Вазирликлардаги ёш раҳбарлар ва хотин-қизлар кўрсаткичи маълум қилинди
Олиб борилган таҳлилларга кўра, 20 та вазирликнинг марказий аппаратида фаолият юритаётган 849 нафар ёшлардан 121 нафари (14,3 фоизи) масъул (раҳбар) лавозимларни эгаллаган. Бунда энг юқори кўрсаткич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (47,3 фоиз) ва энг паст кўрсаткич Соғлиқни сақлаш вазирлиги (0 фоиз) ҳамда Ташқи ишлар вазирлигида (0 фоиз) кузатилмоқда. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттахонова маълум қилди.
Агентлик директори ўринбосари ўз фейсбук саҳифаси орқали шу йилнинг март ойи ҳолатига вазирликларнинг марказий бошқарув аппаратида фаолият юритаётган ёшлар ва хотин-қизлар улуши бўйича таҳлил натижаларини маълум қилди.
Унга кўра, 20 та вазирликнинг марказий аппаратида фаолият юритаётган 849 нафар ёшлардан 121 нафари (14,3 фоиз) масъул (раҳбар) лавозимларда ишлаб келмоқда.
«Бу борада энг юқори кўрсаткич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (47,3 фоиз) ва энг паст кўрсаткич Соғлиқни сақлаш вазирлигида (0 фоиз) ҳамда Ташқи ишлар вазирлигида (0 фоиз) кузатилмоқда», – дейилади постда.
Дилноза Каттахоновага кўра, таҳлил қилинган 20та вазирликнинг марказий аппаратида (бошқармалар ҳисобга олинмаган) ишлаётган хотин-қизлар кўрсаткичи ҳам турлича кўриниш олган.
«Бунда жами 20та вазирликда ишлаб келаётган 849 нафар ёшлардан 210 нафарини (24,7 фоиз) ёш хотин-қизлар ташкил қилади. Масалан, гендер тенглиги бўйича энг юқори кўрсаткич Сув хўжалиги вазирлигида (65,2 фоиз), Адлия вазирлигида (50 фоиз) бўлса, энг паст кўрсаткич Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида (4,3 фоиз), Ташқи ишлар вазирлигида (4,8 фоиз), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида (6,7 фоиз), Қишлоқ хўжалиги вазирлигида(6,9 фоиз) ташкил қиляпти», – деб ёзади у.
Kun.uz мухбири ушбу рақамлар бўйича қўшимча маълумот олиш учун Каттахонованинг ўзи билан боғланганда, агентлик раҳбари Ўзбекистонда қизларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши бўйича таҳлилларни ҳам тақдим қилди.
Унга кўра, ҳозирда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини битираётган қизларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи жуда паст даражада қолмоқда.
Бунда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини битираётган қизларнинг бор-йўғи 10 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кираётган бўлса, қолган 90 фоиз қизлар меҳнат бозорида ёки уй юмушлари билан шуғулланади, мустақил, якка тартибда таълим олади.
Жумладан, Бухоро ва Навоий вилоятларида ўқишга ҳужжат топширган қизлар сонига нисбатан талабаликка тавсия этилган қизлар кўрсаткичи энг юқори (18-17 фоиз), Тошкент вилоятида эса энг паст (6 фоиз) (энг юқори кўрсаткичга эга ҳудудлардан 3 баробар кам) ташкил этади.
Бунда ўрганишлар Фарғона вилоятининг Қўштепа ва Сўх туманлари, Навоий вилоятининг Томди тумани, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани, Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани, Андижон вилоятининг Қорасув туманида қизларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олишга қизиқиши паст эканлигини кўрсатган.
«Бу эса ўз навбатида мазкур ҳудудларда ёш хотин-қизлар келажакда рақобатбардош кадрлар сифатида ўзларини намоён қилишлари мураккаб кечишини кўрсатиб турибди», – деди Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари.
Мавзуга оид
15:32
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади
15:18 / 13.11.2024
Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди
21:51 / 29.07.2024
Фарғонада “Мирзо Улуғбек ворислари”га ваъда қилинган мукофот пуллари берилмади, нега?
21:39 / 26.07.2024