Саноат ва қишлоқ хўжалигидаги ишлар ҳажми бўйича ортда қолаётган ҳудудлар маълум қилинди
Ўзбекистонда йилнинг биринчи ярмида ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилган лойиҳалар прогнозга нисбатан 2,5 баробар кўп бўлди (ёки 5 минг 246 та лойиҳа амалга оширилган).
Президент раҳбарлигидаги йиғилишда 2021 йилнинг биринчи ярми натижалари асосида, йил охирига қадар ҳудудлар ва тармоқларда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича чоралар муҳокама қилинди.
Ҳисобот даврида мамлакатда жами 53 минг янги кичик тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, ўтган йилга нисбатан 14 фоизга ошган.
Шу билан бирга, янги ташкил этилган корхоналар сони Сурхондарё, Андижон, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида камайгани қайд этилган.
Бош вазир ўринбосарлари, ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари 9 ойда ва йил якуни бўйича прогноз кўрсаткичларини таъминлаш учун қандай чоралар кўриши юзасидан аниқ-аниқ ҳисобот бериши маълум қилинган.
«Биринчидан, иккинчи ярим йилликда йирик тармоқ саноат корхоналарида 86 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаш зарур.
Жумладан, «Ўзбекнефтгаз» 9 ой якуни билан 25,4 миллиард куб метр ва йил охиригача – 34,1 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқаришни таъминласин.
«Ўзавтосаноат» инвестиция дастурига асосан 11та лойиҳа доирасида жами 153 миллион долларлик маблағларни ўзлаштириш, маҳсулот таннархини 925 миллиард сўмга ёки 2,6 фоизга пасайтириш, экспорт ҳажмини йил якунига қадар 385 миллион долларга етказиш ёки 1,7 баробарга ошириш чораларини кўрсин.
Йил охиригача Тошкент, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида 6 та иссиқлик ҳамда Навоий ва Самарқандда 2та қуёш электр станцияларини фойдаланишга топшириш ҳисобига генерация қувватларини 1 минг 800 мегаваттга ошириши, йил якуни билан 72,4 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш зарур.
Иккинчидан, жорий йилнинг иккинчи ярмида ҳудудларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 142 триллион сўмга етказиш лозим.
Шунингдек, жорий йил иккинчи ярим йилликда кичик ва ўрта ҳудудий саноат корхоналарида 82 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлашга вилоят ҳокимлари шахсан жавоб беради.
Учинчидан, сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича 30дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Ўтган йили 101 минг гектар, жорий йил биринчи ярим йилликда эса 190 минг гектар қўшимча ер майдонлари ўзлаштирилди.
Сўнгги 3 йилда қишлоқ хўжалигига 1,5 триллион сўм субсидия ажратилди.
Қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида кластер тизими жорий қилиниб (жами 650 та кластер), уларга жорий йилнинг ўзида 6 триллион сўмдан зиёд кредитлар берилди.
Лекин, жорий йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ҳажми Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятида ўтган йилги даражада сақланиб қолган», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
21:06 / 04.11.2024
2025 йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлиши қатъий белгиланди
18:32 / 04.11.2024
Тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади
07:35 / 02.11.2024
Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раисининг ўринбосарини қабул қилди
17:13 / 01.11.2024