Жаҳон | 11:38 / 10.09.2025
10258
5 дақиқада ўқилади

“Араблар ўзаро келишмасликка келишиб олган”. Қатардаги зарбалар тасодифми?

Исроил Қатарда ҲАМАС етакчиларига зарба берганидан кейин, уларнинг Доҳада фаолият юритиши савол остида қолди. Агар улар Туркияда бўлганида ҳам Исроил ҳужум қилган бўлармиди? Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромовнинг фикрича, Қатардаги зарба тасодифий эмас ва минтақавий сиёсий келишувлар асосида амалга оширилган бўлиши мумкин. Камолиддин Раббимов эса Нетаняҳу халқаро ҳуқуқларни ҳисобга олмай, урушни давом эттиришни режалаштираётганини билдиради.

“Геосиёсат”да таҳлилчилар Яқин Шарқдаги энг шов-шувли воқеа юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

ҲАМАС сиёсий қанот корпуси Қатарда эмас, Туркияда бўлганда ҳам Исроил зарба бериши мумкин эдими?

Шавкат Икромов: Катта эҳтимол билан йўқ. Чунки Қатардаги ҳужумлар, эҳтимол, оддий тасодифий ҳолат эмас. Бу сафарги ҳужум тўғридан тўғри Қатарга қаратилган, яъни Туркия билан бу каби келишувга эришиш эҳтимолдан йироқ эди. Лекин минтақадаги умумий сиёсий вазиятни инобатга олсак, Қатар ва унинг атрофидаги айрим араб давлатлари билан бундай келишув юз бериши эҳтимолдан холи эмас. Аммо бу Туркия учун тўғри келмайди. Мен шуни айтмоқчиман: ҳозирги вазият ва Қатарнинг умумий сиёсий позицияси шундай сценарийни инкор этмайди.

Халқаро ҳуқуқ бу зарбани қандай баҳолайди?

Камолиддин Раббимов: Бугунги кунда Исроил халқаро ҳуқуқни очиқчасига менсимаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси тарихидаги энг кўп танқидий резолюция қабул қилган давлат айнан Исроил экани билан ҳам тасдиқланади. Исроил томонидан 7 октябрдан кейин бошланган геноцид аслида шу кунгача давом этиб келаётган жараённинг навбатдаги босқичи холос. Бу кеча бошлангани йўқ. Фаластинликларнинг Ғарбий Соҳилдаги юртларидан мажбуран чиқарилиши, уйларининг тортиб олиниши ва ўша ерларнинг босиб олиниши узоқ йиллардан бери содир бўлаётган воқеалардир. Исроилнинг халқаро ҳуқуққа бўлган муносабати ва бу борадаги позицияси ҳаммага яхши маълум. Ҳатто АҚШ ўзини инсон ҳуқуқлари тарафдори ва ҳуқуқий демократик давлат сифатида тақдим қилувчи мамлакат Хавфсизлик Кенгашидаги вето ҳуқуқининг 80 фоизини айнан Исроилни ҳимоя қилиш учун ишлатган. Натижада бугунги кунда Америка ўзи даъво қилаётган қадриятларга, яъни инсон ҳуқуқлари, демократия, адолатга зид тарзда ҳаракат қилмоқда. Бу эса халқаро ҳамжамият томонидан жиддий танқидга сабаб бўлмоқда. Уларга қарата шундай саволлар берилмоқда: “Агар сиз инсон ҳуқуқлари ҳақида гапираётган бўлсангиз, нега Исроилнинг қилаётганларига жим қараб турибсиз?” Доналд Трамп яқинда шундай деган эди: “Агар Украина урушини тўхтатсам, жаннатга тушаман, чунки ҳар куни минглаб одамлар ҳалок бўляпти”. Аммо шу пайтгача Ғазода камида 60 мингдан ортиқ одам ўлдирилди, уларнинг 20-22 минг нафари болалар эди. Бу ҳалокатлар очиқ кунда, бутун дунё кўз ўнгида рўй бермоқда. Ғазода ҳар дақиқа одамлар очликдан нобуд бўляпти. Бундай шароитда, ҳатто уларга овқат берсангиз ҳам, уларнинг кўрган зулмидан кейин одатий ҳаётга қайтишлари осон эмас. Яъни Исроил ва “ҳуқуқ” деган тушунчалар бир-бирига мутлақо зид. Бу икки тушунча бир жойда мавжуд бўлиши мумкин эмас. Исроил бу борада шунчалик чуқур жиноятга қўл урдики, энди ҳатто юзидаги ниқоб ҳам қолмади. У халқаро ҳуқуқни инкор қилишни, ҳатто яширишни ҳам тўхтатди.

Исроил бош вазири Нетаняҳу яқинда шундай баёнот берди: “Биз дипломатик ва жамоатчилик фикри майдонида аллақачон ютқаздик. Энди биз фақат тезроқ ҳаракат қилишимиз керак, Ғазони тозалаб, одамларни ҳайдаб, бу ҳудудни ўзлаштириб олишга улгурсак, бу воқеалар охир-оқибат инсоният хотирасидан чиқиб кетади”.

Бу сўзлар Исроилнинг ниятидан қайтмаганини ва уларнинг асосий мақсади вақтни чўзмасдан босиб олиш жараёнини тезлаштириш эканини яққол кўрсатади.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид