Жаҳон | 23:57 / 13.10.2020
34553
9 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: қайта касалланиш биринчисига қараганда оғирроқ, ЖССТ жамоавий иммунитет ғоясига қарши

Дунё бўйлаб Covid-19’дан касалланиш ҳолатлари сони 38 миллионга яқинлашмоқда, деярли 1,1 миллион киши вафот этди, 70 мингга яқин бемор оғир ва ўта оғир аҳволда. 

Фото: EPA/Vostock-photo

Мутахассислар пандемиянинг кузги авж олишини таълим муассасаларида дарслар бошланиши ва одамлардаги хавф-хатар туйғуси сустлашиши билан изоҳлашяпти. 

Иқтисодий сабабларга кўра ҳукуматлар карантинни кучайтиришда баҳорга нисбатан кўпроқ қийинчиликка дуч келишяпти. ЖССТ инсоният учун ягона умидни самарали вакцина яратилишида кўрмоқда. 

Covid-19’ни қайта юқтириш ҳолати
Невада штатининг 25 ёшли фуқароси Covid-19 билан икки марта - шу йилнинг апрель ва июнь ойларида хасталанган, дейилади Lancet журналида чоп этилган мақолада. 

Ҳозирда йигит соғайган, аммо унда кузатилган ҳолат коронавирусга қарши иммунитетнинг барқарорлиги тўғрисида савол туғдиради. 

Иккинчи мартада касаллик оғирроқ кечган. Беморда кислород етишмовчилиги кузатилиб, уни касалхонага ётқизишга эҳтиёж туғилган. 

Унда ҳамроҳ касалликлар ёки иммунитет билан боғлиқ муаммолар бўлмаган ва у Covid-19’ни оғир ўтказувчи ҳеч қандай хавф гуруҳига кирмаган.

Вируслар ген кодининг қиёсий таҳлилига кўра, бу ҳолда ўша касалликнинг рецидиви эмас, балки айнан қайта касалланиш ҳолати содир бўлган.

«Бизнинг тадқиқотларимиз коронавирусга чалинган одам вирусни қайта юқтириб олиш хавфидан холи эмаслигини исботламоқда», дейди Невада штати университети доктори Марк Пандори. 

Унга кўра, касалликни енгганлар ҳам ниқоб кийиш, ижтимоий масофа сақлаш ва қўлларни тез-тез ювиш қоидаларига риоя қилишлари керак.

Олимлар коронавирус иммунитети атрофидаги қийин жумбоқларни ечишда давом этишмоқда: Иммунитет қанчага етади? Ҳамма, шу жумладан касалликнинг енгил шаклига чалинганларда ҳам бир хил даражадаги иммунитет ҳосил бўладими?

Бироқ, қайта юқтириш билан боғлиқ расмийлаштирилган ҳолатлар жуда кам учрайди - 37 миллион ҳолатдан атиги бир нечта. 

Ҳонгконг, Бельгия ва Нидерландиядаги беморларда қайта касалланиш ҳолати биринчиси каби кечган. Эквадорда фақат бир одам, худди невадалик сингари, иккинчи марта оғирроқ азоб чекди, аммо у касалхонага ётишга муҳтожлик сезмаган. 

Нидерландияда коронавирусни қайта юқтириб олган аёл вафот этди, бу коронавирус билан қайта касалланиш оқибатида юзага келган дунёдаги биринчи ўлим бўлган.

Johnson & Johnson вакцина синовини тўхтатди
Johnson & Johnson компаниясининг энг истиқболли вакциналаридан бирини синовдан ўтказиш ишлари кўнгиллиларнинг бирида кутилмаган касаллик юзага келгани туфайли вақтинча тўхтатилди. 
Бу айнан нималиги номаълум. Бемор билан компания шифокорлари ва мустақил мутахассислар бирдек ишламоқда. 

Касалликни аниқлаш билан Маълумотларни ва тадқиқотлар иштирокчилари хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича мустақил кенгаш, шунингдек, компаниянинг тиббий ходимлари шуғулланмоқда.

Johnson & Johnson компаниясидагиларнинг таъкидлашича, клиник тадқиқотлар ўтказишда салбий ҳолатлар юзага келиши кутилади, шу сабабли бу ҳолат учун кўрсатмалар бор. Бу тадқиқ қилинаётган дорилар билан боғлиқлиги тахмин этилувчи бирорта ҳолат юз берган тақдирда тадқиқотлар тўхтатилиши мумкинлигини кафолатлайди.

Компания вакцина тадқиқотларининг учинчи босқичига 23 сентябрь куни киришган эди. Дорини Johnson & Johnson таркибига кирувчи Janssen компанияси ишлаб чиқармоқда. Тадқиқотларда учта қитъадан 60 минг нафаргача кўнгиллилар қатнашиши  кўзда тутилганди. Компания вакцинанинг битта дозаси Covid-19 касаллигининг олдини олишда плацебога нисбатан қанчалик самарага эга эканлигини текширмоқчи эди.

Синовлар муваффақиятли якунланса ва дори рўйхатдан ўтказилса, Johnson & Johnson йилига 1 миллиард вакцина дозасини чиқаришни режалаштирмоқда.

Johnson & Johnson’дан ташқари, АҚШда AstraZeneca, Moderna ва Pfizer BioNTech билан ҳамкорликда ўз вакциналарини синамоқда.

Ҳозирги кунда дунёда Covid-19’га қарши бир неча юз вакциналар ишлаб чиқилмоқда, улардан тўққизтаси, шу жумладан Россия вакцинаси учинчи босқичда. 

ЖССТ: жамоавий иммунитет ғояси ахлоқсиздир

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида коронавирус ҳолатидаги жамоавий иммунитет стратегиясини илмий ва ахлоқий жиҳатдан шубҳали деб атади. 

Турли мамлакатларда карантин ҳам, вакциналар устидаги ишлар ҳам кераксиз деган фикрни эшитиш мумкин: кўпчилик касал бўлгунча юқумли касаллик тарқалишига йўл қўйиб берилиши керак, шунда пандемия ўз-ўзидан тугайди. 

Гебрейесус инсоният ўзининг бутун тарихи давомида эпидемияларга қарши ҳаракатсизликни эмас, балки қаттиқ кураш йўлини танлаганини эслатди.

«Тарихда ҳали ҳеч қачон жамоавий иммунитет пандемия уёқда турсин, бирорта касалликнинг ҳам авж олишига қарши кураш стратегияси сифатида қўлланилмаган. Бу ҳам илмий ёндашув жиҳатидан, ҳам ахлоқий жиҳатдан муаммолидир», деди ЖССТ раҳбари.

Бундан ташқари, Гебрейесус шифокорларда ҳозирча коронавирусга нисбатан иммунитет ҳақида унчалик кўп маълумот йўқлигини қайд этиб ўтган. Масалан, касал бўлиб ўтган одамда иммунитет қанча вақт сақланиши ҳозирча аниқ эмас. Бундан ташқари, ҳатто ҳозир кўпчилик мамлакатларда жамоавий иммунитет даражасига етишгача анча бор – ўртача олганда касал бўлиб ўтганлар улуши 10 фоиздан камроқни ташкил этади.

Ҳозирги вақтда дунё аҳолисининг атиги ярим фоизигина коронавирус билан касалланган, шунинг учун жамоавий иммунитет ҳақида гапиришга жуда эрта, ўлимлар сони эса аллақачон миллиондан ошган. 

Covid-19 Британияга ярим миллион иш ўрнига тушди

Август ойида Буюк Британияда меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасидаги ишсизлик даражаси 4,5 фоизига етди, бу сўнгги уч йил ичида энг юқори кўрсаткичдир. Май ойида бу кўрсаткич 4,1 фоизни ташкил этган.

Бир ярим миллион одам иш изламоқда. Март ойидан бери бу кўрсаткич 500 мингга ўсди. 

Июль-август ойларида ишдан бўшатилганлар сони 227 мингтани ташкил этди - бу 2009 йилдан бери энг юқори кўрсаткич.

Citibank прогнозларига кўра, агар ҳозирги тенденциялар давом этса, кейинги ёзга қадар Британиядаги ишсизлик даражаси 8,5 фоизга етиши мумкин. 

Миллий статистика бюроси директорининг ўринбосари Жонатан Этоу буни тўғридан тўғри коронавирус пандемияси билан боғлайди. 

BBC билан суҳбатда у меҳмонхоналар, умумий овқатланиш ва сайёҳлик соҳалари ҳамда 16-24 ёшдаги ёшлар кўпроқ зарар кўрганини айтди.

«Мен бошиданоқ, биз афсуски, ҳар бир иш жойини сақлаб қолишга қодир эмаслигимизни чин дилдан таъкидлагандим», деди молия вазири Риши Сунак. 

Олинган ҳужжатлардан кўриниб турибдики, 21 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Буюк Британия Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги коронавирус бўйича экспертлар гуруҳи (Sage) касаллик кўпайишини секинлаштириш учун икки-уч ҳафтага карантин кучайтирилишини таклиф қилган, аммо ҳукумат иқтисодий сабабларга кўра бунга розилик бермаган. 

Лейбористлар мухолифати бу хабарни қўрқинчли деб атади, аммо Даунинг-стрит қабул қилинган чоралар самарали амалга оширилса кифоя, деб таъкидламоқда. 

Бош вазир Борис Жонсон душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида дўконлар ва таълим муассасалари ёпилмаслигини маълум қилди. 

Мутахассисларнинг таклифлари қаторида барча бар, ресторан, кафе, фитнесс-клуб ва сартарошхоналарни ёпиш, мактаб ўқувчилари ва талабаларни масофадан ўқитишга ўтказиш ҳамда фуқароларнинг бир-бириникига меҳмонга бормасликларини қатъий тавсия этиш киритилган. 

17 сентябрдаги алоҳида ҳужжатда Sage ресторан ва қовоқхоналар фаолиятини қисман чеклаш (соат 22:00гача) самарасиз эканлигини кўрсатиб ўтган.

Ҳозирги кунда ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган мезонларга мувофиқ, барча шаҳар ва минтақаларга эпидемиологик хавфлиликнинг учта даражасидан бири - юқори, ўрта ёки паст даражалари берилган.

Ҳудудларнинг аксарияти ўрта даражада. 

Ливерпуль чоршанба кунидан энг юқори поғонага кўтарилди, бу унинг аҳолиси учун деярли тўлиқ локдаунни англатади. 

Вакцина синовлари озчиликни ташкил қилувчи кўнгиллилар ва қариялар зарур
Британияда ишлаб чиқарилган вакциналарни синовдан ўтказишда иштирок этиш учун этник озчиликни ташкил этувчи гуруҳ аъзолари ва 65 ёшдан катта ёшли кўпроқ кўнгиллилар зарур, деди Оксфорд вакциналар гуруҳининг бош тадқиқотчиси Манеши Рамасами. 

Олимлар вакциналарнинг барча аҳоли учун самарали бўлишига ишонч ҳосил қилиши керак. 

Ҳозирга қадар кўнгилли сифатида рўйхатдан ўтган 270 минг киши орасида этник озчилик вакиллари атиги 7 фоизни ташкил қилади.

Айни пайтда, ҳали аниқланмаган сабабларга кўра, улар Covid-19’ни оғирроқ ҳолатда бошдан кечиришади ва улар орасидаги ўлим даражаси юқори. Шунинг учун, доктор Рамасамининг сўзларига кўра, оммавий эмлаш бошлангунга қадар вакцинанинг айнан улар учун самарадорлигини аниқлаш муҳим.

Синов иштирокчилари сонини 500 мингга етказиш режалаштирилган. 

Ҳозирда Британияда синовларнинг турли босқичларида олтита турли хил вакциналар мавжуд.

Мавзуга оид