Ўзбекистон | 17:09 / 26.07.2019
7910
4 дақиқада ўқилади

Давлат мактабгача таълим муассасаларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этилади

Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Қарор билан давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом, давлат мактабгача таълим муассасаларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда 2019-2021 йилларда давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари режаси тасдиқланди.

Давлат мактабгача таълим муассасаларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра ташкил қилиниши белгиланди.

Қарорда айтилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармасининг сўрови бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги ўртача бозор нархлари тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда ўзларининг веб-сайтларида жойлаштирилиши ва тақдим этилишини таъминлайди. 

Ҳужжатда белгиланишича: 

овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этиладиган давлат мактабгача таълим муассасаларида аутсорсер томонидан овқатлантиришни ташкил этиш учун фойдаланиладиган коммунал хизматлар тўловлари мактабгача таълим муассасасига ажратилган Давлат бюджети маблағлари доирасида қопланади;

давлат мактабгача таълим муассасасида овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этилганда, ижара шартномаси доирасида аутсорсерга вақтинча фойдаланишга бериладиган ошхонанинг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари, идиш-товоқлари ва мебелидан фойдаланганлик учун тўлов ноль ставка бўйича белгиланади;

овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этилиши муносабати билан тежалган пул маблағлари, биринчи навбатда, давлат мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг овқатланиш шарт-шароитларини яхшилашга йўналтирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

мактабгача таълим муассасаларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар, шунингдек, уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослиги, ошхоналар ходимлари томонидан санитария- гигиена тадбирлари бажарилишига риоя этилишини аниқлаш юзасидан тасдиқланган жадвал асосида ҳар ойда санитария ҳолати ўрганиб борилишини ташкил этади;

Мактабгача таълим вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргалиқда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни белгиловчи санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини уч ой муддатда қайта кўриб чиқиб, зарур ҳолларда ўзгартириш киритиш чораларини кўради.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида тегишли йил учун тасдикланган умумий квоталар доирасида “Умумий овқатланиш технологияси ва уни ташкил этиш” йўналиши бўйича талабни инобатга олган ҳолда олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш тизимини йўлга қўяди. 

Мактабгача таълим вазирлиги:

мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларга истеъмол учун берилаётган таомлар сифати бўйича қатьий назоратни таъминлайди;

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда давлат мактабгача таълим муассасалари томонидан овқатлантириш ташкил этилганда ошпазлар ва ошпаз ёрдамчиларининг ҳар уч йилда бир марта малакасини ошириш ишларини ташкил этади.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид