Ўзбекистон | 22:30 / 26.05.2020
14159
7 дақиқада ўқилади

Хорижлик инвесторлар учун кўзда тутилган имтиёзлар энди маҳаллий хусусий сармоядорлар учун ҳам жорий қилинади

Президент йиғилишида лойиҳаларни амалга оширишда мезонлар белгилаб берилди. Маълум қилинишича, бюджетдан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари кўриб чиқилиб, харажатлар оптималлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси президенти раислигида 26 май куни инвестиция масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Инвестиция дастурининг жорий йил январь-апрель ойларидаги ижроси таҳлил қилиниб, прогноз кўрсаткичларини сўзсиз бажариш, жумладан, йирик ишлаб чиқариш қувватлари, ижтимоий ва инфратузилма объектларини фойдаланишга топшириш чора-тадбирлари муҳокама этилди.

2020 йилги Инвестиция дастурига 3 мингдан ортиқ лойиҳа киритилган бўлиб, уларни амалга ошириш учун 235 триллион сўмлик инвестициялар, жумладан, 7 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган.

Қарийб бир ойдан кейин биринчи ярим йиллик тугайди. Бугунги мураккаб даврда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларнинг дастлабки натижалари юзага чиқади.

Шу боис давлат раҳбари тез вақтларда натижа берадиган, айниқса, янги иш ўринлари яратадиган ва иқтисодий ўсишни таъминлайдиган лойиҳалар бўйича ишлаш кераклигини таъкидлади.

Аввало, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари масаласига эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида 38та, Тошкент вилоятида 89та, Хоразм вилоятида 41та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари орқада қолаётгани кўрсатиб ўтилди.

Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлигига Инқирозга қарши жамғармадан молиялаштириладиган объектларда қурилишни жадаллаштириш вазифаси қўйилди.

25 май куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш тўғрисида президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2та мис-бойитиш фабрикаси ва металлургия комплексларини барпо этиш орқали мис ва олтин ишлаб чиқариш ҳажми 3 бараварга оширилиб, мис 400 минг тонна, олтин 50 тонна ва кумуш 270 тоннагача етказилади.

«Заргарсаноат» ва «Элтехсаноат» каби тармоқлар бундан фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажми ва иш ўринларини кўпайтириши зарурлиги қайд этилди.

Маълумки, жорий йилги вазиятни инобатга олиб, кечиктириш мумкин бўлган қурилишлар учун ажратилган 450 миллиард сўм Инвестиция дастуридан чиқарилган эди. Бу маблағнинг 150 миллиард сўми 40 минг гектар ерни ўзлаштириб, 80 мингта доимий иш ўрни яратишга йўналтирилди.

Йиғилишда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари бюджетдан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини яна бир бор кўриб чиқиб, харажатларини оптималлаштириши зарурлиги таъкидланди.

«Ҳар бир лойиҳани амалга оширишдан олдин ушбу объект ҳудуд ривожига ҳамоҳангми, бундан аҳолига наф борми, қанча одам иш билан таъминланади, деган саволларга жавоб топиш шарт», деди Шавкат Мирзиёев.

Бош вазир ўринбосарларига келгуси йил учун Инвестиция дастурига биринчи навбатда янги иш ўринлари яратадиган ва камбағалликни камайтиришга ёрдам берадиган лойиҳаларни киритиш мезонларини жорий этиш топширилди. 

Объект қиймати, лойиҳаларнинг сифати ва уларнинг келгусидаги натижадорлиги кўп жиҳатдан лойиҳа ҳужжатларига боғлиқ. Уларнинг аксарияти халқаро талабларга жавоб бермайди, хориждан жалб қилинган компаниялар ва мутахассислар бу лойиҳалар асосида ишлай олмайди.

Шу боис халқаро стандартларни тезроқ адаптация қилиш шартлиги таъкидланди. Келгуси йилдан бошлаб, бюджет маблағлари ҳисобидан йирик объектларни лойиҳалашдан тортиб, уларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар халқаро стандартлар асосида амалга оширилиши белгиланди. Шунингдек, лойиҳалашга маблағ ажратиш бўйича қўйилган чекловлар бекор қилинади.

Қурилиш вазирлигига лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қуриш, экспертизадан ўтказиш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш юзасидан топшириқлар берилди. Бунда лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик ва буюртмачиларнинг техник назорат бўйича масъулияти ва жавобгарлиги ҳам аниқ белгиланади.

Йиғилишда тўғридан тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар ҳам атрофлича таҳлил қилинди.

Жорий йилда ўзлаштирилаётган тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг 34 фоизи нефть-газ, энергетика, тоғ-кон ва металлургия тармоқлари ҳамда 52 фоизи ҳудудий лойиҳаларга тегишли. Шу билан бирга, электротехника, кимё ва озиқ-овқат саноатида бундай инвестицияларни бир неча баравар ошириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига «ўсиш нуқтаси» бўла оладиган ахборот технологиялари, заргарлик, кимё, электр техникаси, олий таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларига фаол инвестициялар жалб қилиш бўйича алоҳида ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.

Умуман, тўғридан тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича ёндашувларни ўзгартириш, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш лозимлиги таъкидланди.  

Бугунгача фақат чет эл инвесторлари учун кўзда тутилган имтиёзлар энди маҳаллий хусусий инвесторлар учун ҳам жорий қилинади. Мисол учун, хусусий инвестор ўз ҳисобидан 25 миллион доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳа бошласа, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари бюджет ҳисобидан қуриб берилади.

Йиғилишда пандемия сабабли ўзлаштирилмай қолиши эҳтимоли бўлган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар соҳалар ва ҳудудлар кесимида кўриб чиқилди. Бундай лойиҳаларнинг истиқболини ўрганиб, муддатларини кечиктириш ёки ўрнига янгиларини киритиш мумкинлиги қайд этилди.

Халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобига амалга ошириладиган 98та лойиҳа бўйича маблағларни ўзлаштириш даражаси танқид қилинди. Вазирликларга муаммоларни тез орада бартараф этиб, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Инвестиция дастури доирасида жорий йилда 206та йирик лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Улардан 39тасида муддатдан кечикиш хавфи бор. Бу лойиҳаларнинг асосий қисми энергетика, тўқимачилик, электр техникаси, транспорт тармоқлари ҳамда Навоий, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.

Президент бу лойиҳалар натижасида минглаб иш ўринлари яратилиши, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари лойиҳалар фойдаланишга топширилгандан кейин ҳам уларнинг тақдири билан қизиқиб, муаммолари бўлса ҳал этиб боришга масъуллиги таъкидланди.

Йиғилишда аҳоли даромадини оширишга қаратилган кичик лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Масалан, Андижонда мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик йўналишидаги 7та кластер билан 9 мингдан зиёд аҳоли ўртасида касаначилик усулида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича 40 миллион долларлик лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ушбу тажриба асосида бошқа аҳоли зич ҳудудларда ҳам шундай тизим қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Саноати ривожланмаган Томди туманида 320 миллиард сўмлик 70та ҳамда Пахтачи туманида 660 миллиард сўмлик 83та инвестиция лойиҳалари шакллантирилган. Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун Пахтачининг Навоий шаҳри билан, Томдининг Зарафшон шаҳри билан чегарадош ҳудудида саноат зоналари ташкил этилиши мўлжалланган.

Мутасаддиларга саноати ривожланмаган бошқа туманлар бўйича ҳам имкониятларни аниқлаб, саноат зоналари ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар раҳбарлари жорий йилнинг ўтган давридаги натижалар ҳамда йил охиригача мўлжалланган инвестиция фаолияти юзасидан ҳисобот берди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид