Ўзбекистон | 21:48 / 16.06.2020
22576
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Covid-19 аломатларсиз ўтаётган беморларни уй шароитида даволашга ўтилиши мумкин

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 16 июнь кунги видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.

«Вируснинг енгил шакллари аниқланган ёки касаллик аломатларсиз ўтаётган фуқароларни уй шароитида тиббий назоратда ушлаш ва даволаш амалиётини йўлга қўйишимиз керак», – деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча тузалган беморларни 14 кунлик реабилитацияга кузатиш амалиёти тўхтатилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги изоҳига кўра, тажриба бу амалиётга зарурат йўқлигини кўрсатган.

«Тўлиқ даволанишдан кейин, вирус организмдан батамом чиқиб кетганидан сўнг 14 кунлик реабилитация амалиёти фақат Ўзбекистонда эҳтиёт чораси сифатида қўлланди, холос. Ҳатто дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам нафақат бу амалиёт, балки коронавирусга чалинганлар ҳам фақат оғир ҳолатлардагина шифохонага ётқизилади, қолган пайт керакли дори-дармонлар тавсия қилиниб, уйда даволаниш буюрилади», – деган ССВ матбуот котиби Фурқат Санаев.

Расмийларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган бир бемор даволаниши учун 32,3 млн сўм сарфланмоқда, аҳволи оғирлашиб сунъий нафас олдириш аппаратига уланганлар учун 64,4 млн, реабилитацияга чиқарилганлар учун 2,8 млн, карантинга олинганлар учун 2,2 млн сўмдан ажратилган.

Мавзуга оид