16:22 / 29.03.2021
25989

Юнусободдаги квартирада вафот этган беш талаба ис газидан заҳарланган — Экспертиза хулосаси

Тошкентда ижарада яшаб келган уйидан жасади топилган беш нафар талаба, суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, ис газидан заҳарланган.

27 февраль куни Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги хонадонлардан биридан жасади топилган беш нафар талаба ис газидан заҳарланиб вафот этгани маълум қилинди.

Республика суд тиббиёт экспертиза илмий-амалий марказининг Морфология бўлими 15 март куни берган хулосага кўра, талабалар ўлимига «ис газидан ўткир заҳарланиш натижасидаги ўткир нафас ва юрак қон томирлари етишмовчилиги» сабаб бўлган.

Уларнинг қонида карбокигемоглабиннинг 55 фоиздан 72 фоизгача токсик концентрацияси аниқланган. Бу ҳақда Kun.uz'га Юнусобод туман прокуратураси тақдим этган ахборотда маълум қилинган.

Жиноят иши ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши одам ўлимига сабаб бўлиши) билан қўзғатилган.

«Воқеа жойидан олинган озиқ-овқат маҳсулотлари Тошкент шаҳар СЭО ЖСХ бошқармаси томонидан текширишдан ўтказилди.

Ҳолат юзасидан хонадон эгаси Г.Максумова, вафот этганлар билан бирга ижарада яшаган Н.Абдукаримов, «Бунёдкор-дудбўрон хавфсизлиги» МЧЖ дудбўронлар печка устаси З.Хашимовлар батафсил сўроқ қилинди.

Шунингдек, 26.02.2021 йил соат 22:00 дан 27 февраль куни соат 09:00 лар оралиғида Юнусобод тумани, Инжобод кўчаси, 61/-1А-уйга қандай кучланишда табиий газ юборилгани ва одатий кунда табиий газ кучланишининг миқдори ҳақида «Ҳудудгазпойтахт» МЧЖдан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорологик хизматидан шу вақт оралиғида бўлган об-ҳаво маълумотлари олинди», – дейилади Юнусобод прокуратурасининг 262662/2021-54КР-сонли жиноят ишига оид ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, фожиадан сўнг республика бўйлаб ижарада яшаётган талабалар турмушини ўрганиш ишлари бошланди.

Тошкент шаҳрига ва вилоят марказларига бошқа ҳудудлардан ўқишга келиб, ижарада турадиган талабаларни вақтинчалик рўйхатга олиш механизми ишлаб чиқилиши маълум қилинган.

Top