Ўзбекистон | 21:57
1009
5 дақиқада ўқилади

Йирик супермаркетларга огоҳлантириш ва суди бошланаётган «Credit House» – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ижтимоий хизматлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилади

Президент қарори билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатиш тизими йўлга қўйилиб, хизматлардан фойдаланишга оид барча тартиб-таомиллар тўлиқ электрон шаклда амалга оширилиши белгиланди.

Қарор доирасида 2025 йилда Андижон шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида йўлга қўйилган Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти тажрибаси асосида 2026–2027 йиллар давомида босқичма-босқич 20 та ҳудудий марказ ишга туширилиши белгиланган. Жумладан, Андижон шаҳри ва Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги марказлар тажрибаси асос қилиб олинади.

Ижтимоий хизматлардан имтиёзли шартларда фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар ҳудудий марказлар хизматларидан “Инсон” марказларининг йўлланмаси асосида фойдаланади.

Йирик супермаркет тармоқлари асоссиз нарх оширмаслик ҳақида огоҳлантирилди

Рақобат қўмитаси янги йил арафасида талаб кескин ошиши мумкин бўлган ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш зарурлиги юзасидан йирик чакана савдо тармоқларига кўрсатмалар юборди.

Уларга таъминотчи корхоналар томонидан нархларни ўзгартириш, логистика харажатлари ошиши ва нарх кўтарилишига олиб келиши мумкин бўлган бошқа омиллар тўғрисида қўмитани тезкор хабардор қилиб бориш талаби қўйилган.

Шунингдек, чакана савдо тармоқлари таъминотчиларни асоссиз равишда нархларни оширишга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантириб бориши, нарх шаклланишида шубҳали ҳолатлар кузатилганда тегишли чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидланган.

Давлат фуқаролик хизматчилари йилда камида бир марта тиббий кўрикдан ўтади

Давлат фуқаролик хизматчиларини профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжатга кўра, давлат фуқаролик хизматчилари йилда камида бир марта тиббий кўрикдан ўтиши белгиланган ҳамда тартиб 2026 йил 1 январдан кучга кириши кўзда тутилган.

Низомга кўра, ходимлар ўзи бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида профилактик ва скрининг дастурлари асосида тиббий кўрикдан ўтказилади. Кўрик оилавий шифокорлар ва тор соҳа мутахассислари томонидан амалга оширилади.

Тиббий кўрик кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмлари доирасида бепул ўтказилади. Кафолатланган пакетга кирмайдиган хизматлар эса белгиланган тартибда пулли асосда кўрсатилиши мумкин.

2026 йилдан божхона йиғимлари камаяди ва имтиёзлар жорий этилади

Президент фармони билан божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини соддалаштириш чоралари белгиланди. Хусусан, 2026 йилдан олдиндан ва даврий декларациялашда божхона тўловларини амалга ошириш тартиби енгиллаштирилади.

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан товарларни улар чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштиришда божхона йиғими миқдори 20 фоизга пасайтирилади.

Божхона тўловларини бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобланмайди. Шунингдек, 2026 йил 1 майдан товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади.

«Credit House» иши бўйича суд бошланмоқда

Тошкентда осон шартлар билан уй олиб беришни ваъда қилган «Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» билан боғлиқ жиноят иши юзасидан суд мажлиси 25 декабр кунига белгиланди. Жабрланувчиларнинг умумий сони 1766 нафарни ташкил этган.

Иш доирасида 9 киши Жиноят кодексининг 168-моддаси (уюшган гуруҳ томонидан жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 170-моддаси (мулкий зарар етказиш), 177-моддаси (жуда кўп миқдорда валюта қимматликларининг қонунга хилоф муомаласи), 178-моддаси (чет эл валютасини яшириш), 184-моддаси (жуда кўп миқдордаги солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва бошқа моддалари бўйича айбланмоқда.

Жиноят оқибатида жабрланувчиларга етказилган зарарнинг аниқ миқдори ҳозирча маълум эмас. Kun.uz манбалари умумий зарарни 1 триллион сўмдан ортиқ қийматга баҳолаган.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид