Жаҳон | 19:45 / 07.11.2025
8446
2 дақиқада ўқилади

СИ умидларни оқламади: компаниялар ишдан бўшатилган ходимларни қайтармоқда

Тадқиқотда ташкилотларнинг қарийб 95 фоизи сунъий интеллектни жорий этишдан ҳали сезиларли молиявий фойда олгани йўқлиги таъкидланмоқда.

Фото: TechSpot

Сунъий интеллект (СИ) атрофидаги шов-шув таъсирида ходимларини қисқартирган кўплаб компаниялар энди собиқ ходимларини қайта ишга олмоқда. Visier таҳлилий компаниясининг тадқиқотига кўра, иш берувчига қайтадиган ходимлар улуши ортиб бормоқда - бу автоматлаштириш технологиялари ҳали кутилган миқёсда одамлар ўрнини босолмаётгани белгисидир.

Visier бутун дунё бўйлаб 142 та компаниянинг 2,4 миллион ишчиси ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилди. Ишдан бўшатилганларнинг қарийб 5,3 фоизи кейинчалик аввалги иш жойига қайтди ва бу кўрсаткич бир неча йил ичида биринчи марта ўса бошлади.

Visier бош таҳлилчиси Андреа Дерлернинг таъкидлашича, кўплаб ташкилотлар учун сунъий интеллект «ишдан бўшатиш учун қулай баҳонага айланган», аммо кутилганидек самарали восита эмас. Унинг сўзларига кўра, компаниялар сунъий интеллект чекловлари ҳақиқатига дуч келмоқда: СИ вазифаларнинг фақат бир қисмини бажаради ва инсон аралашувисиз янги тизимлар самарасиз бўлади.

Массачусетс технология институти маълумотларига кўра, ташкилотларнинг қарийб 95 фоизи сунъий интеллектни жорий этишдан ҳали сезиларли молиявий фойда олмаган. Interactive Brokers брокерлик фирмаси эксперти Стив Сосникнинг қўшимча қилишича, технологияларга жорий инвестициялар «энг оқилона тарзда сарфланмаслиги мумкин».

Бундан ташқари, сунъий интеллектни амалга ошириш харажатлари - сервер ускуналаридан тортиб хавфсизлик тизимларигача - кўпинча прогнозлардан ошиб кетади. Шу фонда компаниялар автоматлаштиришнинг афзалликларини қайта кўриб чиқмоқда.

Ҳатто ишдан бўшатиш каби стандарт тежамкорлик чоралари ҳам кўпинча кутилганидан қимматроққа тушади. Orgvue ходимларни таҳлил қилиш ва режалаштириш платформасига кўра, компаниялар тўловлар, суғурта ва билвосита харажатларни ҳисобга олган ҳолда тежалаётган ҳар бир долларга тахминан 1,27 доллар сарфлаяпти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид