Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
AI ва болалар: Хитой хавфли технологияларга чек қўймоқда
Хитой сунъий интеллект соҳасида назоратни янада кучайтириш йўлида янги қоидаларни таклиф қилди. Мамлакатнинг кибермаконни назорат қилувчи асосий идораси — Cyberspace Administration of China томонидан эълон қилинган лойиҳа “рақамли одамлар” (digital humans) фаолиятини тартибга солишга қаратилган.
Янги қоидаларга кўра, интернетдаги барча виртуал инсонлар ёки AI-аватарлар аниқ белгилаб қўйилиши шарт. Бу орқали фойдаланувчилар реал инсон билан эмас, сунъий интеллект билан мулоқот қилаётганини тушуниши керак.
Шунингдек, 18 ёшгача бўлганлар учун “виртуал яқин муносабатлар”ни тақлид қилувчи хизматлар тақиқланиши режалаштирилмоқда. Бу чора болаларда AI’га эмоционал боғланиш ва қарамликни олдини олишга қаратилган.
Қоидаларда яна бир муҳим талаб — инсоннинг шахсий маълумотларидан унинг розилигисиз “рақамли нусха” яратиш тақиқланади. Шу билан бирга, AI технологияларидан шахсни тасдиқлаш тизимларини четлаб ўтиш учун фойдаланиш ҳам ман этилади.
Бундан ташқари, сунъий интеллект орқали тарқатиладиган контент ҳам қатъий назоратга олинади. Миллий хавфсизликка таҳдид солувчи, зўравонлик ёки нафратни тарғиб қилувчи материаллар тақиқланади. Платформалар эса фойдаланувчиларда руҳий муаммолар ёки ўзини зарарлаш аломатлари кузатилса, аралашиши ва ёрдам кўрсатиши керак бўлади.
Мутахассисларга кўра, бу қадам Хитойнинг сунъий интеллектни кенг жорий қилиш билан бирга уни қаттиқ назорат остида сақлаш сиёсатини акс эттиради. Мамлакат яқинда қабул қилган беш йиллик стратегиясида AI иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бири сифатида белгиланган.
Янги қоидалар ҳозирча жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, улар 6 майгача таклиф ва фикрлар учун очиқ қолади.
Мавзуга оид
14:14 / 12.06.2026
Канада ҳам болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи
12:53 / 11.06.2026
Машинада унутиб қолдирилган боғча боласи димиқиб вафот этди. Бу Қашқадарёда бир йил ичидаги иккинчи шундай ҳодиса
10:00 / 09.06.2026
Энг яхши AI стартаплар Президент соврини учун курашади
22:12 / 06.06.2026