Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонда Конституцияни янгилашмоқчи. Бу Тўқаевнинг ҳокимиятини мустаҳкамлаши мумкин
Қозоғистонда 15 март куни янги Конституция бўйича референдум ўтказилади. Нималар ўзгариши мумкин?
Артем Геодакян / ТАСС / Profimedia
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 11 феврал куни кечқурун Конституциявий комиссия иши якунлари бўйича ҳисоботни тинглагач ҳамда тузатишларнинг якуний версиясини олгач, 15 март куни Конституцияга тузатишлар киритиш бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги фармонини имзолади.
Фармонга кўра, референдумда «Сиз Қозоғистон Республикасининг лойиҳаси 2026 йил 12 февралда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган янги Конституциясини қабул қиласизми?» деган савол қўйилади.
31 январ куни Қозоғистонда янги Конституция лойиҳаси тақдим этилганди. У Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев дастлаб парламент ислоҳотлари деб таърифлаган ислоҳот натижаси бўлди. 2025 йил сентябр ойида у парламентни икки палаталидан бир палаталига ўзгартиришни таклиф қилган ва бунинг учун Конституциянинг 40 га яқин моддасини ўзгартиришга тўғри келиши ҳақида огоҳлантирганди.
Бироқ, иш жараёнида кўпроқ моддаларга тузатишлар киритиш талаб этилиши маълум бўлди. «Биласизки, 2022 йилги ислоҳот Конституциянинг 33 та моддасини янгилаган. Эндиги ўзгаришлар эса янада кенгроқ. Биз янги Конституцияни қабул қилиш йўлида қадам ташлаш арафасидамиз», деди Тўқаев 2026 йил 20 январдаги чиқишида. Кейинги куни эса махсус конституциявий комиссия тузилди. Ушбу комиссия атиги 10 кун ичида асосий қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлади.
Бу лойиҳага кўра Конституциянинг 80 фоиздан ортиқ қисмини қайтадан ёзиб чиқиш назарда тутилган – тузатишлар 77 та моддани қамраб олади.
Тўқаев 10 феврал куни ушбу тузатишлар қабул қилиниши «Қозоғистон тараққиётига кучли туртки бўлиши ва ҳар бир фуқаронинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам бериши»ни таъкидлаганди.
«Янги Конституция лойиҳасига киритилган нормалар Қозоғистон сиёсий тизимининг „кучли президент – нуфузли парламент – ҳисобдор ҳукумат“ концепцияси асосидаги ривожланиш изчиллиги ва мантиғини мустаҳкамлайди. Сўнгги йиллардаги сиёсий ислоҳотларга яхлит назар ташлаш орқали Қозоғистон суперпрезидентлик бошқарув шаклидан узил-кесил воз кечиб, нуфузли, таъсирчан парламентга эга президентлик республикасига ўтаётганига ишонч ҳосил қилиш мумкин», – деганди у.
Шунга қарамай, ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқ фаоллари таъкидлашича, янги Конституция лойиҳаси, аксинча, президент ваколатларини кенгайтириб, давлат ҳокимиятининг бошқа органларини заифлаштиради. Бундан ташқари, тузатишлар Қозоғистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш баҳонасида фуқаролар устидан назоратни кучайтириши мумкин.
Асосий ўзгаришлар қуйидагилар:
- Қозоғистонда икки палатали парламент ўрнига бир палатали Қурултой пайдо бўлади. Бунда депутатлар сони ҳозирги 148 нафардан 145 нафарга қисқартирилади. Депутатларнинг бир қисмини сайлаш эмас, балки тайинлаш ва вакил қилиб юбориш имконини берувчи квоталар бекор қилинади.
- Қозоғистонда 1996 йилга қадар мавжуд бўлган вице-президент лавозими қайтарилади. Бу лавозим эгасини президент Қурултой билан келишган ҳолда тайинлайди. Агар президент муддатидан олдин ваколатларини топширадиган бўлса, вице-президент вақтинча унинг вазифаларини бажариб туради ва икки ой ичида янги сайловлар ўтказиши керак бўлади.
- Президент томонидан тайинланадиган юқори мартабали мулозимлар рўйхати камида икки баробарга кенгаяди. Агар Қурултой тайинловларни икки бор қайтарадиган бўлса, президент уни тарқатиб юбориши мумкин.
- Янги маслаҳат органи – Халқ маслаҳати кенгаши ташкил этилади. У йилига камида бир марта йиғилади, Қурултойга қонун лойиҳаларини киритиш ва референдумлар ўтказишни таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Кенгаш аъзоларини президент тайинлаши тахмин қилинмоқда.
- Сўз эркинлигига чекловлар пайдо бўлади. У «бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига, фуқароларнинг соғлиғи ва жамият маънавиятига тажовуз қилмаслиги, жамоат тартибини бузмаслиги» талаб этилади.
- Қозоғистон ратификация қилган халқаро шартномалар автоматик равишда мамлакатнинг ички қонунларидан устуворлигини йўқотади.
- Никоҳ эркак ва аёл иттифоқи мақомида мустаҳкамланади.
«Янада авторитар ва суперпрезидентлик»
Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро бюроси (ИҲХБ) ва Ҳуқуқий медиа маркази Қозоғистон расмийларига таклиф ва танқидлар билан мурожаат қилди.
ИҲКБ бош эксперт-маслаҳатчиси Евгений Жовтиснинг BBC’га айтишича, янги Конституция лойиҳаси, аксинча, кўпроқ «авторитар ва суперпрезидентлик» хусусиятига эга.
«Ҳозир Конституциявий суд раисини тайинлашда парламент розилиги керак, президент эса фақат номзодларни тақдим этади. Янги Конституция лойиҳасида бу ва яна бир қатор лавозимлар бўйича парламент розилигини олиш шарт эмас, яъни президент томонидан тайинланади. Парламент розилиги талаб қилинадиган жойларда эса, масалан, бош вазир ёки Конституциявий суд судяси лавозимига депутатлар икки марта розилик бермаса, президент парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга бўлади», – дея қайд этади ҳуқуқшунос.
Бундан ташқари, тузатишлар парламент тузилмасини икки палатадан бир палаталига ўзгартиради ва депутатларнинг ваколатларини сезиларли даражада камайтиради. Шунингдек, парламент номини Қурултой деб ўзгартириш таклиф қилинмоқда.
Таклиф этилаётган ислоҳотларга кўра, Қозоғистон парламенти бош прокурор, Олий суд раиси ва инсон ҳуқуқлари бўйича вакилдан дахлсизликни олиб ташлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституцияда парламент аъзолари республика бюджетини тасдиқлаши, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши қайд этилмаган.
«Тўғрисини айтсам, бу Конституция лойиҳасига саволлар жуда кўп. Менимча, у [ҳозирги таҳрирдан] ёмонроқ. Сиёсий технологиялардан фойдаланиш орқали президентлик ҳокимиятини кучайтиришга, „қонун ва тартиб“ каби турли мафкураларни тиқиштиришга қарор қилинди. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси шу ҳокимият томонидан айнан шу ҳокимият учун қабул қилинади. Вақт ўтади, Конституция яна ўзгартирилади. Бу маънода менда ҳеч қандай шубҳа йўқ», – дейди ИҲКБ эксперт-маслаҳатчиси.
Сўз эркинлиги заифлашиши
Конституция комиссияси раҳбари Элвира Азимова 11 феврал куни президент билан учрашувда янги Конституция матни «фуқаролар ва экспертлар ҳамжамиятининг ташаббускор таклифлари» асосида тайёрланганини айтди.
Аммо аввалроқ бир неча бор ҳуқуқ фаоллари ва ҳуқуқшунослар ўзларини тузатишларни ишлаб чиқиш жараёнига жалб этишни сўраб мурожаат қилишган ва мамлакатнинг асосий қонунига киритилаётган ўзгартиришларни танқид қилишганди.
Хусусан, Ҳуқуқий медиа маркази Конституция лойиҳасидаги янги 23-моддада оммавий ахборот воситаларига босимни кучайтириши ва сўз эркинлигини чеклаши мумкин бўлган ноаниқ иборалар мавжудлигини қайд этди.
«Таклиф этилаётган ўзгартиришлар амалдорларни ошкора танқид қилишни чеклаш учун қўлланиши мумкин, замонавий конституциявий ривожланиш эса, аксинча, жамоатчилик манфаати тамойилини ва жамиятнинг муҳим маълумотларни билиш ҳуқуқини мустаҳкамлашни талаб қилади», – дея таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячилари.
Конституциянинг халқаро шартномалардан устунлиги
Махсус комиссиянинг 3 феврал куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида янги таҳрирдаги Конституция халқаро шартномаларга нисбатан олий юридик кучга эга бўлиши айтилди.
«Халқаро муносабатларнинг ўсиб бораётган турбулентлиги шароитида халқаро мажбуриятларни қабул қилиш ва бажариш Қозоғистоннинг суверенитети ва конституциявий тузуми асослари нуқтайи назаридан конституциявий баҳолаш билан бирга бўлиши керак», - деди парламент қуйи палатаси депутати Мурат Абенов.
Унинг сўзларига кўра, ижтимоий кафолатлар фақат мамлакати қозоғистонликларга худди шундай ижтимоий ёрдамни кафолатлаган хорижликларга нисбатан қўлланади.
Евгений Жовтис BBC билан суҳбатда бу туфайли халқаро ҳуқуқ Қозоғистон қонунчилигига нисбатан устувор бўлмай қолишини айтади.
Рус тили мақоми
Россияда бошқа бир норма – рус тилидан фойдаланиш масаласи катта шов-шувга сабаб бўлди. Қозоғистоннинг амалдаги Конституциясида давлат ташкилотлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида рус тили қозоқ тили билан «тенг» қўлланиши белгиланган. 31 январ куни эълон қилинган лойиҳасида таъриф ўзгаришсиз қолганди. Аммо 9 феврал куни Конституциявий суд раиси ўринбосари ва конституциявий комиссия аъзоси Бахит Нурмуханов «тенгма-тенг» сўзи «биргаликда» сўзи билан алмаштирилишини эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор «терминологик ва семантик бир хиллик» учун қабул қилинган. Таҳрир ҳақидаги хабарни биринчилардан бўлиб эълон қилган «Sputnik Казахстан» пропагандачи нашри кейинроқ аниқлик киритиб, Қозоғистонда рус тилининг мақоми ўзгармаслиги ҳақида ёзиб чиқди. Шунга қарамай, бу хабар Россияда федерал ва минтақавий оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалди ва ҳукуматпараст спикерларнинг танқидларига сабаб бўлди.
«Тенглик» ва «биргаликда» сўзлари ўртасида барибир катта фарқ бор», – деди Давлат думаси депутати Константин Затулин. Депутат Виктор Водолацкий эса «энди қозоғистонлик амалдорлар рус тилидан фойдаланиш ёки фойдаланмасликни танлаш имконига эга бўлиши»дан ёзғирди. Сиёсатшунослар Владимир Евсеев ва Дмитрий Солонников «Қозоғистон Россия билан яқинликни унутиб, АҚШ олдида ўзини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда», деган фикрни билдиришди. Кремлпараст ANNA News сайти янада илгарилаб кетиб, Қозоғистоннинг янги Конституцияси «Брюссел ва Вашингтонда ёзилаётгани» ҳақида ёзди.
2021 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг 2,98 миллион аҳолиси ўзларини руслар деб ҳисоблайди, улардан 2,85 миллиони рус тилини она тили деб билади. Руслар орасида 2,1 миллион киши давлат (яъни қозоқ) тилини билмаслигини кўрсатган. Қозоғистонда жами 20 миллионга яқин аҳоли яшайди.
Ҳуқуқшунос Евгений Жовтис тузатишлар рус тилининг мақомини ўзгартирмаслиги, фақат таъриф ўзгаришини таъкидлади.
«„Тенг“ ёки „биргаликда“ сўзи қўлланганда, бу жуда юмшоқ ибора, яъни давлат органларида рус тили қўлланиши керак. Масалан, шахс давлат муассасасига рус тилида мурожаат қилганда, у жавобни рус тилида олиш ҳуқуқига эга. Бу ерда мақом нуқтайи назаридан кўп нарса ўзгармади. Яъни рус тили аввал ҳам расмий тил эмасди, энди ҳам расмий тил эмас», – дея тушунтирди ҳуқуқшунос.
Қозоғистон расмийлари учун рус тили ҳақидаги нормани муҳокама қилиш – тақиқланган мавзу, дейди Остонадан бўлган журналист Александр Константинов. Бунинг бир неча сабаблари бўлиши мумкин. Биринчидан, ички бўлинишни қўзғатишдан қўрқиш. Иккинчидан, Россиядаги «патриотлар» эътиборини тортмаслик. Учинчидан, рус тилининг қозоқ тилига таҳдид солмаслиги ҳақидаги тушунча – қозоқ тилининг қўлланиш доираси табиий равишда кенгайиб бормоқда.
«Демографик ва маданий жиҳатдан Қозоғистон сўнгги ўн йил ичида жиддий ўзгарди. Ёш фуқароларнинг янги авлоди қозоқ тилини айнан биринчи ва кўпинча ягона тил сифатида қабул қилади. Агар гап бошқа тилларни ўрганиш ҳақида кетса, инглиз, француз, хитой тиллари ўргатилади. Рус тили фон сифатида мавжуд, аммо умуман олганда йўқолиб бораётган фон сифатида», – дейди «Новая газета»нинг Қозоғистондаги махсус мухбири Вячеслав Половинко.
Унинг кузатувига кўра, янги Конституциянинг асосий муаммоси – тиллар ҳақидаги таърифлар ва ҳатто кўплаб номувофиқликлар ҳам эмас, балки у янги транзит арафасида Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳокимиятини мустаҳкамлашидир.
Ҳозирда Қозоғистон президенти фақат бир марта етти йил муддатга сайланиши мумкин. Тўқаевнинг ўзи 2022 йилги оммавий норозилик намойишларидан кейин шу нормани маъқуллаган. Унинг ваколатлари 2029 йилда тугайди ва у президентликда қолмасликка ваъда берган. Аммо янги Конституция назарий жиҳатдан унга бу чекловни четлаб ўтиш имкониятини беради – ёки президентлик муддатларини «ноллаштириш» (Владимир Путин 2020 йилда қилгани каби), ёки вице-президент лавозимига ўтиш (Владимир Путин 2008 йилда қилгани каби) орқали.
Мавзуга оид
20:23 / 31.03.2026
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаевни қабул қилди
09:40 / 31.03.2026
Россия ва Қозоғистондан Ўзбекистонга кўчиб келиш кўпаймоқда
07:17 / 25.03.2026
Қозоғистонда илмий-фантастик услубдаги осмонўпар бино қурилиши бошланди
08:51 / 24.03.2026