Ўзбекистон | 14:12 / 24.07.2020
27761
2 дақиқада ўқилади

«Вирус блокатор организмга ҳаво-томчи йўллари ва тери орқали вирусларни кириб келишидан тўлиқ ҳимоя қила олмайди» – эксперт

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Одилованинг таъкидлашича, вирус блокаторлар организмга ҳаво-томчи йўллари ва тери орқали вирусларни кириб келишидан тўлиқ ҳимоя қила олмайди. Қолаверса, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмаса, блокаторлар ҳеч қандай фойда бермайди.

Фото: ТАСС

«Дарҳақиқат, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ҳам, аҳоли орасида ҳам вируслардан ҳимоя килиш хусусиятига эга блокаторлар одамлар орасида кенг тарқалаётгани ва уларнинг ножўя таъсирлари борлиги ҳақида маълумотлар кўпайиб кетди.

Мана шундай блокаторларни таққан одамнинг атрофидаги атмосфера ҳавосини тозалашга ёрдам беради ва бу инсонга ёт жинсларнинг, яъни бактерия ва микробларнинг келишидан ҳимоя қилади. Лекин организмга ҳаво-томчи йўллари ва тери орқали вирусларни кириб келишидан тўлиқ ҳимоя қила олмайди.

Шу сабабли агар биз блокаторларга ишониб оддий санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмасак, яъни жамоат жойларида ниқобларни тақмасак, қўлқоплардан фойдаланмасак, аҳоли билан кўплаб мулоқотларда бўлсак, уларнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун жамоат жойларида ниқоб ва қўлқоп тақиш, тез тез қўлни совунлаш ювиш самаралироқ ҳисобланади», дея Барно Одилованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мутахассис блокаторларнинг сифати талабга жавоб бермаслиги, ижтимоий тармоқларда тарқалган, ишлаб чиқарувчилар аҳолини алдаётгани иддао қилинган видеога муносабат билдирмаган.

Аввалроқ АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов дорихоналарда сотилаётган коронавирусдан ҳимоя қиладиган вирус блокаторларнинг ҳақиқатан инсон атрофида тозаликни таъминлашга қодирлигини далилловчи бирор асосланган илмий асосга таянмаганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид