Ўзбекистон | 09:41 / 02.12.2025
3264
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон чегара қоидаларини бузмасликка чақирилди

Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси Ўзбекистон – Қозоғистон – Россия йўналишида ҳаракатланаётган фуқароларга мурожаат қилиб, Қозоғистон ҳудудида давлат чегарасини фақат қонуний тартибда кесиб ўтиш, чегара қоидаларини бузмаслик ва ноқонуний схемаларга алданмасликка даъват этди. Сўнгги кунларда қатор фуқаролар чегарани ноқонуний кесиб ўтишга урингани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Фото: Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси

Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилинишича, Ўзбекистон – Қозоғистон – Россия Федерацияси йўналишида ҳаракатланаётган фуқаролар давлат чегараси назорат-ўтказиш пунктларини кесиб ўтишда давлат чегарасини кесиб ўтиш қонунчилигига қатъий риоя этишлари сўралмоқда.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги кунларда айрим Ўзбекистон фуқаролари томонидан Қозоғистон ҳудудида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уриниш ҳолатлари қайд этилган. Қозоғистон ваколатли идоралари маълумотларига кўра, мазкур шахслар қўлга олинган ва Жиноят кодексининг 392- ва 394-моддалари бўйича жиноий жавобгарликка тортилган.

Шу билан бирга, жорий йил сентябр ойидан Қозоғистонда чегара бузилиши ҳолатлари учун жазо чоралари янада кучайтирилгани, хусусан, узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазоси белгилангани қайд этилган.

Ақтаудаги Бош консулхона томонидан таъкидланишича, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ёки бу ҳаракатга уринишнинг ўзи ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Мурожаатда Ўзбекистон фуқароларига қуйидагилaрга амал қилиш тавсия этилган:

  • давлат чегарасидан ўтиш тартибини қатъий сақлаш;
  • ноқонуний “айланма йўллар” ёки “осон ўтиш йўлларини” таклиф қилаётган шахсларга ишонмаслик;
  • қонунга зид схемаларда иштирок этмаслик.

Бош консулхона фуқаролар хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида чегара қоидаларини бузмаслик ҳар бир шахснинг шахсий масъулияти эканини эслатди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид