Бугунги кунда мактабгача таълим тизимида қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Тизимда йиғилиб қолган муаммолар босқичма-босқич бартараф этиб келинмоқда.

Аммо тан олиб айтиш керакки, тизимда ҳануз эскича қараш, эскича ишлаш ҳолатлари учрамоқда.

Каттақўрғон мактабгача таълим тизимидаги муаммолар ҳақида аввал ҳам бир неча бор ўрганишлар олиб борилиб, мавжуд камчиликлар ёритилган эди.

Тумандаги 23-мактабгача таълим муассасасида навбатдаги ўрганишни олиб борганимизда, тизимда ҳали ҳам ечилмай қолаётган масалалар кўплигига гувоҳ бўлдик.

Ушбу мактабгача таълим муассасаси биноси анча эски бинода жойлашган. Биринчи кўзга ташланадигани шуки, бинода дарвоза йўқ. Муассаса ҳудуди маҳалладаги бинолар билан аралашиб кетган. Қоровул учун битта стулча қўйиб берилган.

Аввало, муассасада тарбияланувчилар учун берилаётган маҳсулотлар миқдори ва сифати билан қизиқдик.

Ошпазнинг айтишича, тайёрланаётган таомлар учун ўша куни 10 кг гўшт маҳсулоти ажратилган. Ваҳоланки, муассасада 120 нафар тарбияланувчи бор. Белгиланган меъёрларга кўра, 120 нафар тарбияланувчи учун 12 кг гўшт маҳсулоти ажратилиши керак. Аммо таомларга солинган гўшт маҳсулотлари 10 кг ҳам чиқмаслиги кўриниб турарди. Хўш, муассасада болалар ҳақидан уриб қолиш давом этяптими?

Мудира Замира Худойбердиеванинг таъкидлашича, айни вақтда хўжалик мудири лавозими бўш. Унинг вазифасини муассаса ҳамшираси бажариб турибди. Берилаётган кунлик маҳсулотлар меъёрдан камлиги ҳолатига ҳамширадан тайинли изоҳ ололмадик.

Ачинарлиси, маҳсулотлар сақланаётган хона ва таом тайёрланадиган ошхона антисанитар ҳолатда, озодаликка етарлича эътибор берилмаган.

Болалар бўш вақтини мазмунли ўтказишга мўлжалланган катта хонадаги ҳолат бундан ҳам абгор. Жиҳозлар қалин чанг билан қопланган ва тартибсиз. Болалар ана шундай ҳолатда вақт ўтказмоқда.