Жаҳон | 12:36 / 12.07.2020
88749
3 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгдан АҚШга қочган вирусолог коронавирус ҳақидаги “ҳақиқат”ни сўзлаб берди  

Ҳонгконгни тарк этган ва Хитой ҳукуматидан АҚШда яширинаётган вирусолог аёл Ли Мэн Янь расмий Пекин коронавирус ҳақидаги маълумотларни узоқ вақт яширганини маълум қилди.  

Фото: Fox News

Олима Fox News телеканалига берган интервьюсида дунёга коронавирус ҳақида “ҳақиқат”ни ошкор қилиш учун АҚШга қочиб кетганини маълум қилган. Олима олдиндан қочиш режасини тузиб, АҚШга 28 апрелда учиб кетган. Яннинг айтишича, у АҚШга жўнаб кетаётганда қамоққа олиниши ёки “йўқ қилиб юборилиши” мумкинлигини тўлиқ англаган. 

Яннинг айтишича, у 2019 йил охирида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг референт лабораториясида ишлаган илмий раҳбаридан коронавирус келтириб чиқарувчи касалликка ўхшаш ноодатий касаллик ҳолатларини ўрганиш топшириғини олган. Унинг Хитойдаги касалликлар назорати ва профилактикаси марказидаги дўсти коронавирусга чалинганлар билан шахсан ишлаган ва декабрда инфекция одамдан одамга юқишини биринчи бўлиб аниқлаган. Бироқ шундан кўп ўтмай Хитойда вирусни очиқча муҳокама қилган мутахассислар бирдан жимиб қолган.  Аёлнинг таъкидлашича, шифокорлар ва олимлар бу ҳақида оғиз очмаслик ҳақида буйруқ олган ва вирусни муҳокама қилишдан тўхтаган. Вирусологнинг айтишича, бу ахборотнинг яширилишидан дарак беради. 

“Шифокорлар “Бу ҳақида гапира олмаймиз, бироқ ниқоб тақиб юришимиз лозим”, деб айтишган”, дея таъкидламоқда олима.  

Бундан ташқари, вирусолог фаолият олиб борган Ҳонгконг университети собиқ ходимаси ҳақидаги саҳифани ўз сайтидан ўчириб ташлаган. Хитой элчихонасида “бундай одам ҳақида ҳеч нарса эшитишмагани” таъкидлаб ўтилган ва у тақдим қилган барча маълумотлар рад этилган.

Яннинг таъкидлашича, Пекин ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вируснинг одамдан одамга юқишини анча кеч тан олган. Бу орада Хитой ва ЖССТ бундай айбловларни рад этмоқда ва январда барча давлатлар вируснинг одамдан одамга юқиши ҳақида огоҳлантирилганини таъкидламоқда. ЖССТда таъкидланишича, олима ҳеч қачон бевосита ташкилот учун ишламаган. 

Май ойида Associated Press ахборот агентлиги АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги ҳужжатларига асосланиб, Пекин касалларни даволаш учун зарур дори-дармонни ғамлаб олиш учун эпидемияни атайлаб яширганини маълум қилган. Таъкидланишича, Хитой гўёки буни экспорт чекловлари борлигини рад этган ва савдо ҳақидаги маълумотларни беришни кечиктирган ҳолда яширишга ҳаракат қилган.

Мавзуга оид