Жамият | 14:24 / 27.05.2018
52458
3 дақиқада ўқилади

Тақво – бандани Аллоҳнинг дўстига айлантиради, уларга эса охиратда азоб йўқ

KUN.UZ таҳририяти лойиҳаларидан бири бўлмиш “Ислом нури” дастурининг бугунги мавзуси Рамазоннинг тақво ойи эканлигида. Бу ҳақда “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом хатиби Салоҳиддин Шарипов батафсил сўзлаб берди.

YouTube'да томоша қилиш

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Tas-IX'да томоша қилиш

- Аллоҳ таоло ўз каломида марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, аввалги ўтган умматларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шояд тақводор бўлсангиз”. Уламолар тақвони барча яхшиликларни жамловчи гўзал фазилат дедилар. Ҳамма яхшиликлар, барча инсоний гўзал фазилатлар ана шу тақвонинг ортидан келади.

Тақвонинг моҳиятини қисқача тушунтирадиган бўлсак, у Аллоҳ таолодан қўрқишдир. Бундан ташқари Аллоҳнинг буйруқларини қилиш, У қайтарган ишлардан қайтиш ҳам тақводир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) айтадиларки: “Тақво бу Аллоҳ таолога итоат қилиш, унга исён қилмаслик. Уни доим эслаб юришлик, уни ёддан чиқармаслик ҳамда берган неъматларига шукр қилишлик ва ношукрчилик қилмасликдир”. 

Фото: Салоҳиддин Шарипов / Kun.uz

Рамазон ойининг рўзасида мўмин-мусулмон одам айнан мана шу малаканинг эгасига айланади. Куни билан емоқ-ичмоқликка имкониятимиз бор, аммо емоқ-ичмоқликни тарк қиламиз. Бунда бизларни ушлаб турган нарса нима? Худди ана шу нарса тақво дейилади. Банда рўза ибодатини қилаётган пайтда, Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, деган тушунчага келади. Қани энди бугунги инсоният ана шу тушунча билан яшаганида эди... Ана унда мана шу тушунча бўлса, у ёлғиз қолганида ҳам, назоратсиз бўлганида ҳам ҳеч қачон гуноҳга қўл урмайди. Ана шу фазилат, ана шу тушунчага бугун инсоният муҳтож. 

Рамазон рўзасини тутиб, банда ана шундай гўзал фазилат соҳибига айланади. Тақволи инсон Аллоҳ таолонинг валийси, дўсти бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг валийларига хавф-хатар йўқ, уларга маҳзун, ғамгин бўлиш йўқ”, деб марҳамат қилади. Аллоҳга тақво қилган бандаларига охиратда ғам-ғусса йўқ, маҳзунлик йўқ. Тақво ана шундай фазилат.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид