МО маслаҳатлашув учрашувларига Озарбойжоннинг қўшилиши янги минтақавий форматни шакллантирган эди. Энди эса россиялик дипломат Москва ҳам ушбу платформага қизиқиш билдираётганини таъкидламоқда, таҳлилчилар Кремл бу имкониятдан фойдаланиш учун қулай вақтни кутиб келганини қайд этади. Kun.uz’нинг "Геосиёсат" дастурида сиёсатшунослар Россиянинг нияти минтақа устидан геосиёсий таъсирини сақлаб қолишга қаратилганини алоҳида таъкидлашди.

Россиянинг Марказий Осиё маслаҳатлашув учрашувларига қўшилишни исташи нимани англатади ?

Камолиддин Раббимов: Россиянинг Марказий Осиё маслаҳатлашув учрашувларига қизиқиши тасодифий эмас, бу узоқ вақтдан бери пишиб келган масала эди. 1990, 2000 ва 2010 йилларда Марказий Осиёда минтақавий интеграция ташаббуслари пайдо бўлиши биланоқ, Россия уларга дарҳол қизиқиш билдирган. Москва ҳар сафар бу жараёнларга ичкаридан ёки камида кузатувчи сифатида кириб, минтақа устидан ўз таъсири ва босимини сақлаб қолишга интилган. Бироқ Марказий Осиё маслаҳатлашув учрашувлари ташкилот эмас, балки саммитлар формати бўлгани учун Россия бу платформага расмий равишда кира олмас эди. Чунки ташкилот бўлиши учун устав, доимий котибият ва аниқ институтлар зарур. Мазкур формат эса беш давлат раҳбарининг йилига бир-икки бор учрашиб, очиқ мулоқот қилиши билан чекланарди. Тошкентда ўтган еттинчи саммитда вазият янги босқичга ўтди. Унда Озарбойжон қўшилди ва Ўзбекистон президенти Мирзиёев Марказий Осиё ҳамжамияти ғоясини илгари сурди. Бу беш Марказий Осиё давлати ва Озарбойжонни қамраб олган янги минтақавий формат шаклланиши эҳтимолини юзага чиқарди. Айнан шу нуқта Россиянинг қизиқишини янада кучайтирди. Бугунги кунда Россия постсовет маконида таъсир доирасини сезиларли даражада йўқотган. Болтиқбўйи давлатлари НАТО ва ЕИ аъзоси, Кавказда Россиянинг мавқеи заифлашган, Украина билан уруш давом этмоқда. Беларусда эса вазият ўзгариши вақт масаласига айланган. Шу фонда Марказий Осиё Россия учун геосиёсий жиҳатдан энг муҳим ҳудуд бўлиб қолмоқда. Москва минтақани назоратда ушлаб туриш учун илгари КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқи каби лойиҳаларни таклиф қилган. Бироқ бу тузилмалар ички зиддиятлар сабаб самарали ишламади. Арманистон–Озарбойжон можароси бунга яққол мисол бўлди. Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси вакили орқали билдирилган баёнот ҳам айнан шу стратегик қизиқишнинг ифодасидир. Москва маслаҳатлашув форматига қўшилиш орқали минтақавий жараёнларга бевосита таъсир кўрсатишни кўзламоқда. Бироқ Марказий Осиё давлатлари бу масалада эҳтиёткор. Улар Россия ёки Хитой фақат муайян масалалар бўйича, вақтинча меҳмон сифатида жалб этилиши мумкинлигини очиқ билдирган. Хулоса қилиб айтганда, Россиянинг Марказий Осиё маслаҳатлашув учрашувларига интилиши минтақа устидан геосиёсий назоратни қайта тиклашга қаратилган. Аммо минтақа давлатлари бу қизиқишни расмийлаштиришга ҳозирча шошилмаяпти ва мустақил сиёсий йўналишни сақлаб қолишга уринмоқда. Шундоқ ҳам Россия Марказий Осиё давлатлари билан бир нечта минтақавий тузилмалар орқали ҳамкорлик қилиб келади. Масалан: Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги), КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқи. Ушбу тузилмалардан МДҲда минтақа давлатлари деярли тўлиқ иштирок этади. Бу ҳолатни Россия раҳбарияти ҳам очиқ таъкидлаб келмоқда. Яқинда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Евросиё иқтисодий иттифоқи билан МДҲ ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлигини қайд этди. Россиянинг Марказий Осиё маслаҳатлашув кенгашига қизиқиши эса, асосан, минтақа устидан геосиёсий таъсирни сақлаб қолиш ёки кучайтиришга қаратилган. Бироқ минтақа давлатлари бу ташаббусни расмийлаштиришга ҳозирча шошилмаяпти. Эҳтимол, улар бундай таклифга нисбатан кутиш позициясини танлаб, кейинги босқичда турли ссенарийларни кўриб чиқиши мумкин.