Ҳиндистонда тутқунликда қолган ўзбек аёллари ҳукуматдан нажот кутмоқда
Kun.uz таҳририятига 2021 йил Ҳиндистонга иш излаб бориб, у ерда одамфурушлар қўлига тушиб қолган бир гуруҳ ўзбекистонлик аёлларнинг мурожаати келиб тушди.
Видеомурожаатда олти нафар аёл айни дамда оғир вазиятда яшаётгани ва уларга қуллардек муносабатда бўлишаётгани, номуси топталаётгани баён қилинган. Ўзини Самарқанд вилоятиданман, деб таништирган аёл бир йил аввал Ҳиндистонга ишлаш учун бориб, у ерда алдов қурбони бўлганини айтган. Унинг ёнида яна беш нафар ўзбекистонлик аёл тутқунликда қолмоқда.
Маълум бўлишича, уни ўз дугоналари – самарқандлик бўлган икки аёл Н.Н. ҳамда З.Ж. Ҳиндистонга олиб борган ва туркманистонлик А.Ж.га сотиб юбориб, паспортини қўлидан зўрлик билан олиб қўйишган. Шундан сўнг, аёлни фоҳишаликка мажбур қилишган.
Мурожаатчи аёл ўзига ўхшаб у ерда алданиб қолганлар жуда кўплигини айтмоқда. Аёл ўз мурожаатида Суриядан олиб келинганлар қатори ўзларига ҳам ҳукумат ёрдами берилишига умид билдирган. Унинг сўзларига кўра, Самарқанд шаҳрида уч нафар фарзанди бор, уларнинг икки нафари ҳали вояга етмаган.
Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов билан боғландик. Элчи аёллар тақдиридан хабардор эканини айтди. Аёллар Ҳиндистонга ноқонуний тарзда кириб боргани сабаб айни пайтда мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Элчининг айтишича, аёлларга ҳуқуқий ёрдам берилмоқда, бироқ тергов тугамагунига қадар тутқунликдаги аёллар мамлакатни тарк эта олмайди, иш якунлангач, Ўзбекистонга қайтарилиши мумкин.
Мурожаатчи аёл ўзи билан боғланиш учун контакт қолдирди (Kun.uz'да аёлнинг Telegram-рақами бор) ва ҳукуматдан ёрдам кутмоқда. Ўз хавфсизлиги учун исм-фамилиясини ошкор қилмасликни сўради.
Видеотасвирда тутқунда қолаётган аёлнинг аёвсиз калтакланаётгани ҳам акс этган.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси – Фахриддин Хотамов.
Мавзуга оид
10:56 / 26.11.2024
Ўзбекистон Ҳиндистоннинг етакчи бизнес мактаби билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда
15:54 / 25.11.2024
Ҳиндистондаги касалхонада вафот этган эркак кремациядан олдин ўзига келди
20:58 / 19.11.2024
Путин Ҳиндистонга боради
16:43 / 17.11.2024