Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йўллардаги юзлаб камераларнинг интернетда очиқ қолдирилиши ва ўзбек сўмида сигарета тутатган хорижликлар – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Биринчи АЭС лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди
23 декабр куни Жиззах вилояти, Фориш тумани, Боғдон аҳоли пунктида Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳасининг АМТБ материаллари бўйича жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.
Тадбирда Фориш ва қўшни туманлар аҳолиси, 30 дан ортиқ ташкилот вакиллари, маҳаллий ҳокимият органлари, илмий ҳамжамият, экологик ташкилотлар, журналистлар, ядро энергетикаси мутахассислари ҳамда хорижий экспертлар иштирок этди.
Очиқ мунозарада аҳолидан 60 дан ортиқ савол ва таклиф келиб тушди. Асосий масалалар радиациявий хавфсизлик кафолатлари, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалигига таъсири, янги иш ўринлари, ижтимоий-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда маҳаллий аҳоли учун компенсация чоралари бўлган.
Ўзбекистон йўлларидаги юзлаб камералар интернетда очиқ қолдирилгани маълум бўлди
Киберхавфсизлик нуқсони туфайли Ўзбекистондаги йўл ҳодисалари, инсонлар юзи ва автомобил рақамларини кузатиш тизимининг юзлаб камералари интернетда очиқ қолдирилган. Тизим Хитой компаниясига тегишли бўлган ва ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан бошқарилгани айтилмоқда. TechCrunch нашри киберхавфсизлик тадқиқотчилари ИИВ, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Киберхавфсизлик марказига огоҳлантириш юборган, лекин масъуллар жавоб бермаган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг давлат рақамларини кузатиш тизими интернетда паролсиз очиқ бўлган ва бу исталган одамга ундаги маълумотларга кириш имконини берган. Тизим қанчадан бери очиқ бўлгани номаълум, бироқ маълумотлар базаси 2024 йил сентябрда яратилган ва йўл ҳаракатини мониторинг қилиш 2025 йил ўрталарида бошланганини кўрсатмоқда.
Тошкент метросида тўловни кафтдаги «томир изи» билан амалга ошириш имконияти яратилди
Тошкент метрополитенида йўл ҳақини кафт орқали тўлаш тизими ишга туширилди. Янги тизимга кўра, метрога кириш учун энди транспорт картаси ёки смартфон талаб этилмайди — йўловчи кафтдаги томир чизиқлари бўйича биометрик идентификациядан ўтиб, тўловни амалга оширади.
Маълум қилинишича, айни пайтда инновацион тизим 49 та бекатда ўрнатилган. Ундан ҳар куни ўртача 20–25 минг нафар йўловчи фойдаланмоқда. Қайд этилишича, тизимдан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиш жараёни 5 дақиқа атрофида вақт олади.
Мутахассислар фикрига кўра, ушбу технология бекатлардаги навбатларни сезиларли қисқартириш ва йўловчиларнинг вақтини тежашга хизмат қилади.
Хорижликлар ўзбек сўмини ёқиб, оловида сигарета тутатди
Ижтимоий тармоқларда хорижликлар ўзбек сўмни ёққани акс этган видео тарқалди. Уни «Кичик Се» номли аккаунт эгаси Хитойнинг WeChat тармоғи саҳифасида жойлаштирган.
Kun.uz манбаси маълум қилишича, видеодагилар Сирдарё вилоятидаги корхонанинг хитойлик ишчилари ҳисобланади. Улар 2 минг сўм қийматдаги Ўзбекистон миллий валютасини оловга тутиб турган. Сўнгра унинг оловига сигарета тутатган ва кулган.
Бу ҳаракат Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Ўзбекистонликлар кибержиноятлардан 1 трлн 890 млрд сўм зарар кўрди
Ўзбекистонда кибержиноятлар сони ошиб бормоқда. Қайд этилишича, 2021-2025 йилларда республикада ушбу турдаги жиноятлар сони 10 бараварга (4865 тадан 62440 тага) кўпайган. Бунинг оқибатида фуқароларга 3 трлн 730 млрд сўм зарар етказилди. Шундан 1 трлн 890 млрд сўм қисми жорий йил 11 ойи ҳиссасига тўғри келади.
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ 2 424 та жиноят аниқланган. Жиноий йўл билан топилган 76 млрд сўм миқдоридаги маблағларнинг крипто шаклида республика ҳудуддан олиб чиқиб кетилиши олди олинган.
Кибермаконда жамоат тартибига таҳдид солувчи, шахснинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишини тарғиб қилиб келиш билан боғлиқ 3843 та интернет ресурси блокланган, 1508 та фирибгарликка ундовчи зарарли ҳаволалар фаолиятига чек қўйилган.
Мавзуга оид
21:57 / 23.12.2025
Йирик супермаркетларга огоҳлантириш ва суди бошланаётган «Credit House» – маҳаллий дайжест
23:40 / 22.12.2025
Бюджет ҳисобидан янги йил базмига тақиқ ва Андижонда қулаган бозор растаси – маҳаллий дайжест
14:32 / 20.12.2025
Ғазодаги бошпанага ҳужум қилган Исроил, Россия танкерини сафдан чиқарган Украина ва ИШИД объектларига зарба берган АҚШ – кун дайжести
20:59 / 19.12.2025