Иқтисодиёт | 15:20 / 21.01.2026
6562
2 дақиқада ўқилади

“Сайёҳлар Ўзбекистонга 700-900 долларга учиб келяпти” — тадбиркор

Ўзбекистонга учиб келаётган хорижлик сайёҳлар авиачипта учун 900 долларгача тўлашига тўғри келяпти, дея маълум қилди туризм соҳасидаги тадбиркор ҳукумат вакиллари билан очиқ мулоқотда. У Грузияни мисол қилиб келтирди: чет элликлар шанба-якшанба кунлари бу мамлакатга бориб келиш учун 50-100 долларга авиачипта олишлари мумкин.

Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлар, ҳукумат вакиллари ва элчилар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда туризм соҳаси ҳақида ҳам сўз борди.

Тадбиркорлардан бири хорижий сайёҳлар оқимини ошириш учун қатор таклифларни илгари сурди.

Маданий объектлар чипталари қиммат

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда туристлар учун музейлар ва маданий мерос объектларига кириш чипталари нархи йилдан йилга ошяпти.

Битта сайёҳ 10-12 та туристик объектга кирганда, жами бўлиб 130-150 доллар пул тўлаяпти. Европада ҳозир аҳвол унчалик яхшимас, туристлар камайиб қолган. Буёқда эса билетлар қиммат”.

Авиачипталар қиммат

Тадбиркор Ўзбекистонга авиачипталар қимматлиги, хорижлик сайёҳлар олдида эса бошқа арзонроқ муқобил вариантлар борлигини айтди.

Бизга лоукостерлар учмайди. Сайёҳлар 700, 800, 900 долларга учиб келади. Масалан, Грузияга ўхшаб, шанба-якшанба кунлари 50-100 долларга келиб-кетадиган чипталар йўқ-да”.

ҚҚСни қайтариш

Туризм соҳаси вакили турфирмалар учун ҚҚСдан енгиллик беришни сўради.

Эски масала. Товарларни экспорт қиладиганларга ҚҚСни қайтариб берасизлар. Хизматларни экспорт қиладиганларга эса ҚҚС қайтарилмайди. Масалан, ўша маданий мерос объектларига чипталар 150 доллар дедик-а, ўша нархни бизга ҚҚСсиз чиқариб беради, биз унинг устига ҚҚС тўлашимиз керак”.

Фестиваллар санаси мавҳум

Тадбиркор турли маданий фестиваллар санаси етарлича олдиндан аниқ бўлмаслигини билдирди.

Ўзбекистонда туристлар учун кўп фестиваллар ўтказилади, лекин уларнинг санаси аниқ бўлмайди. Фақат қайси ойда ўтказилиши айтилади. Туристлар эса саёҳатини 1–1,5 йил олдин режалаштиради. Фестивалларнинг саналарини 1 йил олдин бизга беришса, биз кўпроқ туристларни олиб келишимиз мумкин”.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев кўтарилган масалаларни ёзиб олгани ва кўриб чиқилишини айтди, масъул вазирлик ва идораларга топшириқ берди.

Мавзуга оид