Жаҳон | 17:31 / 06.10.2020
43320
10 дақиқада ўқилади

Бишкекдаги тартибсизликлар: намойишчилар Оқ уйни эгаллади, сайлов натижалари бекор қилинди

Қирғизистондаги парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган намойишчилар 5 октябрь куни кечқурун Бишкекда Оқ уйни ва миллий хавфсизлик қўмитаси биносини қамал қилишди. Бишкек марказидаги асосий майдонда милиция билан бир неча соат давом этган тўқнашувлардан кейин намойишчиларнинг қўли устун келди. 6 октябрь куни сайлов натижалари ҳақиқий эмас деб топилди.

Фото: BBC Russian

Қирғизистондаги оммавий тартибсизликлар вақтида бир киши ҳалок бўлиши ва 150 киши шифохонага ётқизилиши ортидан Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини бекор қилди.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси Гулнора Жўрабоеванинг сўзларига кўра, комиссия ўзини ўзи тарқатиб юбориш масаласини ҳам муҳокама қилди. «Ушбу сайлов кампанияси билан биз ўзимизни обрўсизлантирдик ва шунинг учун бу ҳолатда энг яхши ва тўғри қарор муддатидан олдин истеъфога чиқиш тўғрисида қарор қабул қилиш деб ҳисоблайман», деди у.

Бишкекдаги намойишлар
Парламент сайловлари якшанба куни ўтказилган, аммо унинг натижаларини сайловда қатнашган 16 партиядан 12таси тан олмаганди. Бу партиялар етакчилари мухолиф блокка бирлашишди ва тинч митинг бошлашди, митинг Оқ уйни қамал қилишга уланиб кетди.

Фото: Reuters

Тунда намойишчилар президент маъмурияти ва парламент жойлашган Оқ уй биноси эшикларини бузиб ўтишди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари бунга қаршилик кўрсатишмади. Бу вақтга келиб Оқ уй бўш қолган эди.

Фото: Абилай Саралаев/ТАСС
Фото: EPA/Vostock-photo

Намойишларнинг дастлабки қисмида кучишлатар тузилмалар йиғилганларни майдондан ҳайдаб юборишга уринган, намойишчиларга нисбатан шовқинли гранаталар, кўздан ёш оқизувчи газлар ва резина ўқлар қўлланганди, бунга бир неча киши Оқ уйга девордан ошиб ўтиб киришга урингани сабаб бўлганди.

Аммо бир неча соат ўтиб митингчилар янада кўпчилик бўлиб қайтишди ва устунликка эришишди. Улар ички ишлар органлари ходимларининг автомобилларини тортиб олиб, уларга ўт қўйишди. Тез ёрдам бошқармаси бошлиғи ўринбосари Егорь Борисовнинг маълум қилишича, тез ёрдам машиналарига ҳам ҳужумлар уюштирилган. 

Фото: EPA/Vostock-photo

Мухолифатдаги «Ата-Мекен» (Ватан) партияси етакчиси Жанар Акаев мухолиф партиялар халқ ҳукуматини шакллантириш ва янги бош вазирни танлаш ниятида экани ҳақида маълум қилди.

BBC нашри мамлакат ички ишлар вазирлигига асосланиб тарқатган хабарга кўра, полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар вақтида бир киши ҳалок бўлган ва 600дан ортиқ киши жароҳатланган. Маълум бўлишича, мамлакат миллий госпиталига оғир жароҳатлар билан ётқизилган 19 ёшли йигит оламдан ўтган.

«Портлаш оқибатида унинг икки оёғи узилиб кетган, жасад шаҳар ўликхонасига юборилган», дея хулоса қилган шифохона бош врачи Токтобай Маанаев.

Маҳбусларнинг озод этилиши
Намойишчиларнинг бир қисми ГКНБ биноси (Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси) томон йўл олишди ва у ердан мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев, собиқ бош вазирлари Сапар Исаков ва Жанторо Сатибалдиевни озод этишди.

© Фото : Kunduz Zholdubaeva

Бу сиёсатчиларнинг барчаси Сооронбай Жээнбеков бошқаруви даврида коррупцияда айбланиб қамалганди.

Маҳаллий воқеаларни ёритиб бораётган Интерфакс мухбири хабар қилишича, намойишчилар юк машинаси орқали ГКНБ биноси эшигини бузиб ўтишган ва махсус хизматлар ҳудудига бостириб киришган.

Милиция амалда уларга қаршилик кўрсатмаган, ходимлар қўлларини кўтарган ҳолда ҳовлига чиқишган ва «халқ билан бирга эканликлари»ни айтишган.

Бундан ташқари, парламентнинг собиқ депутати Садир Жапаров озод этилди.

Тонгга яқин Оқ уйнинг бир неча қаватидаги хоналарда ёнғин чиқди. Ёнғин ўт ўчирувчилар ва намойишчиларнинг ўзи томонидан ўчирилди.

Намойишчилар президент Сооронбай Жээнбековни лавозимидан четлатиш ва янги конституция қабул қилиш талаблари ҳақида гапира бошлашди.

Жапаровнинг тарафдорлари у президент бўлишини талаб қилишмоқда

Жапаров майдонда чиқиш қилди ва халқни тартибсизликларни тўхтатишга чақирди.

«Келинглар, барчасини қонуний йўл билан ҳал қиламиз. Ҳозир тарқалишимиз керак, чунки мақсадга куч билан эришиб бўлмайди, буларнинг барчаси ноқонуний ишлар», деган собиқ депутат.

Жапаровнинг чиқиши

Садир Жапаровнинг тарафдорлари парламент сайловларида у асос солган «Мекенчил» партияси байроғи остида иштирок этишди. Партия 7 фоизга яқин овоз олди (6,95 фоиз), Қирғизистон парламентидан мандат олиш учун 7 фоизлик довондан ўтиш талаб этилади, партияда парламентнинг 7-чақириғига кириш учун имконият сақланиб турганди, бироқ бу партия етакчилари ҳам натижаларни тан олишдан бош тортишди. Садир Жапаров 2013 йилда Қоракўлдаги «Қумтор» олтин конини миллийлаштириш ва Қирғизистон Республикасининг кондаги улушини 70 фоизгача ошириш талаби билан митинглар уюштиргани ҳамда Иссиқкўл вилоятининг ўша вақтдаги губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олгани учун 2018 йилда 11,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Намойишчилар ҳозирда Оқ уйни ўраб олишган ва ҳокимият алмашиши бўйича тезкор қабул қилинишини талаб этишмоқда. Йиғилганларнинг кўпчилиги Жапаров президент бўлишини талаб қилиб, вақтинчалик ҳукуматни шакллантиришга чақиришмоқда. Бу вақтда амалдорлар янги тайинловлар ҳақида маълум қилишмоқда. Ҳозиргача мамлакатда бир неча регионда ва шаҳарларда губернаторлар ва мэрлар ўзгарган.

Хусусан, Бишкек мэрияси биносига бостириб кирган намойишчилар «Республика» партиясидан Қирғизистон парламенти депутатлигига номзод Жўшбек Коеналиевни шаҳар мэри деб эълон қилди. 

Аммо шаҳарнинг амалдаги раҳбари Азиз Суракматов истеъфо бермаган. У ҳозир айнан қаердалиги номаълум. «АКИpress» мэр ҳозирда масофадан туриб ишлаётганини хабар қилган.

Коеналиев эса шаҳар мэрлигига Қирғизистон халқи томонидан илгари сурилганини маълум қилган. Аммо айни пайтда амалда бўлган ҳукумат уни ўз номзоди билан алмаштиришга уринишини қўшимча қилган.

Собиқ президент Алмазбек Атамбоев ва собиқ бош вазир Сапар Исаков айни вақтда «Социал-демократлар» партияси штабида бўлиб туришибди ва улар тез орада халққа мурожаат билан чиқишмоқчи.

Президент қаерда?
Жээнбековнинг ўзи эса кун аввалида Қирғизистон халқига мурожаат қилиб, «айрим ноқонуний кучлар» томонидан ҳукуматни ноқонуний йўл билан эгаллашга уриниш бўлаётгани ҳақида гапирган ва намойишчиларни қонун доирасида ҳаракатланишга чақирганди. У, шунингдек, парламент сайлови натижалари бекор қилинишини ваъда қилди, намойишчиларга ўт очишга буйруқ берилмаганини айтиб ўтди.

«Ўтган тунда баъзи сиёсий кучлар давлат ҳукуматини ноқонуний эгаллаб олишга уринди. Сайловлар якунларини важ қилиб, жамоат тартибини бузишди. Улар шаҳарликларнинг тинч ҳаётига халақит берди. Ҳуқуқ-тартибот органларига итоат қилишмади, тиббиёт ходимларини дўппослашди ва биноларга зиён етказишди

Мен ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига бирор фуқаронинг ҳаётига хавф туғдирмаслик учун ўт очмаслик ёки қон тўкмаслик ҳақида буйруқ бердим. Ҳозирча вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўрдик», деди у.

Айни вақтда унинг қаердалиги маълум эмас.

Сайлов қандай ўтди?
4 октябрь кунги сайловларда бир палатали парламентдаги 120та депутатлик ўрни учун қарийб 2 минг номзод кураш олиб борди, шундан 107 киши - олтинчи чақириқ депутатлари эди.

Марказий сайлов комиссияси мамлакат парламентига тўрт партия ўтганини маълум қилди. Маҳаллий политологлар шундан учтасини ҳукуматдаги сиёсий элита билан алоқадор ҳисоблайди. Шу билан бирга, 7 фоизлик довондан бирорта мухолиф партия ўта олмади.

Пандемия даврида амалдаги президентнинг обрўси жиддий равишда пасайди

Сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилингач, 7 фоизлик чегарадан ўта олмаган партияларнинг раҳбарлари мухолифат блокига бирлашишди ва ўз тарафдорларини Бишкек, Ўш (мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри) ва Наринда (Қирғизистон ғарбида) кўчаларга чиқишга чақиришди. Турли баҳоларга кўра, пойтахтда 7-10 минг киши иштирокида намойишлар бошланган. Шунингдек, Талос ва Қоракўлда ҳам намойишлар бўлиб ўтган.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, энг кўп овозни «Биримдик» («Бирлик») партияси қўлга киритган - 24,53 фоиз (46та ўрин). Бу партия таркибидан Жээнбековга яқин бўлган кўплаб кишилар, жумладан, унинг акаси ҳам ўрин олган.

Иккинчи ўринни ҳукуматга яқин бўлган яна бир партия - Қирғизистондаги энг нуфузли кишилардан бири, Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов билан алоқадор бўлган «Мекеним Қирғизстан» (Ватаним - Қирғизистон») эгаллаган - 23,9 фоиз (45та ўрин).

Учинчи ўринни эгаллаган «Қирғизистан» партияи 8,74 фоиз овозга эга бўлган (16та ўрин). Бу партия сайловлар арафасида истеъфо берган парламентнинг собиқ спикери Дастан Жумабеков билан алоқадор ҳисобланади. Ушбу сиёсатчи ташвиқот кампанияси даврида яқинда туққан аёллардан бирига 50 минг сом (600 доллар атрофида) совға қилгани учун сайловчини сотиб олишда айбланганди.

Шунингдек, «Бутун Қирғизистан» 7,09 фоиз овозга эга бўлган (13та ўрин).

ЕХҲТнинг Қирғизистондаги кузатув миссияси раҳбари Томас Бозеруп сайловлар «умуман олганда яхши ташкиллаштирилгани», аммо овозларни сотиб олиш ҳақидаги айбловлар «жиддий ташвиш уйғотгани»ни айтиб ўтган.

Қирғизистондаги еттинчи парламент сайловлари мамлакат қисман бошқарувнинг парламентар шаклига ўтганидан 10 йил кейин ўтказилди. 

Ҳукумат ислоҳоти 2010 йил 7 апрелидаги инқилобдан кейин ўтказилган, ўшанда ҳукуматга қарши митинглар вақтида, расмий маълумотларга кўра, 87 киши ҳалок бўлиб, 1,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланганди. Ўшанда Оқ уй қамал қилинганида президент Курманбек Бакиев мамлакатни тарк этган, ҳукумат ўз ваколатларини топширганди.

Қирғизистонда коронавирус пандемияси шу йилнинг июлида ўз чўққисига чиқди, бу вақт ичида президентнинг рейтинги кескин камайди. Ҳуқуқ фаоллари унинг ҳукуматини ҳаракатсизликда айблаб чиқди, айримлар президентга импичмент эълон қилишга чақирди. Ушбу мамлакатда ўлим кўрсаткичи аҳоли жон бошига кўплиги бўйича дунёдаги энг ёмон кўрсаткичлардан бирини қайд этмоқда, карантин эса мамлакат иқтисодиётини оғир аҳволга солиб қўйган. Қирғизистонда 6 миллион киши яшайди, шундан 1 миллион киши Россияда меҳнат муҳожири ҳисобланади.

Мавзуга оид