Қирғизистон президенти Садир Жапаров маҳаллий «Регион ТВ»да намойиш этилаётган «Президент» номли ҳужжатли филмнинг 2-қисмида Тожикистон билан чегара муаммоси қандай ҳал қилингани ҳақида гапириб берди.

Журналист Айбек Бийбосунга берган интервюсида Қирғизистон раҳбари Тожикистон билан чегарада 2021 йил апрелида бўлиб ўтган низодан кейин ўз яқинлари, жумладан Қамчибек Ташиевнинг эътирозларига қарамасдан, Душанбеда Имомали Раҳмон билан музокаралар ўтказгани, аммо 10 соат давом этган музокаралар самарасиз якунланганини айтиб берган.

Ўша йилги можаро Тожикистон қуролли кучлари нисбатан кучлироқ эканини кўрсатганди ва шундан кейин Қирғизистон ўз армиясини кучайтира бошлаган, жумладан, Туркиядан Bayraktar Akıncı ва Aksungur каби русумлардаги дронлар сотиб олинган.

2022 йил сентябрида рўй берган навбатдаги можарода эса икки мамлакат армияси кучлари тенглашгани маълум бўлади. Қолаверса, Қирғизистон қуролли кучлари ҳавода устунлик қила бошлаганди.

У Тожикистон билан келишувга эришда Ўзбекистон раҳбарининг хизматлари катта бўлганини таъкидлаган.

«Саммитларда учрашганимизда Раҳмонга „Ўтириб гаплашиб олайлик“ дедим. Аввалига у рад этди. Иккинчи сафар эса рози бўлди. Шу ўринда айтиб қўйишим керакки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги ўрни жуда катта бўлди. У бизни «фурсатни бой бермасдан, ўзаро келишувга бориш лозимлиги»га кўндирди. Шундай қилиб, ўтириб, [чегара низосини] ҳал қилиб олдик», – деган у.

Жапаров Тожикистондан кейин Ўзбекистон билан чегара масалалари муваффақиятли ҳал қилингани ҳақида айтиб ўтган.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Марказий Осиё мамлакатларини яқинлаштирувчи етакчилардан бири сифатида эътироф этган.

«Доим айтиб юрди: қирғизлар билан тожиклар сизлар келишинглар, чегарадаги низоларни тўхтатинглар, агар сизларда низо бўлаверса, бизга ҳеч қандай инвестор келмайди, бизга ҳеч қандай турист келмайди. „истон“ деган сўз ҳаммамизда бор, улар тушунмайди Қирғизистонми, Тожикистонми, Ўзбекистонми ё Қозоғистон. „истон“ дегандан сўнг бизга ҳеч ким келмайди, сизлар бундай яқинлашинглар, деб айтиб юрди-да», – деган вазир.

Маълумот учун, 2021 йил апрелида Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида аҳолининг сувдан фойдаланиш бўйича баҳси ҳарбийлар иштирокидаги қуролли тўқнашувга айланиб кетган, натижада ўнлаб кишилар ҳалок бўлганди. Бу ҳолат 2022 йил сентябрида ҳам такрорланиб, навбатдаги вайронгарчиликлар ва қурбонларга сабаб бўлади.