Ўзбекистон | 13:00 / 07.07.2019
61787
5 дақиқада ўқилади

Қабул – 2019. Навбатлар ва тўлов кассалари

Шу йилнинг 15 июнидан республикадаги барча ОТМларда қабул комиссиялари ўз ишини бошлади. 2019-2020 ўқув йили қабулида абитуриентлар учун бир қатор имтиёз, қулайликлар ва янгиликлар яратилган. Жумладан:

  • Янги ўқув йилида янги ташкил этилган 16 ОТМда (8 тадан хорижий ва маҳаллий ОТМ) қабул бошланган;
  • ОТМларга қабул квоталари қарийб 20 фоизга оширилиб, 120 мингдан ортиқ абитуриентлар талабаликка қабул қилиниши режалаштирилган;
  • абитуриентларга ОТМларга ўқишга киришда учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш имконияти берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПҚ-4359-сонли Қарори билан 2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасидаги ОТМларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилишнинг параметрлари тасдиқланган бўлиб, унга кўра:

Бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

кундузги таълим шаклига – 80 430 нафар;

сиртқи таълим шаклига – 19 985 нафар;

кечки таълим шаклига –1 985 нафар.

магистрлар тайёрлаш бўйича – 7 695 нафар абитуриент қабул қилиниши кўзда тутилган.

Айни вақтда юртимиздаги барча ОТМларда қабул жараёни ўзининг қизғин палласига кирган. Бу йилдан бошлаб қабул жараёнига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Абитуриентлар ва ота-оналарга яратилган шароит ва қулайликлар, шунингдек, ҳужжат топшириш жараёнини кўздан кечириш мақсадида Тошкентдаги бир нечта ОТМда бўлдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Биринчи манзилимиз, Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат Техника университети бўлди. Университетда қабул жараёни бошланган, абитуриентлар ўзлари танлаган йўналишлар бўйича ҳужжат топширишмоқда.

Аммо ўтган йилларга нисбатан анча соддалаштирилган қабул жараёни ташкил этилган бўлса-да, негадир ҳужжат топширишда узун навбатлар юзага келганига гувоҳ бўлдик.

Навбатларга сабаб нималигини билиш мақсадида ичкарига кирдик. Хоналарда абитуриентларни қабул қилишга барча шароитлар яратилган. Барча компьютерлар интернет тармоғига уланган ҳамда қабул жараёнига масъул ходимлар бириктирилган.  

Техника университети ўқув ишлари бўйича проректори Орифжон Зарипов юзага келган навбатлар бўйича ўз муносабатини билдирди.

Орифжон Зарипов

«Университетимизда 2019-2020 ўқув йилига абитуриентларни қабул қилиш учун барча шароитлар яратилган. Компьютерларимиз интернет тармоғига уланган. Ишимизни тезлаштириш учун қўшимча ходимлар ва компьютерларни ҳам ташкил қилдик. Навбатлар ҳосил бўлишига эса тармоқда вужудга келаётган узилишлар, қотиб қолишлар сабаб бўлмоқда. Яъни абитуриентлар сони кўплиги сабабли, уларнинг маълумотларини базага киритишимизда узилишлар бўлмоқда. Давлат Тест Маркази ва ОТМлар ўртасида тармоқда вужудга келган ушбу узилиш, қотиб қолишлар бартараф этилса, навбатлар ҳам ҳосил бўлмас эди», дейди у.

Кейинги манзилимиз Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университети бўлди. Ҳужжат топшираётган абитуриентлар сони бўйича мамлакатимизда етакчи бўлиб турган ушбу илм даргоҳида одам жуда гавжум ва бир оз тартибсизлик юзага келгандек. Ушбу ОТМга икки кун давомида ташриф буюриб, қабул жараёнини кузатдик. Ҳар икки кунда ҳам узун навбатлар юзага келди. Шанба куни эса ОТМ ҳудудида ташкил қилинган банк кассаси ишламаётганини, абитуриентлар тўлов қилиш учун университетдан ташқарига чиқишга мажбур бўлишаётгани, бу ҳам навбатлар ҳосил бўлишига таъсир қилаётганини кўриш мумкин эди.

«15 июндан университетимизга қабулни бошладик. Шу вақтгача тўққиз ярим мингдан ортиқ абитуриентлар ҳужжатини қабул қилдик. Навбатлар ҳосил бўлишига келадиган бўлсак, ҳужжат топширадиганлар кўп. Кўплари ота-онаси билан келишмоқда. Бундан ташқари маълумотларни базага киритишимизда бир оз узилишлар бўлиб турибди», дейди қабул комиссияси масъул котиби муовини Нусратилло Алимқулов.

Нусратилло Алимқулов

Шундан сўнг фарзандининг навбатини кутиб турган ота-оналар билан ҳам суҳбатлашдик. Ота-оналар бу навбатлардан ва университет ҳудудида кассалар ишламаётганидан норозиликларини билдириб ўтишди.

ЎзМУ ва Тошкент Тиббиёт академияларида ҳам қабул жараёнини кузатдик. Тошкент Тиббиёт академиясида абитуриентлар учун маълумотлар доскаси, кутиш хоналари ташкил этилган. Умуман, қабул жараёни яхши ташкиллаштирилган. Фақат абитуриентлар учун тўлов кассалари қабул бўлаётган бинода жойлаштирилса ҳамда ДТМ базасидаги узилиш ва қотиб қолишлар бартараф этилса абитуриентларга ҳам, уларнинг ота-оналарига ҳам қулайлик яратилар, узун навбатларнинг олди олинган бўларди.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган, танлов натижаси эса тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Жорий йилда кириш тест синовлари 25 июлдан 20 август кунига қадар ташкил этилади. 

Мавзуга оид