Ўзбекистон | 11:51 / 03.05.2020
210408
3 дақиқада ўқилади

Сардобадаги ҳодиса бўйича жиноий иш очилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги сув омборида рўй берган авария юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берди.

«Жорий йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори ўпирилиши оқибатида сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилди», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Қўшимча қилинишича, жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш ДХХ органларига юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғони 1 май тонгида бузилиб, сув тошиб чиққан эди. 3 май ҳолатига кўра қутқарувчилар томонидан 300дан ошиқ киши тошқин оқибатларидан қутқарилган.

Авария оқибатида келиб чиққан сув тошқинларидан сўнг 70 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинган, камида 56 нафар фуқаро турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган.

Жиноят кодекси

207-модда. Мансабга совуққонлик билан қараш

Мансабга совуққонлик билан қараш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.


258-модда. Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш

Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, — 

муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид