Ўзбекистон | 22:54 / 08.08.2025
5011
5 дақиқада ўқилади

Абитуриентларга «супер» имконият, мажбурий рўйхатга олинадиган ҳайвонлар ва сохта табиблардан огоҳлик – маҳаллий дайжест

Энди «бешталик»даги олийгоҳга киролмаган абитуриентга олтинчи имконият берилади, аккредитациядан ўтмаган олийгоҳ талабаларининг ўқиши бошқасига кўчирилади, Соғлиқни сақлаш вазирлиги сохта табиблардан огоҳлантирди, Марғилонда ёш болани босиб, ҳодиса жойидан кетиб қолган ҳайдовчига ҳукм ўқилди – 8 августнинг шу ва бошқа муҳим хабарлари билан Kun.uzʼнинг маҳаллий янгиликлар дайжестида таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент ишга жойлашишни ҳисоблашдаги камчиликларни танқид қилди

Шавкат Мирзиёев раислигида олийгоҳлар битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича йиғилиш ўтказилди. Давлат раҳбари ишга жойлашишни ҳисоб-китоб қилишдаги камчиликларни танқид қилди. Бу йилги 231 минг нафар битирувчидан 125 минг нафари иш топгани ҳақида ҳисобот берилган, аммо аслида 42 минг нафари ўзини ўзи банд қилгани аниқланган.

Ҳар бир талабани олийгоҳда ўқитиб, мутахассис қилиб тайёрлаш учун давлат йилига 25-30 миллион сўм сарфламоқда. Лекин тўрт йил ўқиб, диплом олган ёшларнинг ярмидан кўпи кам малака талаб этадиган ишларда банд.

Президент «тармоқ-корхона-олийгоҳ» занжирини йўлга қўйишни жадаллаштириш зарурлигини айтди.

Энди «бешталик»даги олийгоҳга киролмаган абитуриентга олтинчи имконият берилади

Президент Шавкат Мирзиёев абитуриентларни ўқишга қабул қилишга оид яна бир ташаббусни илгари сурди.

«Биз абитуриентларга 5 та олийгоҳни танлаш имконини бердик. Бу – олий таълимда катта сакраш десак адолатдан бўлади. Буни янада кенгайтирамиз», деди давлат раҳбари.

Энди абитуриентлар 5 та олийгоҳдан бирортасига киролмаган бўлса, лекин тўплаган балли бошқа олийгоҳдаги тўлмаган йўналишга тўғри келса, шу олийгоҳ ректори уларни контракт асосида қабул қилиши мумкин бўлади.

Аккредитациядан ўтмаган ОТМ талабаларининг ўқиши кўчирилади

Ҳукумат қарори билан аккредитациядан ўтмаган ва белгиланган муддатларда аниқланган камчиликларни бартараф этмаган олий таълим муассасаларининг фаолиятини тугатиш (лицензиясини бекор қилиш) юзасидан тартиблар белгиланди.

Жумладан, фаолиятини тугатиш, лицензиясини бекор қилиш ва таълим дастурини ёпи‍ш бўйича қарор қабул қилинган таълим ташкилотлари талаба ва ўқувчиларининг ўқишини давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг мос ва турдош таълим йўналишлари, касб ва мутахассисликларига белгиланган тартибда кўчириш чоралари кўрилади.

Ҳайвонларни мажбурий рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун 1 йилдан кейин кучга киради

«Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонун билан жисмоний ва юридик шахсларга ўз қарамоғидаги барча ҳайвонларни рўйхатдан ўтказиш мажбурияти юкланди. Ушбу қонун бир йилдан сўнг, 2026 йил 7 август куни кучга киради.

Рўйхатдан ўтказиш билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Идентификация маркази шуғулланади, у рўйхатга олинган ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва реал вақт режимида ахборот алмашинувини таъминлаш бўйича электрон тизимнинг ишлаши учун ҳам жавобгардир. Ҳайвонларни идентификация қилиш учун ёрлиқлар ёки чиплардан фойдаланилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) сохта табиблардан огоҳлантирди

ССВ асосан оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқаролар «ғайритабиий қобилиятларга эгалиги»ни иддао қилаётган шахсларга алданиб қолаётганини қайд этган.

Таъкидланишича, сўнгги пайтларда тегишли ҳуқуққа эга бўлмасдан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш билан шуғулланаётган ҳамда бу орқали инсонлар соғлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётган сохта табиблар сони кўпайиб боряпти.

ССВ сохта табиблар қўллаётган муолажа усуллари далилларга асосланган тиббиётнинг даволаш услубларига кирмаслигини билдирди.

Марғилонда ёш болани босиб, ҳодиса жойидан кетиб қолган ҳайдовчига ҳукм ўқилди

Марғилон шаҳрида кўп қаватли уй олдида ўйнаб ўтирган 2,5 яшар болани машинасида босиб, ҳодиса жойидан кетиб қолган 55 ёшли аёл жиноий жазога тортилди.

Аёл судда болани кўрмай қолганини, ҳатто босиб ўтганда йиғлаган овозини эшитмаганини айтган. Боланинг отаси эса фарзанди оёққа турган бўлса-да, аҳволи тўла-тўкис яхши эмаслигини билдирган.

Суд аёлга 2 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Шунингдек, боланинг отасига 2 млн 350 минг сўм моддий ва 25 млн сўм миқдорда маънавий зарар ундиришни белгилаган.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид