Ўзбекистон | 08:30 / 31.10.2024
4147
2 дақиқада ўқилади

Давлат чегара режими тўғрисидаги низом тасдиқланди

Чегара зонасида доимий яшамайдиган ва 5 кундан ортиқ муддатга келадиган фуқаролар ички ишлар органлари томонидан бериладиган рўйхатга олиш варақасини олишлари шарт.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг  Давлат чегараси режими тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, у Давлат чегарасини жиҳозлаш, Давлат чегарасини шахслар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтиш, у орқали товарларни олиб ўтиш, чегарада хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш, шунингдек, чегаравий можароларни ҳал этиш тартибини белгилайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом чегара зонасига кириш (ундан чиқиш), ундан ўтиш, у ерда бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш, хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилайди.

Чегара зонасида доимий яшайдиган шахслар чегара зонаси доирасида рўйхатга олиш варақасини олмасдан ҳаракатланиши мумкин. Чегара зонасида доимий яшамайдиган ва 5 кундан ортиқ муддатга келадиган фуқаролар ички ишлар органлари томонидан бериладиган рўйхатга олиш варақасини олишлари шарт. Бунинг учун улар профилактика инспектори ёки маҳалла фуқаролари йиғини раисига мурожаат этишлари лозим.

Рўйхатга олиш варақасининг амал қилиш муддати – бир ой. Унинг шакли билан шу ерда танишиш мумкин.

Чегара зонасида жойлашган аҳоли пунктларига хизмат сафарига юбориладиган шахслар уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва хизмат сафари ҳужжатларига эга бўлишлари лозим.

Чегара зонасида жойлашган санаторий, дам олиш уйлари, пансионатлар, туристик базалар ва бошқа даволаш-соғломлаштириш муассасаларига борадиган фуқаролар ушбу зонада шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, санаторий ва туристик йўлланмалар ёки ушбу муассасалар томонидан бериладиган маълумотномалар бўйича бўладилар.

Болалар чегара зонасида жойлашган дам олиш оромгоҳлари ва болалар учун бошқа муассасаларда йўлланмалар асосида бўлади. Ушбу муассасалардаги болаларнинг ота-оналари фарзандларини кўриш учун чегара зонасида шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида 5 кун давомида бўладилар.

Мавзуга оид