Ҳимоя ордери нима ва у қай тартибда берилади? ИИВ вакили билан суҳбат
2019 йил сентябрида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» қонун эълон қилинганди. Унда тазйиқ ва зўравонлик нималигига аниқлик киритилган, тазйиқ ва зўравонликнинг жинсий, жисмоний, иқтисодий ва руҳий шакллари изоҳланган.
Қонунга асосан, аёллар бир қатор ваколатли органлар – Вазирлар Маҳкамаси, жойлардаги маҳаллий давлат органлари, ички ишлар органлари, меҳнат органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ҳамда таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш тизими ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Хотин-қизлар қўмитаси томонидан турли шаклда ҳимоя қилиниши кўзда тутилган.
Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Баҳриддин Султонов билан суҳбатимиз мазкур қонуннинг аҳамияти ҳамда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларида хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби ҳақида бўлди.
– «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга қандай ҳуқуқлар беради?
– Мазкур қонун ҳақиқатан ҳам ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларни ўз вақтида аниқлаб, уларга нисбатан якка тартибдаги, манзилли профилактик чора-тадбирларни қўллаш имкониятини беради.
Аёллар тазйиқ ё зўравонликка учрагани ҳақида ўз вақтида мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда, аёлларимиз бундай ҳолларда мурожаат қилишга уялади. Бундай ҳолатларни аниқлашнинг турли хил йўллари бор. Фақат ўзининг жабрланувчининг мурожаати орқали эмас, ён-атрофдагиларнинг ҳам мурожаат этиши мумкинлиги белгиланди. Масалан, жамоатчилик, иш жойларидаги фаоллар, раҳбарлар, маҳалладаги хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар, қўни-қўшнилар.
Белгилаб қўйилдики, ҳар бир ҳолатда ички ишлар органларига хабар берилганида уларга нисбатан тезкор чоралар қўллаб, ҳимоя ордерини бериш керак бўлади.
Шундай ҳолатлар борки, жабрланувчи ҳам, уни содир этувчи ҳуқуқбузар, яъни тазйиқ-зўравонлик ўтказувчи шахслар ҳам аёллар бўлиб қолиши мумкин. Ўйлантирадиган жиҳати, оила-турмуш муносабатларида содир этилаётган ҳар қандай низоли ҳолатлар авваламбор кўпроқ аёллар ўртасида келиб чиқади: қайнона-келин, опа-сингил, қайнэгачи ва бошқалар. Ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордерини беришда, уни қўллашда ана шу ҳусусиятлардан келиб чиқиб, эътиборли бўлишимиз керак.
Бизда зўравонлик дейилганида одатда тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар тушунилади. Бундан ташқари, иқтисодий, жинсий зўравонлик ҳам бор. Қонун ҳужжатларида шахснинг эрки, ҳуқуқлари тўлалигича кафолатланган. Шахснинг хоҳиш-иродасига зид бўлган ҳар бир хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган.
– Ички ишлар органларига зўравонлик ҳақида оғзаки ёки ёзма мурожаат келиб тушганида жабрланувчига нисбатан қандай чора-тадбирлар кўрилади?
– Профилактика инспектори зудлик билан жабрланувчи билан алоқага чиқади. Қайси ҳолатларда қандай ҳужжат йиғилиши ҳақида идоравий ҳужжатларда тартиби белгиланган. Фуқаро ички ишлар органлари ёки профилактика инспекторига мурожаат қилолмай, бошқа жойларга хабар берадиган бўлса, у хоҳ оғзаки, хоҳ ёзма мурожаат бўлсин, ҳар қандай ҳолат рўйхатга олинади. Буни нима учун айтяпман, чунки ҳеч бир ҳолат эътибордан четда қолиб кетиши мумкин эмас.
Айримларда профилактика инспектори хабар берадими ёки йўқми деган саволлар бўлиши мумкин. Ҳар бир ҳолат рўйхатдан ўтказилади, ҳужжатлаштирилади ва белгиланган тартибда бланкалари бор. Уларнинг бир қисми хабар берган орган ва мансабдор шахсларда қолади, бир қисми профилактика инспектори ёки ички ишлар органларига берилади.
Ҳимоя ордери бериш тартиби шундайки, хабар берилганидан профилактика инспектори воқеа жойига зудлик билан бориб, ҳужжатларни расмийлаштиради ва [жабрланувчига] ҳимоя ордерини беради.
Бу ерда яна бир жиҳатини айтиб ўтишим керакки, гуруч курмаксиз бўлмайди. Аёлларимизнинг ўзи ҳам оиладаги низоларни келтириб чиқарувчи асосий сабаблардан бири бўлиши ҳам мумкин. Бу уни ҳимоя ордерини олишдан маҳрум қилмайди. Ҳимоя ордери берилади. Лекин унга нисбатан расмий огоҳлантириш қўлланилади.
Оилада қайнона, эр ёки бошқа шахслар билан низоли ҳолатларда унинг келиб чиқиш сабаблари ёки ҳимоя ордерининг берилиши аёлларимизни ҳам жавобгарликдан озод этмайди. Ўз хатти-ҳаракати учун уларнинг ўзи жавоб беради.
– Аёлларга нисбатан зўравонлик аниқланмаган ҳолатлар бўлганида қандай йўл тутилади?
– Аёлга нисбатан расмий огоҳлантириш қўлланилади. Вазирлар Маҳкамасининг 60-қарорида расмий огоҳлантириш тартиби белгиланган. Шу орқали келгусида ёлғон хабар бергани учун унга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик мавжудлиги ҳақида расмий огоҳлантириш берилади.
– Ҳимоя ордери қанча муддатга берилади?
– Ҳимоя ордери 1 ой муддатга берилади. Шу муддат ичида низони ҳал этиш имкони бўлмаса, ёки ўша ҳолат яна давом этадиган бўлса, аёлнинг мурожаатига асосан яна 1 ой муддатга узайтирилади.
Бир ой муддатга узайтирилганидан кейин ҳуқуқбузарга нисбатан тузатиш дастури амалга оширилади. У билан психологлар, фаоллар, меҳнат жамоасидаги вакиллар ишлайди. Қонун ҳужжатларида бу ҳам белгилаб берилган.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам аёллар ўзлигини, менталитетини йўқотмасин. Бундан ҳимоя ордеридан қандайдир қурол сифатида фойдаланмаслик, оиладаги маънавий муҳитнинг бузилишига олиб келмаслик, ҳимоя ордеридан ғаразли мақсадларда фойдаланмасликларини истаб қолардик.
Гулзода Иброҳимова суҳбатлашди.
P.S. Хотин-қизлар қўмитаси маълумотига кўра, 2019 йилда мингга яқин аёл маиший зўравонликдан азият чеккан. Қўмита раҳбарияти бу рақам реал ҳолатни акс эттирмаслиги, чунки тазйиққа учраётган аёлларнинг ҳаммаси ҳам бу ҳақда очиқ-ойдин айтмаслигини маълум қилган эди.
Мавзуга оид
21:56 / 26.11.2024
Россияда 174 минг нафар полициячи етишмаётгани маълум бўлди
18:07 / 24.11.2024
ИИВ тузилмасида Дониёр Тошхўжаев ва яна икки мансабдор лавозимидан озод этилди
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024