Жаҳон | 20:11 / 22.03.2026
12978
12 дақиқада ўқилади

Россиянинг Украинадаги юриши кескин секинлади. Нима учун?

Март ойи ўрталарига келиб, Россия қўшинларининг олдинга силжиш тезлиги ўтган йилдагига нисбатан бир неча баравар камайди, ўтган йили улар ойига Украинанинг ўртача 400 километр квадрат ҳудудини эгаллашга муваффақ бўлганди.

Фото: Reuters

OSINT-проектлар баҳоларига кўра, 2026 йил январида Россия армияси 240 км², февралда – 120 км² майдонни эгаллаб олган, мартнинг биринчи ярмидаги кўрсаткич эса 50 км² атрофида бўлди.

Худди шу давр оралиғида Украина қуролли кучлари Олександровка ва Гуляйполе йўналишларида иккита алоҳида қарши ҳужум давомида 400 километр квадратдан ортиқ майдонни озод қилгани ҳисобга олинса, йил бошидан бери Россиянинг Украинадаги ҳудудий ютуқлари нолга яқин деб ҳисоблаш мумкин.

Шу билан бирга, фронтнинг кўплаб участкаларида Россия ҳужумларининг интенсивлиги пасаймаган – шахсий таркибдаги йўқотишлар статистикаси ўзгармаган.

Совуқ қиш, баҳорги лойгарчилик, ўтган йилги ҳарбий ҳаракатларнинг фаол босқичидан кейин кучларни қайта тўплаш ва янгилаш зарурати – буларнинг барчаси ҳарбий ҳаракатлар боришига таъсир қилиши шубҳасиз.

Аммо Россия ҳужуми секинлашиши фақат шу омиллар билан боғлиқми? BBC шарҳловчиси Иля Абишев шу саволга жавоб излади.

Фронтдаги вазият ҳақида қисқача

Қишнинг иккинчи ярми ва баҳорнинг бошида Россия ҳужумларининг умумий сони бироз камайганига қарамай, асосий йўналишларда уларнинг динамикаси юқорилигича қолмоқда.

Россия армияси Украина қуролли кучлари мудофаа тизимларига кичик пиёда гуруҳлари билан кириб бориш тактикасини давом эттирмоқда, баъзида ҳарбий техникалар ва мотоциклчилар гуруҳларидан иборат ҳужумлар ҳам амалга оширилмоқда.

Фронтнинг Россия армияси нисбатан фаоллик билан ҳужум қилаётган бир неча участкаларини ажратиб кўрсатиш мумкин.

Покровск ва Мирноград атрофида. Россия 2025 йил охирида ушбу шаҳарларни деярли тўлиқ эгаллаб олганди, аммо Украина бўлинмалари ушбу шаҳар атрофида қолмоқда ва ичкаридаги ҳар қандай объектни ўққа тутиш имкониятига эга, бу эса Россиянинг ушбу шаҳарлар устидан тўлиқ назорати ҳақида гапиришга имкон бермайди. Ҳозирда Россия армиясининг асосий саъй-ҳаракатлари Украина қуролли кучларини Покровск ва Мирнограддан тўлиқ сиқиб чиқаришга қаратилган, бу ҳудудларда, айниқса агломерациянинг шимоли ва шимоли-ғарбида, Гришино ва Родинское қишлоқлари йўналишида шиддатли тўқнашувлар давом этмоқда.

Гуляйполе ҳудудида. Украиналик ҳарбий шарҳловчи Константин Машовецнинг баҳолашича, у ерда ҳужумлар сони Покровск участкасидагидан кўпроқ, вазият эса икки томонлама характерга эга. Бир томондан, Гуляйполе эгаллангач, Россиянинг 5-умумқўшин армияси ғарбий йўналишда ҳаракатланишда давом этмоқда ва Украинанинг Орихив районини шарқдан тўсиб турган бўлинмасини асосий кучлардан узиб қўйиши мумкин. Бошқа томондан, муваффақиятли қарши ҳужумлар ва Украина қуролли кучлари Гуляйполе шимоли ва шимоли-шарқида фронт чизиғини ёриб ўтиши 5-армиянинг ўнг қаноти ва асосий кучларига таҳдид солмоқда.

Константиновка атрофида. Шаҳар катта стратегик аҳамиятга эга – у Краматорск ва Словянск агломерациясини жанубдан тўсиб туради, кўплаб экспертлар бу агломерация Россиянинг келажакдаги ҳужумининг асосий нишони бўлишини тахмин қилади. Россия қисмлари Константиновкага бир неча томондан яқинлашишга ҳаракат қилмоқда, аммо сезиларли муваффақиятга эриша олмаяпти. Бундан ташқари, сўнгги қарши ҳужумлар чоғида Украина қуролли кучлари Константиновкадан жанубга силжишга муваффақ бўлди, бу эса россияликларнинг шаҳарга кириш вазифасини мураккаблаштирди.

Словянск йўналишида. Словянск-Краматорск агломерациясига шимолдан ҳам ҳужум қилиниши мумкин, Россия қўшинлари бир вақтнинг ўзида бир неча участкада ҳужумга ўтиш имкониятига эга. Зарбалар Лиман, Лиман шимоли-ғарбидаги Дробишево ва Святогорск, Лиман жануби-шарқидаги Диброва ва Кривая Лука, шунингдек, Украина қуролли кучлари учун жуда хавфли бўлган Словянск – Бахмут трассаси бўйлаб Рай-Александровка йўналишида берилиши мумкин. Жанглар ўзгарувчан муваффақият билан давом этмоқда – баъзи жойларда Россия бўлинмалари секинлик билан бўлса-да, олдинга юрмоқда, баъзи жойларда эса Украина қуролли кучлари жиддий қарши ҳужумлар уюштирмоқда.

Запорижжядан жануби-шарқда – Приморск, Степногорск, Степовое ва Малая Шчербаков, шунингдек, Орихивдан жануби-шарқдаги ҳудудларга – Малая Токмачка ва Белогоряга. Бу ҳудудларда асосан кичик пиёда гуруҳлари кириб боришга ва мустаҳкам ўрнашиб олишга уринмоқда, аммо сезиларли муваффақиятга эриша олмаяпти.

Бошқа участкаларда – Харкив, Суми ва Херсон областларида – ҳарбий ҳаракатлар локал характерга эга, фрон чизиғида сезиларли ўзгаришлар йўқ.

Олександровка йўналишида эса Россия армияси мудофаага ўтишга мажбур бўлган. Январ ойида бошланган қарши ҳужумлар давомида Украина қуролли кучлари Днипропетровск областининг босиб олинган ҳудудларини – бир неча юз километр квадрат майдонни деярли тўлиқ қайтариб олишга муваффақ бўлди.

Урушда ҳудудий ютуқлар ҳар доим ҳам муҳим эмас, аммо Украина қўшинларининг олдинга силжиши Россия қўмондонлигини бошқа участкалар ва оператив захиралардан куч ва воситаларни хавфли йўналишга ўтказишга мажбур қилмоқда.

«Украинанинг Днипропетровск областида давом этаётган қарши ҳужумлари Россиянинг 2026 йил баҳор-ёз ойларида кутилаётган ҳужумини барбод қилиши мумкин», – деб ҳисоблайди Американинг Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари.

Россия юриши суръати пасайишига мавсумий омиллар ва об-ҳаво шароити ҳам сабаб бўлиши мумкин. Афтидан, қиш охирида Россия қўмондонлиги қайта гуруҳланиш ва захираларни тўлдириш учун оператив пауза олган.

Аммо бу ягона сабаб бўлиши даргумон. Ҳарбий ҳаракатлар бориши ўзгарганини кўрсатувчи бошқа белгилар ҳам бор.

Россия армияси йўқотишлар ўрнини тўлдиришга қийналмоқда

Россия армияси икки йилдирки деярли бутун фронт бўйлаб фаол ҳужум ҳаракатларини олиб бормоқда. Россия қўмондонлиги режасига кўра, доимий босим туфайли Украина барча ҳужумларни қайтаришга кучи етмаслиги ва ҳеч бўлмаганда бир участкада унинг мудофааси қулаши кутилганди. Аммо бу рўй бермади: Россия ҳужумининг натижалари жуда камтарона, йўқотишлар эса юқори бўлди.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги баҳоларига кўра, 2024 йилда Россия армияси ўлганлар ва яраланганлар билан қўшиб ҳисоблаганда 430 минг кишини йўқотган, 2025 йилда бу кўрсаткич – 415 минг кишини ташкил этган.

Ғарбдаги бошқа мустақил манбалар ҳам шунга ўхшаш рақамларни келтиради, Москва эса ўз йўқотишлари бўйича статистикани эълон қилмайди.

2025 йил декабрида Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов бир йил ичида армияда шартнома асосида хизмат қилиш учун қарийб 410 минг фуқаро мурожаат қилганини айтганди.

Ушбу рақамларни таққослаш шуни кўрсатадики, Россиянинг жанг майдонидаги йўқотишлари сони урушга ёзилаётган кўнгиллилар сонидан кўпроқ, аммо бу маълумотлар тўлиқ манзарани акс эттирмайди.

Бир томондан, яраланганларнинг бир қисми даволанишдан кейин яна сафга қайтади. Бошқа томондан, армия жанг майдонидаги йўқотишларсиз ҳам доимий янгиланишга муҳтож.

Ҳарбий хизматчиларнинг бир қисми ёши, касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра, масалан, шартнома муддати тугаганидан кейин хизматдан бўшатилади. Кимдир дезертирлик қилади. Ўз жонига қасд қилиш, ўзига қасддан жароҳат етказиш, бахтсиз ҳодисалар, жиноят содир этганлик учун ҳибсга олиниш каби урушдан ташқари йўқотишлар ҳам бор.

Бундан ташқари, тўлдириш сифатига нисбатан эътирозлар тобора кўпаймоқда, Россия томонидаги ҳарбий ҳаракатлар иштирокчилари бу ҳақда кўп гапирмоқда ва ёзмоқда.

Россиядаги рекрутинг кампаниясининг фаоллигига қараганда, армиянинг янги аскарларга бўлган эҳтиёжи ҳали ҳам юқори.

Россия армияси кўплаб йўналишларда катта йўқотишлар эвазига ҳужумлар суръатини сақлаб қола оладими ёки йўқми – бу очиқ қолаётган савол.

Украина дронлардан фойдаланиш тактикасини ўзгартирди

Яқингача ҳам Украина пилотсиз тизимларининг катта қисми Россия армиясининг шахсий таркибини йўқ қилишга қаратилганди, энди эса дронлар асосан фронтортига – яқин ва узоқ масофаларга зарба беришга ўтмоқда.

Таъминот, алоқа, ҳаво мудофааси ва радиоэлектрон кураш воситалари, дронларни бошқариш тизимлари ва операторларнинг ўзлари Украина ҳужумларининг асосий нишонлари бўлмоқда.

«Осмонда ҳукмронлик»ни қўлга киритиш учун Украина дронлар, жумладан, рақибнинг разведкачи ва зарбдор дронларини овловчи дронлар ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда. Украина дронлари тез-тез ностандарт частоталардан фойдалана бошлади, бу эса Россиянинг бошқа диапазонларда ишлаш учун мўлжалланган радиоэлектрон кураш тизимлари фаолиятини қийинлаштиради.

Ҳар қандай техника ёки қўшин дарҳол нишонга айланадиган фронт чизиғига туташ ҳудуд – «ўлик зона» чуқурлашиб, зарбдор дронлар билан тўлиб бормоқда. Фронт яқинидаги ҳудудда хавфсиз ҳаракатланиш имконсиз бўлиб қолган.

Фото: EPA

Натижада Россия армияси қўллаган инфилтрация (кичик гуруҳлар билан рақиб мудофаа сафларига кириб бориш) тактикаси ўз самарасини йўқота бошлади. Украина мудофааси ичкарисига суқилиб кирган, аммо ортдан қўллаб-қувватланмаган штурмчи гуруҳлар энди мудофаани издан чиқаришга қодир эмас ва фақат омон қолиш учун курашиш билан банд.

Украина қуролли кучлари янги тактикани нафақат ҳимояланишда, балки қарши ҳужумларда ҳам қўлламоқда, дейди Запорижжя ва Днипропетровск областлари чегарасида турган россиялик ҳарбийлар.

«Улар ўзига хос ҳаво муштини яратмоқда: фронтнинг тор қисмида бир вақтнинг ўзида 300-400 та дрон осмонга кўтарилади. Улар 20 километргача бўлган ҳудудни қамраб олиб, кучли ўт очиш учун тайёргарлик вазифасини бажаради. Бундай ёпирилма зарбадан сўнг мобил гуруҳлар кириб келади, кейин эса дрон операторлари олдинга сурилади, шундан сўнг схема яна такрорланади», – дея жанг майдонидаги ҳарбийларнинг сўзларини келтиради Россиянинг «Про война» проекти.

Алоқа ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари муаммолари

Украинада рўйхатдан ўтмаган Starlink терминаллари блокланганидан сўнг, Россия армияси алоқа билан боғлиқ катта муаммоларга дуч кела бошлади. Унинг ўз сунъий йўлдош тизимлари қиммат, маълумотларни узатишнинг юқори тезлигини таъминламайди ва кўпинча дала шароитида ишлашга яроқсиз. Муқобил радиостанциялар эса функционал жиҳатдан чекланган ва ишончсиздир.

Украина эса, аксинча, Starlink тизимларидан фойдаланишни кенгайтирди. Хусусан, улар тобора кўпроқ middle-strike зарбдор дронларига ўрнатилмоқда, бу эса фронт чизиғидан 200 километргача ичкаридаги нишонларга юқори аниқлик билан ҳужум қилиш имконини беради. Радарлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва тактик ракета тизимларининг учириш мосламалари, Қрим ва Донецк областидаги ўқ-дори омборлари тизимли равишда ҳужумга учрамоқда.

Радиолокацион тизимлар ва зенит-ракета тизимлари йўқ қилиниши Россия армияси учун тобора сезилмоқда. Ҳосил бўлган ҳаво йўлаклари орқали узоқдаги дронлар ва ракеталар Россия ҳудуди ичкарисига кириб келиб, муҳим саноат объектларига ҳужум қилмоқда. Бундай ҳужумлар доимий тус олмоқда ва уларни қайтариш учун Россия томони тобора кўпроқ ресурслар сарфлашига тўғри келмоқда.

Брянскдаги «Кремний Эл» радиозаводига қилинган ракета ҳужуми эътиборга моликдир. Қолаверса, бир вақтнинг ўзида Украинанинг еттита ракетаси Россия ҳаво мудофаасини енгиб ўтган. Радарлар бундан ҳам осонроқ нишонни – муҳим объект устида хотиржам айланиб, ҳужум натижаларини тасвирга олаётган дронни ҳам илғай олмаган.

Аслида, ҳозир Россия-Украина фронтида содир бўлаётган ҳамма нарса узоқ чўзилган уруш табиатига мос келади.

Бундай урушда томонлар аста-секин душманнинг муваффақиятли услубига мослашади ва унинг устунлигини йўққа чиқариш учун қарши чоралар ишлаб чиқади.

Россия ҳам учувчисиз тизимлар қўшинлари сони, кучи ва хилма-хиллигини ошириш орқали Украина ҳаво мудофаасини ҳолдан тойдиришга ҳаракат қилмоқда.

Технологик пойга давомида кучлар ва имкониятлар мувозанати доимий равишда ўзгариб туриши мумкин. Баҳор келиши ва Россия (ёки Украина) армияси фаоллашиши билан тўқнашув чизиғи ҳам ўзгариши мумкин. Аммо бу чизиқда юзага келган позицион боши берк кўчадан чиқиш йўли ҳозирча кўринмаяпти.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид