Энергетика вазири ўринбосари: Бутун энергетика тизими инвесторлар тасарруфига ўтиб кетмайди
23 октябрь куни «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Энергетика вазирлиги ҳамда қатор халқаро молия институтлари иштирокида Ўзбекистон энергетика секторини янада ислоҳ қилишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон энергетика секторига давлат-хусусий шерикчилик тизими асосида бозор қоидаларини жорий этиш босқичлари ҳақида маълумот берилди.
Энергетика вазири ўринбосари Беҳзот Норматов Kun.uz мухбирининг “Ўзбекистон Россия ва Хитойга газ экспортини аввалги ҳолатга тикласа соҳани хусусийлаштириш жараёни тўхтаб қолмайдими?”, деган саволига жавоб берди.
"Бу ерда бозор бўлади, биз импорт ёки экспортга боғланиб қолмаймиз, мақсадимиз шу. Ўзбекистонда шундай шароит яратамизки, агар инвесторлар хоҳласа [газни] Ўзбекистон бозорига олиб келиб сотиши мумкин. Балки Марказий Осиёда ягона бўлган энергия ресурслари бозорини яратармиз. Ниятларимиз яхши, олдимизга қўйилган мақсадларимиз юксак. Лекин агар биз шу нарсани қиладиган бўлсак, давлатимизга фақат хом ашёни сотиш ортидан пул келмайди. [Ресурсларни] чуқур қайта ишлашларни татбиқ қиламиз. Мана, мисол учун Германия, Япония ва Кореяда ўзининг гази йўқ, Хитойга эса ўзи ишлаб чиқарган газ камлик қилади, у дунёдаги энг катта импортёрлардан бири ҳисобланади. Лекин улар шундай шароит яратганки, уларда рақобатбардош бозор бор - ҳамма у ерга ўз маҳсулотини олиб келиб сотиши мумкин. Бизда ҳам шунга ўхшаш тизим яратилади. Бундан фақат давлат манфаат кўрмайди, балки аҳоли ҳам манфаат кўрадиган шаффоф тизим бўлади.
Шунинг учун бу ишлар фақатгина бизнинг Энергетика вазирлиги эмас, бошқа вазирликлар, ўз давлатларида шундай ишларни амалга оширган хорижлик эксперт ва маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда қилинади.
Шунингдек, Беҳзот Норматов энергетика тизимини хусусийлаштириш жараёнида хорижий ва маҳаллий инвесторларга бир хил шароит яратилишини, улардан қайси бири давлат учун энг мақбул таклифни берса ўшалар танланишини таъкидлади. Вазир ўринбосарининг қайд этишича, бутун тизим инвесторлар тасарруфига ўтиб кетмайди, давлат стратегик нуқталар, магистраль газ қувурлари ва магистраль электр линияларини ўзида сақлаб қолади.
Мавзуга оид
22:24 / 26.12.2022
Россия Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширишни муҳокама қилмоқда
15:37 / 23.12.2022
Ўзбекистон Қозоғистондан нефт импортини оширади
15:02 / 23.12.2022
Энергетика вазири газ экспорти бўйича Ўзбекистон ва Хитой статистикасидаги фарққа изоҳ берди
20:42 / 22.12.2022