Ўзбекистон | 21:25 / 09.12.2024
30762
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда метан заправкалар фаолиятига чекловлар киритилади

Энергетика вазирлиги ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши туфайли газ заправкалар фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилишини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги об-ҳаво кескин совиган кунларда аҳолини узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлаш юзасидан кўрилаётган зарур чоралар тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда республика ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келиши натижасида энергия ресурсларига бўлган талаб сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бугунги кунда аҳолининг табиий газ кунлик истеъмоли ўтган ҳафтадагига нисбатан 20 фоиз, электр энергияси истеъмоли эса 15 фоиз ортган.

Вазирликка кўра, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ошиб, республика газ транспорт тизими объектлари максимал қувватларда ишлашига, шу жумладан, газни ерости сақлаш омборларидан режалаштирилган максимал кунлик газ олинишига ва тармоққа узатилишига қарамай, қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда.

«Биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини (тиббиёт, мактаб, мактабгача таълим, олий таълим муассасалари ва бошқалар) табиий газ билан таъминлаш устувор вазифамиз эканлигини инобатга олиб, ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ишлаб чиқилган режа-графикларга мувофиқ, истеъмол юқори бўлган айрим ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ заправкалар) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилиши режалаштирилмоқда», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, бу бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари расмий ахборот манбаларида тегишли тартибда маълумот бериб борилиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, вазирлик ёнилғи қуйиш, газ тўлдириш ҳамда электр қувватлаш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот бериб бориш мақсадида ишлаб чиқилган «Авто24» иловаси ёрдамида шохобчалар фаолияти билан боғлиқ барча маълумотларни онлайн режимда кузатиш мумкинлигини эслатиб ўтди.

Мавзуга оид