Ўзбекистон | 22:15 / 10.09.2021
8222
3 дақиқада ўқилади

Қоракўл халқаро математика мактаби негизида IT-кластер ташкил этилади — президент

Шавкат Мирзиёев таълим мавзусидаги селекторда вилоят ҳокимларига 1 октябргача техникумларда педагоглар таркиби ва моддий таъминот масалаларини ҳал қилиб, уларни тўлиқ ишга тушириш бўйича топшириқ берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Мен нега қайта-қайта таъкидлаяпман? Таълим, таълим, таълим! Агар мактаб таълимини тўғри йўлга қўйиб олмасак, олий таълим сифати ҳам кўнгилдагидек бўлмайди.

Замонавий технологиялар соҳасида етакчи мутахассислар катта маош олишяпти, даромад қилишяпти. Мана менинг мақсадим!

Бугунги кунда ҳар бир ҳудудда жами 100 та ихтисослашган ай-ти мактаб фаолиятини бошлади. Келгуси икки йилда уларнинг сони 205 тага етказилиб, 30 мингдан зиёд ўқувчилар рақамли технологияларга чуқурлашган ҳолда ўқитилади.

Яна бир масала – жорий йил 1 октябрдан бошлаб барча ҳудудларда 14 та айти-техникумлар фаолиятини йўлга қўйиш керак.

Техникумларда дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги, телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Вилоят ҳокимлари 1 октябрга қадар техникумларда педагоглар таркиби ва моддий таъминот масалаларини ҳал қилиб, уларни тўлиқ ишга тушириш бўйича икки кун муддатда кафолат хати ёзиб берсин.

Соҳада ёшларни ўқитиш бўйича давлат-хусусий шериклик асосида янгича тизим жорий этилади. Бунинг учун, Алоқабанк томонидан устави 80 миллиард сўм бўлган венчур жамғармаси ва айти-билимларни ривожлантириш маркази ташкил этилади.

Ушбу марказда, келгуси беш йилда 100 минг нафар ёшларга дастурий таъминот, мобил иловалар, тармоқ администратори каби йўналишлар бўйича профессионал таълим берилади.

Ҳозирда 151 та рақамли технологиялар ўқув маркази фаолият юритиб, уларда жорий йилда 27 мингдан ортиқ тингловчилар ўқитилмоқда. Бу марказларда таҳсил олган 10 минг битирувчи фриланс йўналишида, 500 га яқин ёшлар стартап жамоаларда янги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Келгусида ушбу марказлар фаолиятини такомиллаштириб, турли касб эҳтиёжлари учун айти-кўникмалар берадиган масканга айлаништириш керак.

Яна бир масала – Қоракўл халқаро математика мактаби негизида айти-кластер ташкил этиш бўйича янги лойиҳани бошлаймиз. Бу ҳудудда рақамли технологияларга ихтисослашган алоҳида олийгоҳ, айти-парк ва ёшлар шаҳарчаси барпо этилади.

Шу орқали, соҳада таълимдан ишлаб чиқаришгача бўлган яхлит занжир яратилади. Бир ой муддатда етакчи хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, Қоракўл айти-кластери концепциясини тақдимот қилинсин”, – деди президент йиғилганларга қарата.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид