Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой Фаластин-Исроил можаросини ҳал этишда қатнашмоқчи. Бу натижа берадими?
Яқин Шарқ минтақасида ўз таъсирини кучайтириб бораётган Хитой энди Фаластин-Исроил муаммосига ҳам ечим топишга уриниб кўради. 13 июнь куни Фаластин раҳбари Хитойга борди. Хўш Эрон-Саудия Арабистони ўртасидаги совуқчилик барҳам топишига ҳисса қўшган Хитой бу сафар ҳам натижага эриша оладими?
Kun.uz’нинг Геосиёсат кўрсатувида мазкур мавзу юзасидан сиёсатшунослар Шерзод Зиёев ҳамда Ҳабибулло Азимовлар билан суҳбатлашамиз.
— Исроил-Фаластин зиддиятининг асосий илдизлари қандай?
Ҳабибулло Азимов: Исроил ва Фаластин ўртасидаги ҳудудлар бўйича можаролар ярим асрдан бери зиддиятли масала ҳисобланади. Фаластин ҳудудида 1948 йилда Исроилнинг ташкил этилиши сабабларига тўхталадиган бўлсак, яҳудий қавмига христиан маркази бўлган Европа томонидан ниҳоятда кўп азият етказилган, масалан, яҳудийлар 9-асрда Британиядан, 13-асрда Бавариядан, шунингдек, 15-асрда Испания ва Португалиядан қувиб чиқарилди. Иккинчи жаҳон уруши даврида Гитлер томонидан яҳудийларга нисбатан қўлланган геноцид дунё ҳамжамиятини улар учун мустақил давлат тузиш таклифини ўртага ташлашларига сабаб бўлди. Исроилнинг айнан Фаластин ҳудудида ташкил этилиши мансублик билан боғлиқ. 1945 йилда 3 та минтақада Исроил давлатини ташкил қилиш варианти бор эди, булар Аргентина, Африка ва Фаластин ҳудудлари бўлган ва яҳудийларнинг илк давлатчилиги ҳамда ибодатхоналари айнан Фаластин ҳудудида ташкил топгани учун шу ҳудуд танланган. Яҳудийлар илк бор қадимги Оссурия қироли томонидан қувғин қилинган. Шундан кейин, Бобил ва Рим давлатлари томонидан ҳам бошқа ҳудудларга мажбурий кўчирилган.
— Хитойнинг Исроил-Фаластин можаросида воситачилиги ҳар икки томон учун мақбулми?
Шерзод Зиёев: Исроил-Фаластин можароси диний, ижтимоий-сиёсий ва геосиёсий ўлчамларга эга. Ғарб давлатларининг айрим хатолари Яқин Шарқ давлатларида ўзликни англаш ва сиёсий интеграция жараёнларини кучайтирди. Ҳозирда Саудия-Эрон муносабатлари ижобий томонга ўзгарди, Сурия инқирози ҳам деярли тугади ва шу воқеалар фонида Хитойнинг Исроил-Фаластин можаросига аралашуви қисман ижобий натижа бериши мумкин. Хитой бир мазкур можарони ҳал қилиш борасида бир қанча таклифлар берган, жумладан, ўт очишни тўхтатиш, Ғазо секторига гуманитар ёрдамни кучайтириш, вазиятни БМТ хавфсизлик кенгаши томонидан назорат қилиниши ва муаммога анъанавий ечим таклиф қилиш. Менимча, АҚШ заифлашгани туфайли Исроилни олдингидек қўллаб-қувватлай олмайди, чунки Украина масаласи ҳам улар учун катта муаммога айланган. Хитой можарога яхши ечим таклиф қилган, умуман олганда, Дональд Трамп даврида пойтахтнинг танланиши аслида ижобий юриш бўлган, бироқ бу охирига етмаган, чунки бу Фаластин учун ижобий ҳолат эмасди.
Ҳабибулло Азимов: I жаҳон урушидан кейин Фаластин ҳудудлари Британия мандати остида ривожланди. Ўша пайтларда Европада яшовчи яҳудийларнинг ўзларининг тарихий ватани деб этироф этадиган ҳудудларга қайтиш жараёни бошланган эди. Шунингдек, БМТда араблар учун мустақил Фаластин давлатини тузиш ва муқаддас Қуддусга статус бериш масаласи ҳам кун тартибида бўлган. Бироқ ҳудудлар Исроил назоратига ўтиб кетди, 1967 йилда араблар ва яҳудийлар ўртасида кечган урушда араблар шармандали мағлубиятга учради ҳамда Исроил Шарқий Қуддус, Синай яримороли ва Жўлон тепаликларини эгаллади. 1973 йилда эса араб коалицияси чиндан катта кучга айланган эди, бироқ Мисрнинг Синай яриморолининг қайтарилиши эвазига иттифоқни тарк этиши яна арабларнинг муваффақиятсизлигини таъминлади.
Шерзод Зиёев: 1995 йилда улар келишувга эришишлари мумкин эди, ҳатто бунга илк қадамлар ҳам ташланган, бироқ исроилликларда ички бўлиниш юзага келган ва келишувга эришмоқчи бўлган раҳнамо ўлдирилган. Шунингдек, келишувнинг амалга ошмаганининг яна бир сабаби араб дунёсида ҳам гесиёсий бўлинишлар мавжуд бўлганидир.
Ҳабибулло Азимов: Исроилликлар яҳудий бўлишига қарамай, уларда этник бўлинишлар мавжуд, узоқ йиллар давомида турли ҳудудларда яшаган яҳудийлар турлича мансубликларга эга. Осло келишуви жараёнларида Исоқ Рабин билан Йосир Арофат келишувга эришишлари мумкин бўлган, бироқ Исоқ Рабин радикал яҳудий томонидан отиб ўлдирилган.
— Хитойнинг Яқин Шарқдаги геостратегиясида можаронинг ҳал этиши нимани англатади?
Ҳабибулло Азимов: Хитой ҳозирда Яқин Шарқ минтақасидаги ўзаро можарога эга давлатларни яраштирувчи мамлакат ролини ўйнаяпти. Албатта, Хитой бу ишлардан ўзига керакли бўлган иқтисодий ва энергетик ресурсларга эга чиққан ҳолда ўзининг иқтисодий ва геосиёсий мақсадларини амалга оширишни кўзлаган. Шунинг учун, Хитой Исроил-Фаластин муаммосини ҳал этилишидан ниҳоятда манфаатдор.
— Хитойнинг Яқин Шарқдаги навбатдаги брокерлиги АҚШга альтернативми, фарқли ёндашув бўлиши мумкинми?
Шерзод Зиёев: Хитой ташқи сиёсатида Яқин Шарқ катта аҳамиятга эга. Араб давлатлари АҚШ билан тенг ҳуқуқли молиявий шартномаларга эга бўлиши мумкин, бироқ сиёсий масалаларда Хитойнинг овози баландроқ чиқяпти. АҚШда юз бераётган иқтисодий инқироз, Украина можароси, Россиянинг нисбатан заифлашиши ҳамда Туркиянинг ўз муаммоларига кўмилиб қолиши Хитойнинг имкониятларини оширди. Мазкур можаронинг эътибордан четда қолиши унинг катталашишига олиб келди. Ҳозирда Исроил амалга оширган ҳаракатлар халқаро жиноят сифатида эътироф этилиши ва унинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, Хитой вазиятдан унумли фойдаланиши ҳам мумкин.
Ҳабибулло Азимов: Аслида, Хитой бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмайди, Исроил-Фаластин можаросига эса шунчаки уларни яраштирувчи воситачи бўлиш учун аралашди. Яқин Шарқ АҚШ учун ниҳоятда муҳим минтақа. Унинг ҳудуддаги асосий вазифаси Исроил хавфсизлигини таъминлаш ва Хитойнинг можарога аралашуви АҚШнинг ўйиндан чиққанини англатмайди. Дональд Трамп Фаластин учун "Аср режаси" дастурини ишлаб чиққан эди, бироқ уни амалга ошириш учун вақт етмади. Фаластин озодлик ташкилотидан фарқли ўлароқ Ғазо сеторидаги "Хамас" бу дастурни рад этган. Унга кўра, Фаластинда мудофаа кучлари бўлмайди ва уларни исроилликлар қўриқлайди. Шунингдек, лойиҳа Фаластинни ривожлантириш учун йўналтирилган катта миқдордаги молиявий пакетларни ҳам ўз ичига оларди.
— Агар бу лойиҳа амалга ошганида "Хамас"нинг тақдири қандай кечарди ва фаластинликларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланар эди?
Шерзод Зиёев: "Хамас" ҳамма томонидан ҳам экстремистик ташкилот сифатида тан олинмаган, уни қўллаб-қувватлайдиган давлатлар ҳам мавжуд. "Хамас" сақланиб қолиши учун у демократик талабларга жавоб бериши керак, умуман олганда, озодлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, озодликка интилиш Версал шартномаси иловасида ва инсон ҳуқуқлари декларациясида оқланган, бироқ унинг ҳаракатни амалга ошириш механизми салбий баҳоланиши мумкин.
— Мазкур лойиҳага Исроилнинг муносабати қандай бўлган?
Ҳабибулло Азимов: Дастур аввало Исроилнинг суверенитетини мустаҳкамлаган бўларди, яъни фаластинликлар қуролларини топширган бўларди ва енгил қуролланган халқ полицияси билан кифояланарди. Бу дастур Исроилнинг қўшни давлатлар билан муносабатларини яхшилашига имконият берган бўларди, чунки у минтақада яккаланиб қолишни истамайди. Муқаддас ҳудудлар масаласида эса умумийлик мавжуд, яъни у ердаги муқаддас жойлар тарихан олиб қараганда, барча учун умумий муқаддас ҳудудлар ҳисобланади. Уларни томонларга бўлиб беришнинг имкони мавжуд эмас.
— Исроил-Фаластин тинчлик сулҳи да муҳим нуқталар нима, можарони музлатиш имкони борми?
Шерзод Зиёев: Дональд Трамп уларга ташқи сиёсатда ноҳарбий воситалардан фойдаланишни таклиф қилган эди. Масалан, у президентликка қайта сайланса, Украина можаросини қисқа муддатда ҳал қилишини айтяпти ва баъзилар бунга ишоняпти. Суверенитет нафақат тан олинишни, балки амалиётни ҳам англатади. Ўзбекистон Исроил билан ҳам, Фаластин билан ҳам тенг алоқаларни ўрната олган. Халқаро даражада тан олиниш масаласи хавфсизлик, демократик институтлар фаолияти ва бошқа талаблар билан боғлиқ.
Ҳабибулло Азимов: Хитой ва Дональд Трамп берган таклифларни солиштирсак, Хитойнинг таклифи фаластинликлар учун фойдалироқ ва шунинг учун ҳам бу таклифни исроилликлар қабул қилиши масаласи кўндаланг турибди. Трамп лойиҳасига кўра, Фаластин маълум бир ҳаракатлари чекланган мухтор вилоят сифатида қолиши мумкин эди.
Шерзод Зиёев: Хитой ички сиёсий масалларни кўтармаслиги мумкин, лекин бунинг гуманитар томони бор, ҳалқаро гуманитар вазиятнинг ёмонлашуви ҳам ҳисобга олиниши керак. Мазкур масала халқаро миқёсда муҳокама қилинса ва Ғазо секторига гуманитар ёрдам кучайтирилса, анча яхши бўларди. Ҳозирда ҳатто Жо Байден ҳам келишувга эришилишига қаршилик билдираётгани йўқ бироқ буни сенат ва бошқалар қўллаб-қувватлаши керак. Сиёсий режим масалалари кейин ҳам муҳокама қилинса, бўлади, энг асосий мумаммо слуҳ тузилиши. Шунингдек, масаланинг ҳуқуқий томонларини ҳам муҳокама қилиш керак, лекин ҳали бу ҳақда ҳеч ким ўйламаяпти.
- Тўлиқ интервьюни видеошаклида томоша қилинг.
Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:12 / 04.04.2026
Хитой ва Покистон Эрон урушида воситачи бўлмоқчи. Улар нимани таклиф қилди?
11:01 / 04.04.2026
AI ва болалар: Хитой хавфли технологияларга чек қўймоқда
07:35 / 04.04.2026
Рейтинг: Хитой сўнгги 20 йилда энг кўп қаерга сармоя киритди?
15:33 / 03.04.2026