қилиш учун йўналтирилган электромагнит импулслардан фойдаланади. У бир вақтнинг ўзида бир нечта дронларни нишонга олиш қобилиятига эга.

Ракеталар ёки артиллерияга таянадиган анъанавий ҳаво мудофаа тизимларидан фарқли ўлароқ, Leonidas душман дронларининг электроникасини ёки микротўлқинли энергия импулслари билан аниқ бошқариладиган ўқ-дориларини бир зумда бостиради. Тизимнинг дастурий таъминот билан белгиланган архитектураси операторга маълум миссиялар учун частоталар ва қувватни созлаш, ўз кучлари билан адашиб кетмаслик учун «хавфсиз ҳудудлар» яратиш имконини беради. Тизим янгиланишлари майдонни тарк этмасдан масофадан ўрнатилиши мумкин.

Мадагаскарда президент ағдарилди

Мадагаскарда деярли уч ҳафта давом этган оммавий норозилик намойишларидан сўнг ҳокимият алмашди. Президент Андри Радзуэлин мамлакатдан қочиб кетди, ҳарбийлар эса мамлакатга раҳбарликни ўз қўлига олишини эълон қилди.

«Биз ҳокимиятни қўлга олдик», - дея эълон қилди 14 октябр куни тушдан кейин CAPSAT элита ҳарбий бўлинмаси раҳбари, полковник Майкл Рандрианирина. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар давлат ҳокимиятининг аксарият институтлари, жумладан, сенат, конституциявий суд ва сайлов комиссияси фаолиятини тўхтатмоқда.

Президент Андри Радзуэлиннинг ўзи душанба куни мамлакатни тарк этди, у буни ўз ҳаёти хавф остида қолгани билан изоҳлаган. У миллатга мурожаатида «хавфсиз жойда» эканини айтди ва «Мадагаскарнинг йўқ қилинишига йўл қўймаслиги»ни таъкидлади. У ҳозир қаерда экани аниқ эмас. Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Радзуэлин Франция президенти Эммануэл Макроннинг розилиги билан Франция ҳарбий самолётида мамлакатдан олиб чиқилган.

Мадагаскар – Франциянинг собиқ мустамлакаси ҳисобланади, орол 1960 йилда мустақилликка эришган. Макрон Мадагаскардаги воқеаларга изоҳ бераркан, конституциявий тартибни сақлаб қолиш зарурлигини айтди ва «Франция ёшларнинг норозилигини тушунса-да», ҳарбийлар ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга уринмаслиги кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга, Париждагилар вазиятга бевосита аралашиш ниятида эмасликларини билдирди.

Мадагаскарда норозилик намойишлари 25 сентябр куни бошланганди. Дастлаб намойишчилар сурункали электр энергияси ва сув танқислигидан норозилик билдирганди, бироқ тез орада уларнинг талаблари сиёсий талабларга – ҳукумат ва президентнинг истеъфосига ўзгарди. Мадагаскар дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлиб, у ердаги турмуш даражаси ҳатто Африка қитъасидаги аксарият мамлакатлардан ҳам паст.

Германия Хитойни халқаро тартибни бузишда айблади

Берлиндаги Япон-Германия марказида чиқиш қилган Германия ташқи ишлар вазири Йоҳан Вадефул Хитойни халқаро ҳуқуқ тартибини бузишда айблади.

«Хитой ва Россия халқаро ҳуқуққа асосланган халқаро тартибни қайта ёзишга ҳаракат қилмоқда», - деди у. Вадефул фикрича, Пекин қўшни давлатларга нисбатан тобора тажовузкор сиёсат юритмоқда ва Москванинг тарафдоридир.

Хитой ҳукуматлари ўзларини кўп томонлама ёндашув ва кўп томонлама институтларни ҳимоя қилувчи сифатида тавсифловчи нарратив тарқатмоқда. Бироқ амалда Пекин Жанубий Хитой денгизидаги денгиз ҳуқуқини инкор этмоқда ва ўзининг гегемон интилишларини оқлаш учун ҳам Россиянинг Украинага қарши агрессиясини қўллаб-қувватламоқда, деди Германия ТИВ раҳбари.

Япония атрофидаги сув ҳудудларида Хитой иштирокининг кескин ўсиши ҳамда Тайван бўғози кесишидаги таранглик «нафақат Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги хавфсизликка таҳдид солади, балки қоида-асосланган бутун халқаро тартибни ҳам заифлаштиради», - дея қайд этди немис вазири. Шунингдек, Пекин Россия ҳарбий машинасининг ишлашини қўллаб-қувватлаяпти, деди у.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид