Албатта, спорт билан шуғулланишнинг инсон саломатлиги учун муҳим омил эканлиги кўпчиликка маълум. Аммо ҳамма ҳам соғлом овқатланиш қоидалари, жумладан, истеъмолдаги маҳсулотларимиз таркибида учраб турадиган трансёғлар зарари, шакар ва тузнинг кунлик миқдори борасида етарлича маълумотга эга эмас.

Биз бугунги пандемия шароитида айниқса долзарб аҳамият касб этаётган соғлом овқатланиш қоидалари борасида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова билан суҳбат уюштирдик.

— Бугун Ўзбекистонда кўплаб инсонлар ортиқча вазндан ёки у туфайли келиб чиқадиган касалликлардан қийналишади. Хўш, ортиқча вазнга нималар сабаб бўлиши мумкин?

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, 2012 йилдаги 56 миллион ўлимнинг 38 миллиони (68 фоиз) юқумли бўлмаган касалликлар оқибатида келиб чиққан.

Асосий юқумли бўлмаган касалликларга юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, саратон ва сурункали нафас олиш касалликлари киради. Мазкур касалликларнинг асосий хавф омиллари – бу носоғлом овқатланиш, овқатланиш тартиби ва меъёрларига риоя этмаслик, паст даражадаги жисмоний фаоллик, тамаки ва алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Бу хавф омилларини келтириб чиқарувчи асосий салбий омиллар паст жисмоний фаоллик негизида кундалик овқатланишда ҳайвон ёғлари ва гидрогенлашган носоғлом ёғлар (трансёғлар)нинг истеъмоли, мева ва сабзавотлар ўрнига юқори энергетик қувватга эга таркибида ёғ, туз, қанд миқдори кўп бўлган озиқ-овқат моддалари билан алмаштирилиши ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳар йили барча ўлим ҳолатларининг 78 фоизи юқумли бўлмаган касалликлар туфайли юз бермоқда. Айниқса, 30-69 ёшдаги эрта ўлим сабаблари структурасида биринчи ўринни қон айланиш тизими касалликлари, шу жумладан юрак ишемик касаллиги, артериал гипертония ва унинг асоратлари (миокард инфаркти, инсульт ва б.) эгаллайди.

Аҳолининг учдан икки қисми мева ва сабзавотларни етарлича (кунлик 400 грамм) истеъмол қилмаган ҳолда, ўртача истеъмол қилинаётган туз миқдори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган меъёрлардан 3 баробар ортиқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда 2019 йилда ўтказилган STEPS-2 маълумотларига кўра:

аҳолининг 50,1 фоизида ортиқча вазн ва 20 фоизида семизлик аниқланган. Бу кўрсаткичлар аёлларда эркакларга нисбатан юқори бўлиб, тегишлигича 52,7 ва 25,4 фоизни ташкил қилади;