Жаҳон | 17:35 / 05.06.2025
10319
6 дақиқада ўқилади

Черниҳив областидаги фожиа: ўт ўчирувчи ўз уйи дрон зарбасига учрагани устидан чиқди

У зарба оқибатларини бартараф этиш учун келган ва оила аъзолари – рафиқаси, қизи ва набираси ҳалок бўлганидан хабар топган.

Черниҳив областининг Прилуки шаҳрида Россия дронларининг тунги ҳужуми оқибатида беш киши, жумладан, бир ёшли бола ҳалок бўлди. Маълум қилинишича, зарба оқибатида маҳаллий ўт ўчириш бўлими бошлиғининг рафиқаси, қизи ва невараси ҳалок бўлган, унинг ўзи бундан зарба оқибатларини бартараф этиш учун воқеа жойига етиб келганида хабар топган.

Пайшанбага ўтар кечаси Россия Украинага 103 та зарбдор дрон ва имитатор дронлар билан ҳужум уюштирди, зарбанинг асосий йўналишлари – Черниҳив, Харкив ва Одесса областлари, дея маълум қилди Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари. Уларнинг ҳисоботида 74 та дрон зарарсизлантирилгани, 16 та локацияда зарбалар қайд этилгани айтилади.

Прилукидаги фожиа

Черниҳив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Вячеслав Чауснинг маълум қилишича, Прилукига камида олтита дрон ҳужум қилган.

«Дастлабки маълумотларга кўра, беш киши ҳалок бўлган, улардан икки нафари аёл ва бир ёшли бола вайроналар остидан топилган. Шунингдек, ҳозирча олти киши жароҳатлангани ҳақида маълумот бор. Улар касалхонага ётқизилган», – деб ёзган Чаус.

Ички ишлар вазири Игор Клименконинг ёзишича, дрон маҳаллий ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғининг уйига тушган. «Унинг оиласи ҳалок бўлди. Рафиқаси. Қизи – патрул полиция ходими. Ва унинг бир ёшли ўғли», – деб ёзди Клименко телеграм-каналида.

Бошлиқнинг ўзи ўша кеча ёнғин-қутқарув экипажи билан биргаликда зарба оқибатларини бартараф этиш жойига келганди.

«Душманнинг тунги ҳужуми пайтида биз ҳамкасбимиз – полициячи Дарина Шигидани йўқотдик. У билан бирга эндигина бир ёшга тўлган ўғли ва онаси ҳам ҳалок бўлди. Даря 2020 йилда Киев полицияси сафига қўшилган. Кучли, ёрқин ва самимий. Унинг ўт ўчирувчи отаси қизини болалигидан одамларга ёрдам беришга ўргатган. Унинг турмуш ўртоғи ҳам патрул полициячиси бўлиб, хизматда доимо қўллаб-қувватлаган ва ёрдам берган», – дейилади полиция хабарида.

Полициянинг ҳалок бўлган ходими Дарина Шигида

Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати зарба оқибатларини намойиш этган ва зарбалар туфайли турар жой секторида кенг кўламли ёнғинлар бошланганини маълум қилган.

Украина президенти Володимир Зеленский Прилукидаги ҳолат юзасидан ҳамдардлик билдирди.

«Қутқарувчилардан бири ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун тўғридан тўғри ўз уйига келди: маълум бўлишича, айнан унинг уйига „шаҳид“ тушганди», – деб ёзди Зеленский ўзининг телеграм-каналида.

«Россия доимий равишда қотилликларни давом эттириш учун вақтдан ютишга ҳаракат қилмоқда. Дунё томонидан етарлича кучли қоралаш ва босимни ҳис қилмаса, ўлдираверади», – деди Зеленский. У яна бир бор АҚШ ва Европани «бу тажовузни давом эттириш имкониятидан маҳрум қилиш» учун Россияга босим ўтказишга чақирди.

Харкив бўйлаб зарба

Пайшанбага ўтар кечаси Харкивга ҳам ракета ва дронлар билан ҳужум уюштирилди.

Қутқарувчиларнинг хабар беришича, дронлардан бирининг парчалари турар жой биносининг 17-қаватидаги хонадонга тушган. Полиция Харкивда 18 киши жабрланганини маълум қилди.

Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов маълум қилишича, Россия дронлари ҳужуми оқибатида жабрланганларнинг жароҳати оғир эмас.

«[Жабрланганлар] орасида тўққиз ёшли қиз ва етти ёшли ўғил бола бор. Ҳаммаси – енгил аҳволда, шифокорлар воқеа жойида ёрдам кўрсатди», – деб ёзди Синегубов ўзининг телеграм-каналида.

Харкив шаҳри мэри Игор Тереховнинг сўзларига кўра, Слободский районида еттита кўп қаватли уй зарар кўрган, шунингдек, ҳовлиларда тўртта машина ёниб кетган.

«Хонадонлардан бирининг деворлари синиб кетган. „Шаҳид“ двигателининг бир қисми тўппа-тўғри йўлакка чиқиб қолди. Ўша пайтда уй эгалари уйда эди – улар бошқа хонада ётгани учунгина омон қолишганди. Ҳайратланарлиси, ҳамма тирик», – деб ёзган Терехов.

Терехов «бу ҳарбий объектларга зарбалар эмас, балки турар жой кварталларига мақсадли террор» эканини таъкидлаган.

Одессадаги уйлар ва Херсондаги област маъмурияти зарар кўрди

Одесса области кетма-кет учинчи кеча дронлар ҳужумига учрамоқда, аммо у ерда ҳозирча қурбонлар йўқ.

Прокуратура маълумотларига кўра, пайшанбага ўтар кечаси Одесса области ҳудудига жами 25 та дрон ҳужум қилган.

Белгород-Днестровск районида тиббиёт муассасаси, лицей ва болалар ижодиёти марказига зарар етди, дея хабар берди расмийлар.

Област прокуратурасининг аниқлик киритишича, Белгород-Днестровск районида оилавий тиббиёт амбулаторияси биноси вайрон бўлган.

Бир кун аввал расмийлар Одессадаги фуқаролик инфратузилмаси, жумладан, турар жой биноларига зарар етказган дронларнинг ёпирилма ҳужуми ҳақида ҳам хабар берганди.

Россиянинг навбатдаги зарбасидан кейин Херсон области маъмурияти биноси шундай кўринишда

Россия ҳарбийлари пайшанба куни ҳам Херсонга йўналтириладиган авиабомбалар билан ҳужум қилди, деди област ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудин.

«Атиги ўн беш дақиқа ичида бу жойга Россиянинг тўртта авиабомбаси учиб келди», – деб ёзди у телеграмда.

Прокудиннинг сўзларига кўра, зарба натижасида Россия ҳарбийлари илгари бир неча бор ҳужум қилган Херсон области ҳарбий маъмурияти биноси янада вайрон бўлган.

«Шунингдек, кўп қаватли уйнинг кириш йўлаги вайрон бўлган, атрофдаги уйларнинг ойналари синган ва фасадлари кесилган», – деб ёзади у. Ҳозирча 74 ва 68 ёшли икки эркак жабрлангани маълум.

Россия ҳарбийлари Украинага уюштирилган тунги зарбаларга ҳозирча изоҳ бермаяпти.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид