Жамият | 14:07 / 04.05.2020
35707
13 дақиқада ўқилади

«Икки йилдан бери кутиб яшаяпмиз» – Andijon Сity туфайли уйлари бузилишга тушган оилалар нимадан норози?

Kun.uz сайти таҳририятига Андижон шаҳрининг «Мустақиллик» маҳалласи, Бектош Раҳимов кўчасида яшовчи аҳоли вакилларидан мурожаат келиб тушди. Арзномачилар - Н.Сискова, С.Аванесова ва С.Габбасова яшайдиган умумий ҳовлидаги уйлар осмонўпар бинолар мажмуаси қад ростлаётган «Andijon Сity» ҳудудида экан.

Жадал қурилиш кетаётган ҳудуддаги бошқа аҳолининг уйлари бузилиб, кўчиб кетишган бўлса-да, «снос»га тушган умумий ҳовлидаги 8та хонадон ҳали ҳам яшаб келмоқда. Тўғриси, атроф тўла қурилиш жараёни, бузилган деворлар, қурилиш чиқиндилари, чанг, техникалар овози қулоқни ёрадиган жойда уй эгалари кўчиб кетмай яшаётгани ғалати ҳолат.

Мурожаатчиларнинг уйлари бузилиши 2018 йил май ойида аниқ бўлган. Арзномачиларнинг билдиришича, шаҳар ҳокимлиги уларнинг муаммосини ечиш масаласига жиддий эътибор қаратмаётган экан. Мутасаддилар компенсация тўлаш учун хонадон эгаларига уйларини баҳолатиши лозимлигини билдирган. Бироқ, уй эгаларида холис баҳоловчига беришга маблағ йўқлиги учун ҳокимиятдан баҳоловчи билан таъминлашни сўрашган. Лекин баҳолатиш ишлари чўзилиб келмоқда.

Муаммоли вазиятни ўрганиш бўйича икки томон – мурожаатчилар ва Андижон шаҳар ҳокимлиги билан учрашдик.

«Қачон кўчиб кетишимиз аниқ эмас»

Бектош Раҳимов кўчасидаги умумий ҳовлининг 18-уйида тўпланган мурожаатчилар бирин-кетин юзага келган муаммолар ҳақида сўзлашди.

Шу хонадонда яшовчи Эльвира Исламгулова атрофда катта қурилиш ишлари кетаётган ҳудуд ичида қолиб кетишгани ва аҳволлари жуда оғирлиги ҳақида гапирди. Оиланинг олти нафар аъзоси бор. Хонадон улуғи, узоқ йиллар педагогик фаолият олиб борган София она Габбасова 90 ёшда экан.

«Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан 2018 йилнинг май ойида биз яшайдиган ҳудудда  янги лойиҳадаги бинолар қурилиши бошлангани ва уйларимиз «снос»га тушгани ҳақида огоҳлантиришган эди. Биз янгиликни тўғри тушуниб қабул қилдик, чунки шаҳар обод ва гўзал бўлиши керак. «Огоҳлантириш хати» олганимизга мана икки йил бўлди.

Шаҳар ҳокимлиги бизга ўша пайтда худди ўзимизникидек уй сотиб олиб беришни ваъда қилган.

Шундан сўнг, шаҳар ҳокимлигидан келиб, биз яшайдиган уйларни ўрганишди. Мана икки йилдирки, биз кутиш билан ҳаёт кечиряпмиз. Огоҳлантиришганидан буён узоқ вақт ўтган бўлса-да бизларни бошқа жойга кўчириш бўйича ҳеч қандай иш қилинмади. Шаҳар ҳокимлиги фақат ваъдалар бериб келяпти, холос.  

Кўриб турганингиздек, деразаларимиз ва деворларимиз ортида кўп қаватли бинолар қурилиши авжига чиққан. Аввалига уйларни бузишди. Кечаю-кундуз эксковатор, кранлар ишлайди. Чанг-тўзонда яшадик. Сўнг оғир қурилиш техникалари ишлаши оқибатида уйларимиз деворлари ва шифтлари дарз кета бошлади. Атрофимиз тўла қурилиш чиқиндилари, яшаш шароитимиз қийинлашиб кетди. Қиш-қировли, ёғингарчилик кунларда аҳвол янада оғирлашди.

Шаҳар, ундан сўнг вилоят ҳокимлигига мурожаат қилсак, «Озгина сабр қиласизлар. Ҳозирча маблағ йўқ. Маблағ бўлишига, сизларни кўчирамиз», деган ваъдаларни кўп эшитдик. Лекин, ҳеч қандай ўзгаришнинг ўзи йўқ. Ўтган ҳафта шамол бўлди, уйимиз тепасида қурилиш крани хавфли тарзда осилиб турди. Ҳокимлик вакилларига айтганимиздан кейин олишди.

Маълумки, қонунга кўра ҳокимлик бизга уйимизнинг бозор баҳосидаги нархда пул маблағи бериши ёки худди ўзимизникидек уй тавсия қилиши керак. Биз мутасаддиларга холис баҳоловчига беришга маблағимиз йўқлиги айтдик. Шундан сўнг баҳолаш хизмати ходими келди ва хизмат учун барча жараёнлар якунлангач пул беришимизни айтди. Лекин, ишимиз якунига етмади, баҳоловчи келиб, эртага тайёр бўлади, индинга тайёр бўлади деб йўқ бўлиб кетди. Бир келганида, «Уйингизга кўп баҳо бера олмайман. Нархи 300 миллион сўм атрофида бўлади», деб кетди. Бу пулга уй сотиб олиш муаммо. Ҳозир шаҳар ичида уйлар жуда қиммат.

Бузилишлар бошланганида ҳокимлик, шаҳар ичидан худди ўзимизникидек уй олиб беришни ваъда қилган эди. Шаҳар ҳокими ва бошқа мутасаддилар февраль ойида келганида биз уларга, «Агар ҳокимиятда биз ўз уйимизга ўхшаш бўлган уйни сотиб олишимиз учун етарли маблағ бўлмаса, ҳокимият бизга бошқа жойдан уй сотиб олиб берсин», деган талабни айтдик. Улар талабимизга нисбатан, «баҳолатинглар», деб жавоб беришди. Агар уйимизга улар томонидан айтилаётган баҳода нарх белгиланадиган бўлса, биз шаҳар ичидаги кўп қаватли уйлардан уч хонали хонадон ҳам сотиб ола олмаймиз. Ҳозирги уйимизда эса саккизта хона бор. Квадрат метрга ўлчаб, уйимизга яраша худди шундай мулк олиб беришларини хоҳлаймиз. Мен, эрим, онам, қизим, эри ва ёш гўдаги билан олти киши яшаймиз.

Шаҳар чеккаси ёки туманлардан уй олиб яшаш бизга тўғри келмайди. Ахир шаҳар марказидаги уйимиз бузиляпти. Оиламизда кекса аёл ва ёш гўдак бор. Касалхона, дорихоналар яқин бўлган жой бўлмаса қийналиб қоламиз. Икки йил чанг-тўзон ичида яшадик. Касал бўлдик. Керак бўлса қийналиб яшаганимиз учун ҳокимият компенсация тўлаши керак», дейди Эльвира Исламгулова.

Хонадон эгалари жуда кўп ташкилотлар ва президент порталига ҳам кўп бор мурожаат қилишган экан.

16 –уйда яшовчи 77 ёшли Седа Аванесовада ҳам худди шундай муаммолар.

«Икки йилдан бери бузилиш ва қурилиш ичида яшаяпмиз. Мутасаддиларга мурожаат қилсак, «Ҳаммаси тез кунларда ҳал бўлади. Қишга ўтин-кўмир йиғиб тайёргарлик кўрманглар. Янги уйда қишлайсизлар», деган ваъдаларни эшитамиз. Лекин ваъдалар ваъдалигича қолиб, муаммоларимиз ҳал бўлмаяпти.

Мен яшаётган уйнинг ўлчами 56 квадрат метр. Ошхона ва яна учта хона бор, Андижон шаҳар ҳокимлиги менга иккита жойдан квартира кўрсатди. «Эски Ўш йўли» кўчасидан бир хонали квартирани тавсия қилишди. Бордим, битта хона экан. Ошхонаси ҳам жуда кичик. Унамадим.

Кейин «Корейс боғи» кўчасидаги 3-қаватдаги уйни кўрсатишди. Бу квартира ҳам менга тўғри келмади. 77 ёшдаман, учинчи қаватга чиқиб-тушиш менга ва бетоб эримга қийинчилик туғдиради. Менга шаҳар ичидаги эски кўп қаватли уйларнинг иккинчи қаватидан бўлса ҳам ўз уйим квадрат метрига тенг бўлган квартира беришсин. Бор талабим шу», дейди у.                                            

18-уйда яшовчи Аделья Бурханова икки йил давомида мутасаддиларга кўп марта мурожаат қилганини айтди.

«Ҳокимиятга беш-олти марта бориб, «Яшаш учун шароит йўқ, тезроқ кўчиб кетайлик», деб ёрдам беришларини сўрадим. Улар «Баҳолатинглар», дейишди. Лекин мен пулимиз йўқлигини айтдим. Шаҳар ҳокими, «ўзим маблағини тўлайман» деб баҳоловчини жўнатди. У келди ва баҳолагиси келмай «ҳужжатларни эртага якунлайман, индинга якунлайман», дея ваъда бериб келмай қўйди. Мавжуд муммоларимиз ҳал бўлмаяпти. Ҳаммаёқ қурилиш, чанг-тўзон, чиқиндихона.

Болалар учун ўйнагани жой йўқ. Жуда қийналиб кетдик. Бизга шаҳар ичидан худди ўзимизникига ўхшаган уй беришса рози бўлар эдик. София бувим 90 ёшга кирди. Кўп касал бўлади. Шаҳар чеккасида қийналиши тайин», дейди у.

Ҳали ошёнлари бузилмаган бошқа хонадон соҳиблари ҳам муаммоларни тезроқ ҳал қилишда ёрдам беришни сўрашди. 

Андижон шаҳар ҳокимлигида

Шаҳар ҳокимлигининг қурилиш бўлимида бўлиб, мутасаддилардан юқоридаги ҳолат юзасидан изоҳ сўрадик.

«Мустақиллик» МФЙдаги эски «барак» уйлар бузилишга тушгани учун Боғишамол ҳудудида намунали лойиҳалар асосида янги турар жой объектлари қуриб битказилган.  «Мустақиллик» МФЙнинг Бектош Раҳимов кўчасида яшовчи фуқаролар билан шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бир неча марта суҳбат олиб борганмиз. Уларга таклиф сифатида қонунда белгиланган тартибда уларнинг турар жойидан кам бўлмаган ҳолатда уй-жой таклиф қилиб, ёки бозор нархида баҳолатиб товон пули бериш белгиланган. Шу қарор асосида ўша ҳудудга бориб, фуқароларни тўплаб, ўрганиб, баҳолаш хизматини олиб бордик. Баҳолатгандан сўнг, шу пулни оласизлар дейилган.

Улар Боғишамол ҳудудидаги турар жойларни рад қилишди. Баҳолатилган суммадан қониқишмаётгани ёки бозор баҳосидаги суммадан икки баробар кўп баҳолатишни кўзлашгани учун ҳозирда муаммо ечилмай турибди. Айнан ўша Бектош Раҳимов кўчасидаги қурилиш ишлари олиб борилаётган жойларда 2020 йилнинг охирига «Андижон Сити» қуриб битказилиши режалаштирилган. Бу масалани ҳал қилиш мақсадида ўша ҳудудга таклифлар билан 5-6 марта бордик. Шаҳар ҳокими, унинг қурилиш бўйича ўринбосари, матбуот хизмати, маҳалла вакиллари ва хусусий баҳолаш хизмати вакилини ҳам улар билан суҳбат олиб борган. Баҳолатиб беришини таклиф қилдик. Ўша жараёнда ҳудуддаги бир неча оила баҳолатиб, пулини олиб, уйларини бузиб чиқиб кетишди. Айни пайтда 8та хонадон муаммоси ечилмай турибди. Муаммо ечилмаслигининг асосий сабаби, улар уйларини катта суммада баҳолашни талаб қилишаётганида», дейди Андижон шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Бахтиёр Солиев.

Ҳокимлик вакили вазиятга ойдинлик киритиш учун бизга хусусий баҳолаш хизматининг Фаррух исмли ходими телефон рақамини берди.

Биз хусусий баҳолаш хизмати ходими билан телефон орқали боғландик. Ходим негадир ташкилоти номи ва ўз исми фамилиясини айтишни хоҳламади.

Унинг изоҳи эса қуйидагича бўлди: «Ўтган йили «Мустақиллик» МФЙ ҳудудига бориб, ўша хонадонларни расмий равишда эмас, хомчўт қилиб баҳолагандим. 18-уйни эса 380 миллион сўм миқдорида ҳисоблаганман. Лекин уй эгалари бундан норози. Сабаби, уларнинг ҳисоб-китоби бўйича уйларининг суммаси баланд бўлиши керак экан. Улар 600 миллион сўм атрофидаги нархни ўйлашяпти. Уларга уйнинг ҳақиқий баҳоси у суммага етиб бормаслигини айтдим.

Орадан бироз вақт ўтгач, шаҳар ҳокими чақиртирди ва яна баҳолаб беришимни сўради. Жорий йил коэффициенти бўйича 400 миллион сўмга баҳоладик. Уй эгаларига шу суммага баҳоланаётганини айтганимизда, рози бўлишмади. Улар яна 60 минг АҚШ доллари миқдорида баҳолатиб беришимни талаб қилишди. Мен эса унамадим. Жавобгарликдан қўрқишимни айтдим», дейди хусусий баҳолаш хизмати вакили.

Лекин унинг сўзлари қай даражада ҳақиқатлигини била олмаймиз. У баҳоловчи ташкилот номи, ўз исми-шарифини айтишни истамади. Яна уйларни расмий равишда баҳоламаганини айтди.

Хулоса

«Андижон Сити» шу йил қуриб битказилиши керак. Йилнинг бешинчи ойи кетаётган бўлса-да, маълум муаммолар сабаб, 8 хонадон ҳали кўчгани ва уларнинг уйлари бузилгани йўқ.

Муаммоли ҳолат сабаби аниқ, уй эгалари ўз хондонлари шаҳар марказида бўлгани учун марказдан уй талаб қилишмоқда. Улар баҳоловчи таклиф қилган суммага шаҳар марказидан уй сотиб ололмасликларини таъкидлашди. Мавжуд қонун ва тартибга кўра шаҳар ҳокимлиги турар жойидан кам бўлмаган ҳолатда уй-жой таклиф қилиб ёки бозор нархида баҳолатиб товон пули бериш белгиланган.

Шаҳар ҳокимлиги вазиятни тўғри баҳолаб, муаммоли ҳолатдан чиқиб кетиш йўлини излаши лозим. Чунки, «Мустақиллик» маҳалласидаги хонадонлар жадал қурилиш кетаётган жойда жуда ёмон шароитда яшашмоқда.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид