Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил ҳукумати армия радиосини ёпишни маъқуллади
Исроил Вазирлар маҳкамаси мудофаа вазири Исраэл Кацнинг армия радиостанцияси — “Галей ЦАХАЛ”ни ёпиш талаби (таклифи)ни “якдил” тарзда қўллаб-қувватлади. Бош прокуратура ва мухолифат бу қадамни матбуот эркинлигини бузувчи деб танқид қилмоқда.
Исроил ҳукумати душанба куни, 22 декабрда, мамлакат мудофаа вазири Исраэл Кацнинг “Галей ЦАХАЛ” армия радиостанциясини ёпиш ҳақидаги таклифини якдил тарзда қўллаб-қувватлади. Бу қадамга асос сифатида радиостанция қуролли кучлар қадриятларига мос келмайдиган “жамиятни бўлувчи мазмундаги контент”ни эфирга узатади, деган даъво келтирилди.
Бош вазир Бинямин Нетаняҳу Кацнинг “Галей ЦАХАЛ”ни ёпиш талаби қўллаб-қувватланишига чақирди. “Фақат Шимолий Кореяда ва, эҳтимол, яна бир неча давлатларда жамоатчиликка оид ахборот радиостанцияларини қуролли кучлар назорат қилади. Албатта, биз уларга ўхшашни истамаймиз”, — деди у.
Бундан олдин Исроил бош прокурори Гали Бахарав-Миара бундай қадамнинг тўғрилигига шубҳа қилиб, уни матбуот эркинлигининг бузилишига олиб келиши ва жамоат-ҳуқуқий телерадиоэшиттиришларга сиёсий таъсирнинг намоён бўлиши сифатида баҳолаш мумкинлигидан хавотир билдирган эди. Исроил бош прокуратураси фикрича, радиостанцияни ёпиш ҳақида қарор Кнессетда овоз бериш асосида қабул қилиниши керак. Идора баёнотида: ҳукумат қарори “зарур ҳуқуқий мезонларга жавоб бермайди, ҳозирги кўринишида унга амал қилиб бўлмайди”, — дейилади.
Танқид билан Исроил мухолифатининг етакчиларидан бири, мамлакатнинг собиқ бош вазири Яир Лапид ҳам чиқди. У X тармоғидаги микроблогида, хусусан, “Галей ЦАХАЛ”ни ёпиш “сайлов даврида Исроилда фикр эркинлигини бўғишга қаратилган ҳукумат саъй-ҳаракатларининг бир қисми” эканини таъкидлади.
“Галей ЦАХАЛ” радиостанцияси 1950 йилда ташкил этилган. Унинг ходимлари орасида ҳам фуқаролар, ҳам ҳарбий хизматчилар бор. Сўровнома натижаларига кўра, у Исроилда машҳурлик бўйича учинчи ўринда туради. Радиостанция юқори обрўга эга бўлиб, мустақил журналистик ахборот манбаси деб ҳисобланади. Унга хорижий ОАВ мунтазам равишда таянади.
Исроил ҳукумати қарорига кўра, “Галей ЦАХАЛ” радиостанцияси эфирга узатишни 2026 йил 1 мартдан кечиктирмай тўхтатиши керак.